Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари саммитидан кўзланган мақсад

2880
0

Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари саммитидан кўзланган мақсад

19 июл куни Марказий Осиё ва кўрфаз араб давлатлари раҳбарлари иштирокида биринчи саммит бўлиб ўтди. Саммитга Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон раислик қилди. Саммит натижалари бўйича давлат раҳбарлари ва делегациялар қўшма баёнот қабул қилишди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров учрашув чоғида сўзлаган нутқида турли соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни фаол ривожлантиришни таклиф қилди.

“Минтақавий ва минтақалараро интеграция келажакка нисбатан умумий қарашимизнинг асосий элементидир. Қирғизистон Марказий Осиё мамлакатлари интеграциясини изчил ва ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдоридир. Қирғизистон ҳар қандай зиддиятларни умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва нормалари асосида сиёсий-дипломатик воситалар орқали музокаралар билангина ҳал қилиш керак деган фикрни қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидламоқчиман”, — деди Жапаров. У сўзини давом эттирар экан, кўрфаз давлатларини “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли ва Қамбар-Ота-1 ГЭСининг қурилиш лойиҳасида иштирок этишга таклиф қилди.

Маълумки, охирги пайтларда C5+1 форматидаги саммитлар сони ортиб бормоқда. Улардан биринчиси 2015 йилда АҚШ ва Марказий Осиё ўртасида ташкил этилган эди. Америка C5+1 саммитлари орқали терроризмга қарши кураш, бизнес рақобати, транспорт коридорини яратиш, энергетика ва минтақавий ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилиб келади. Америка бу лойиҳалар орқали минтақани Россия таъсиридан узоқлаштиришга ва Хитойга қарши туришга ҳаракат қилади. Бироқ Американинг минтақадаги имкониятлари чекланганлиги сабабли C5+1 форматида Ҳиндистон ва Япония саммитлари ҳам ташкил этилди. Маълумки, АҚШ Хитой таъсирига қарши Япония ва Ҳиндистондан самарали фойдаланиб келади. Яъни, C5+1 форматидаги Ҳиндистон ва Япония саммитлари уларнинг иқтисодий манфаатларига хизмат қилса-да, умуман олганда, Американинг минтақадаги Хитойга қарши сиёсатига мос равишда олиб борилади.

Бундан ташқари, 2019 йилда Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича янги стратегия қабул қилди. Ушбу стратегия доирасида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити ташкил этилди. Европа Иттифоқининг стратегияси минтақага сармоя киритиш орқали иқтисодий таъсирни кучайтиришдан тортиб, талабаларни ўқитиш ва тажриба алмашиш баҳонасида ўз кадрларини тайёрлашгача бўлган ишларни кўзда тутади. Ҳозирча Марказий Осиё мамлакатларида Европа Иттифоқининг сиёсий таъсири заиф бўлганлиги сабабли, минтақани умумий Ғарб манфаатлари доирасида Россия таъсиридан узоқлаштиришга ва Хитой таъсирининг кириб келишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Европа етакчиларининг расмий учрашувлардаги нутқлари ҳам шундан далолат беради. Масалан, Германия канцлери Штайнмаер шундай деди: “Катта можаролар ва зўравон қўшнилардан қўрқманг. Биз сизни уларнинг олдида ёлғиз ташлаб қўймаймиз. Биз сиз билан биргамиз, бизга ишонишингиз ва таянишингиз мумкин”.

