Албатта ҳукм Аллоҳникидур Сиёсий сақофий таҳлилий
сайт

 

 

Якун


«Аллоҳ йўлида озорланмоқ неъматдир. Неъматки, унинг мазасини татиб кўрган одамгина била олади». Рашид шундай гап хаёлига келганидан қанчалик ҳузурланса, унинг мазмунидан ҳам ўшанчалик ором олди. Таҳорат қилиб, шукрона намозини ўқимоқчи бўлди, ўрнидан туришга уринди. Оғриқнинг зўридан қўзғалишнинг иложи йўқ эди. ИИВнинг подвалида ҳам, зоналарда ҳам ҳар доим дўппосланганидан кейин шундай бўларди. Ўтирибми, турибми, ётибми, хуллас, маълум бир ҳолатда ҳаракатсиз узоқроқ қолиб кетса, бошқа ҳолатга ўтиш ўта оғриқли кечарди. Бир амаллаб ўрнидан турди. Аслида, тиббий нуқтаи назардан унинг туриши мумкин эмасди. Аммо руҳий кўтаринкилик таъсирида гоҳида жисмоний мўъжизалар рўй бераркан. Таҳорат олиб, намоз бошлади. У ва Яратувчи! Яратувчи ва у! Нақадар ҳузур! Нақадар ором! Нақадар лаззат! Пайғамбар с.а.в.нинг намозни хушбўй ҳид ва аёл билан бир қаторга қўйганларини воқеан ҳис қилди. Ҳа, хушбўй ҳид ҳам, аёл висоли ҳам дунё ташвишларини битта ҳам қолдирмасдан миядан суғириб олади. Намознинг дунёвий лаззати ҳам шундай. Миллионларча, миллиардларча - беқиёс даражада арзимас ўткинчи дунёвий лаззатки шундай экан, туганмас, мангу ухровий лаззат қандай бўларкин?! О, Тангрим, бир умрлик узлуксиз қийноқ бир сониялик қудратингдан ҳайратланиш лаззатига арзирмикан?!


Эшик шарақлаб очилди. Ҳиссиз, ўйсиз, руҳан жонсиз одам қиёфасидаги икки махлуқ кириб келиб, Рашидни судраб олиб чиқиб кетишди. Борган жойларида яна ўшаларга ўхшаш бошқа бир неча махлуқлар уларни кутиб турарди. Спиртли ва бошқа ичимликлар ичиб ваҳшийлашган бу нусхалар тек ташлаб қўйилганда ҳам бироз муддатдан сўнг жон таслим қилиши мумкин бўлган Рашидни аёвсиз дўппослай бошладилар. Муштлар, тепкилар, таёқлар ёмғири остидаги Рашид гоҳ ҳушидан кетар, гоҳ ҳушига келарди. Улардан бирининг:
- Шу тилинг сени ейди, шундай дўппослайликки, туққан онанг ҳам танимай қолсин, - дегани қулоғига чалиниб, Расул ўқиб берган тўртлик хаёлидан ўтди:
Кимнингдир орзуси - ўлмоқлик кўркам,
Майитнинг ҳуснини қилади ҳавас,
Тилка-пора бўлиб нимталансам ҳам
Раббим, деб, ўлсам бас, қолгани абас!
... ва ҳушидан кетди. Яна ўша оппоқ либосли мўйсафидлар, уни нима биландир қутлаётган нурли чеҳралар: «Муборак бўлсин, бўтам, маррага етиб келдинг!»

 

28-бет

Бетлар: 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29