Ҳижрат – Ислом давлати барпо бўлган кундир

3100
0

Ҳижрат – Ислом давлати барпо бўлган кундир

Бугун ҳижрий 1445 йилнинг биринчи кунидир. Бу кун Аллоҳ Таолонинг мўминларга илтифот қилган кунларидан бири бўлиб, биз уни доимо эсда тутамиз ва мусулмонларга ҳам эслатамиз. Шоядки, бу эслатма уларга манфаат етказиб, ҳаётларида шундай кунни барпо қилиш учун фаолият қилишга ундаса, ажаб эмас.

Дарҳақиқат, кунлар айланиб, янгиланиб туради.  Ҳижрат қилиш куни Ислом тарихида ажратиш куни ҳисобланади. У кунда Аллоҳ Таоло даъватдаги икки босқичнинг ўртасини ажратди, яъни заиф бўлиш, озчилик ва хавфсираш босқичи билан, Аллоҳ Субҳанаҳу Ислом Давлати орқали мусулмонларга бошпана берган ва уларга ҳалол ризқ эшикларини очиб бериш ўртасини ажратди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло шундай деди:

وَاذْكُرُوا إِذْ أَنْتُمْ قَلِيلٌ مُسْتَضْعَفُونَ فِي الْأَرْضِ تَخَافُونَ أَنْ يَتَخَطَّفَكُمْ النَّاسُ فَآوَاكُمْ وَأَيَّدَكُمْ بِنَصْرِهِ وَرَزَقَكُمْ مِنْ الطَّيِّبَاتِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

“Ва сизлар ерда (яъни, Маккада) озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз! [8:26]

Бу куннинг нечоғлик қадрли эканлиги, унинг маъноси ва далолатларини саййидимиз Умар t ўзининг нодир ва юксак онги билан жуда яхши билганлиги учун ана шу кунни йилларнинг бошланиш йили қилиб қайд этди. Шунинг учун у киши: «Ҳижрат ҳақ билан ботилнинг ўртасини ажратиб юборди, бас, тарихни ана шу ҳижратдан бошланглар», деди. Ҳақиқатдан ҳам, халифа қилиш куни орқали Аллоҳ ҳақ билан ботилнинг ўртасини ажратиб берди. Ўшанда мусулмонлар худди бугунги кундаги ҳолатлари каби хорланган, ночор ҳолатда яшаётган эди.

Пайғамбаримиз ﷺнинг сиратини ўрганиб чиққан киши ўша даврда моддий жиҳатдан ғалабадан умид йўқлигига гувоҳ бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ ва У Зотнинг саҳобалари Маккада охирги кунгача зулм остида яшадилар. Пайғамбаримиз ﷺни ҳижрат қилаётганларида кофирлар У Зотни ўлдирмоқчи бўлганликлари мусулмонлар аҳволининг қанчалик оғир бўлганини яққол кўрсатиб турибди. Одамлар чор тарафдан динсизлик, зўравонлик ва қуллик қуршовида қолганлиги сабабли нажотдан умидини узган ва ҳукмрон режимларнинг зулми кучайган давр эди. Шунга қарамай, Аллоҳ Таолонинг оятлари мўминларга ғайрат, қалбларига хотиржамлик, дилларига завқ бағишларди. Шунингдек, ёруғ кунлар яқинлашиб қолганидан, кофирлар истамасалар ҳам, Исломнинг ғалабасидан башорат бериб турар эди. Даъватни кўтариб чиққанлар мана шундай оғир ҳолатларни бошдан кечирдилар ва машаққатларга сабр қилдилар. Чунки улар Аллоҳнинг ёруғ кунлари яқин эканлигига қатъий ишонишар эди.

Бугунги кундаги мусулмонлар ҳам ўтмишдаги саҳобалар ҳис қилган нарсани ҳис қиладилар. Чунки даъват босим остида қолган, даъватни кўтариб чиқаётганлар ўз ҳаётларини қувғинлар, туҳматлар, қийноқлар билан ўтказмоқдалар, гоҳида ўлим билан ниҳояланмоқда. Шу жиҳатдан бугунги ва ўтмишдаги даъватчиларнинг ҳолатлари бир-бирига жуда ўхшашдир.