Бунга муқобил равишда, Россия минтақадаги таъсирини сақлаб қолиш учун ўтган йили “C5-Россия” саммитини ташкил қилган эди. У расмий равишда Қозоғистонда бўлиб ўтди ва унда Россия ва Марказий Осиёнинг бешта давлати президентлари иштирок этди. Россия бу платформа орқали, асосан Ғарбнинг минтақада кучайиб бораётган таъсирига қарши туришга ҳаракат қилади. Бироқ Хитойнинг минтақада кучайиб бораётган таъсирига қарши курашишга ожизлиги учун у билан музокара олиб боришга мажбур. Буни Хитой раҳбарининг Россияга расмий ташрифи чоғидаги баёнотлари ҳам тасдиқлаб турибди. “Ташқи кучларнинг Марказий Осиё мамлакатларига суқулиб киришга ва “рангли инқилоб”ни тиқиштириш ҳаракатларига Россия ва Хитой йўл қўймайди”, дейилади Си ва Путин берган қўшма баёнотда. Минтақа давлатларининг Хитой билан бўлган муносабатлари ҳам, Россия минтақадаги ўз таъсирини қўлдан бой бериб, уни Хитойга олдириб қўяётганидан дарак беради. Хусусан, май ойида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммити бу муносабатларни янги босқичга кўтарди. Саммит олдидан Марказий Осиё давлатлари президентларининг Хитойга давлат ташрифлари ҳам ташкил этилди. Натижада Хитой Марказий Осиёга жами 3,8 миллиард доллар молиявий ёрдам ва қайтарилмайдиган кредитлар ажратишини маълум қилди. Минтақага киритган Хитой сармоясининг умумий ҳажми 2022 йилнинг охиригача 70,2 миллиард долларга етди. Айни пайтда, 2023 йилнинг дастлабки икки ойида минтақанинг Хитой билан савдо айланмаси 22 фоизга ошди. 2022 йилда Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги тижорат ҳажми 33 фоизга ошиб, 31 миллиард долларни ташкил қилди. Давлат ташрифи доирасида Қозоғистон Хитой билан 22 миллиард долларлик шартнома имзолади. Бу масалада Қозоғистондан кейин Туркманистон туради. Туркманистон билан Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш 2022 йилда 52 фоизга кўтарилиб, 11,2 миллиард долларни ташкил етди. Бунинг асосий қисмини туркман газининг экспорти ташкил этади. Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи чоғида 25 миллиард долларлик шартнома тузилди. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,9 миллиард доллардан ошган эди. Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ўтган йили Хитой билан товар айирбошлаш ҳажми 35,8 фоизга юксалиб 4,1 миллиард доллардан ошган. Аммо Хитой божхона хизмати ўтган йили бу кўрсаткич 15,5 миллиард долларга етганлигини маълум қилди. Тожикистон ва Хитой ўртасида товар айирбошлаш ҳажми эса, ўтган йили 2,6 миллиард долларни ташкил этди. Шундай қилиб минтақанинг Хитой билан умумий савдо айирбошлаш ҳажми қарийб 60 миллиард долларга етди. Айни пайтда Марказий Осиёнинг барча давлатлари Хитойдан миллиардлаб доллар қарздор. Улар орасида Қозоғистон тўққиз миллиард қарзи билан биринчи ўринда туради. Расмий Тошкентнинг Пекиндан тўрт миллиард доллар қарзи бор. Қирғизистоннинг Хитойдан олган қарзи 1,78 миллиард долларни ташкил этади. Тожикистоннинг қарзи эса, бир миллиард долларга яқинлашиб қолди. Айни пайтда Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги савдо алоқалари ўтган йили 40 миллиард долларга етган. Бу Россияга санкциялар жорий этган Ғарбдан Марказий Осиё орқали товарлар савдоси 300 фоизга ошганидан кейинги кўрсаткичдир.

Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг кучайиб бораётгани Ғарбни хавотирга солиши шубҳасиздир. Шу боис минтақа бутунлай Хитой таъсирига тушиб қолмаслиги учун Ғарб билвосита ўз малайларини ишга солмоқда. “Марказий Осиё – Форс кўрфази давлатлари” саммити мана шу манфаатдан келиб чиқиб ташкил этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Хитойнинг Марказий Осиёдаги таъсирига қарши Форс кўрфази давлатларининг иқтисодий имкониятларидан фойдаланиш мақсад қилинган. Бу саммитни Америка манфаатлари доирасида тузилган “Турк давлатлари ташкилоти”га қиёслаш мумкин. Бу ташкилотнинг ҳам асосий мақсади туркий халқларни бирлаштириш ва Россиянинг Ўрта Осиёдаги таъсирини зайифлаштиришдир.

          Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда капитализм ҳукмронлик қилаётган дунёдаги босқинчи давлатлар қайси минтақада бўшлиқ вужудга келса, оч қолган итлар каби ўша жойга етиб боришмоқда. Ҳозирги пайтда бундай бўшлиқ Марказий Осиёда кузатилиши ва бу минтақанинг стратегик аҳамияти босқинчи давлатларни ушбу минтақада ўз таъсирини кенгайтиришга ундамоқда. Демак,Украина инқирозидан сўнг таъсир талашиш доираси Марказий Осиёга ўтаётгани сир эмас. Яқинда бўлиб ўтган сиёсий воқеалар, Марказий Осиё етакчилари ва йирик давлатлар ўртасидаги саммитлар шундан далолат бермоқда. Зеро, капитализмнинг дунёқараши “чексиз истак – чекланган ресурс” назариясига асосланади. Биз мусулмонлар фойдага асосланган ва зулм устига қурилган капиталистик тузумдан воз кечиб, ўз Исломимизга юзланмагунимизча, мустамлакачиларнинг ҳукмронлиги устимизда давом этаверади. Шундай экан, нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё мусулмонларини бу хорликдан қутқарадиган Халифалик давлатини барпо этиш орқали бу зулмни тўхтатишга ҳаракат қилишимиз лозимдир!

Туркистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here