Бироқ, ҳижратдан кейин мусулмонлар Ислом байроғи остида бирлашиб, кучларини бир жойга тўпладилар, хорликдан кейин азиз кишиларга, мағлубиятдан кейин ғолибларга айландилар. Зеро ҳижрат, давлат қоим бўлиши учун, ер юзида қонунлар ўрнатиш учун, адолат билан ҳукм юритиш учун, барча мусулмонларнинг бир қалқон остида яшаши учун, тавҳид калимасини дунёнинг тўрт бурчагига ёйиш учун ва дорул куфрни дорул Исломга айлантириш учун муборак юриш бўлган эди!

Росулуллоҳ ﷺ Маккадаги ўн уч йиллик даъватлари давомида ушбу давлатни барпо этишга ҳаракат қилдилар, кўплаб араб қабилаларини зиёрат қилдилар ва улардан нусрат талаб қилдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ Таолонинг раҳмати билан нусрат талабини Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилалари қабул қилишди. Уларнинг қўли билан илк мусулмон давлати барпо этилди ва янги давр бошланди.

Аллоҳ Таоло ҳижратни “Нусрат куни” деб атади. Бу кунда Аллоҳ Таоло Росулуллоҳ ﷺ ва У Зотнинг дўстларини ҳимоя қилди ва Ўзининг нусрати билан уларга ҳамроҳ бўлди. Бу куннинг натижасида кофирларнинг сўзларини тубан, иймон келтирган зотларнинг сўзини эса олий қилиш бўлди. Шунинг учун кофирлар ҳижрат кунига қарши қўлидан келган ҳийла-найрангларини ишга солишди. Бугунги кунда ҳам кофирларнинг аҳволи худди шундай. Чунки Ғарб давлатлари ва уларга малай бўлган ҳокимлар бу куннинг ўзлари учун нечоғли хатарли эканлигини жуда яхши билишади. Шунинг учун улар Ислом ва даъватчиларга қарши зўравонлик ва шафқатсиз чоралар кўришда илгариги кофирлардан асло қолишмайдилар. Лекин, кеча мўминларни Ўз ҳифзу-ҳимоясида сақлаб, нусрат берган Аллоҳ бугунги кунда ҳам даъватни кўтариб чиқувчиларни – агар амонатни маҳкам тутсалар – Ўз ҳифзу-ҳимоясида сақлаб, нусрат бериши шубҳасиздир. Аллоҳ Таоло шундай деди:

وَكَانَ حَقًّا عَلَيْنَا نَصْرُ الْمُؤْمِنِينَ

–“Ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамизга ҳақ бўлгандир”.  [30:47]

Ҳа, ҳижрат куни мусулмонлар ўзларининг устига зўравонлик билан юкланган куфр диёридан, тинч-осойишта бўладиган, номуслари ҳимоя қилинадиган, улардан куфр зулми олиб ташланадиган Ислом диёрига кўчиб ўтадилар. Шунинг учун мусулмонларга динни қоим қилиш, Исломий ҳаётни барпо қилиб, Аллоҳнинг калимасини олий қилишнинг шаръий тариқати ҳисобланган Халифаликни бино қилиш йўли орқали Ислом диёрини барпо қилишга қаттиқ ҳаракат қилмоқлари вожибдир. Росулуллоҳ ﷺнинг йўлидан юрган ҳар бир киши Азиз, Ҳаким бўлган Аллоҳнинг изни билан ана шу кунга етиб боради. Аллоҳдан амал қилаётган мусулмонларни шу динга ёрдам беришга ва ана шу ҳижрат кунига етишга муваффақ қилишини сўраб қоламиз. Аллоҳ Таоло шундай деди:

إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرًا

“Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир. (Унинг хоҳишига қарши тургувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир”.     [65:3]

Мумтоз Маверанаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here