Литвада бўлиб ўтган НАТО саммити ва унинг натижалари

1932
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Литвада бўлиб ўтган НАТО саммити ва унинг натижалари

Савол:

Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО)га аъзо давлатлар Россия чегарасида жойлашган Болтиқбўйи давлатлардан бири Литвада 2023 йил 12 июл куни ўз саммитини ўтказди. Савол шуки, ушбу саммитдан нималар келиб чиқди? Нега Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш талаби рад этилди? Украина уруши воқеалари қаерга олиб боради?

Жавоб:

Ушбу саволлар жавоби тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

  • НАТОнинг якуний баёнотида баъзилари Украина-Россия уруши билан боғлиқ, яна баъзилари бошқа масалалар билан боғлиқ 90га яқин банд қайд этилди. Бу якуний баёнот хусусан Американинг, умуман олганда Ғарбнинг дунёдаги гегемонлиги ва нуфузи билан боғлиқ барча халқаро масалаларнинг тўлиқ баёни бўлди. Унда, шунингдек, Россия, Украинадаги уруш, Хитой, Ҳинд ва Тинч океани минтақаси ва у ердаги давлатларга тааллуқли ҳамда Европа Иттифоқи, Яқин Шарқ, Эрон, Ироқ, Иордания ва Африка муносабатларига оид бандлар қайд этилган. Баёнотда Ғарбнинг такаббурлиги, глобал ҳукмронлиги, бутун дунёда ўз етакчилигини жорий қилаётгани ҳамда бошқаларга таҳдид қилиб, ўз гегемонлигини ўрнатишга уринаётгани аниқ кўриниб турибди. Шу билан бирга, Америка етакчилигидаги Ғарб гегемонлигини, аниқроғи, НАТО номи остида Америка гегемонлигини таъминлаш учун режалар ишлаб чиқилган. Америка НАТОда катта муваффақиятга эришганидан, тўғрироғи, ўз гегемонлигини НАТО давлатлари, жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари устидан ўрнатганидан боши осмонга етмоқда. У Финляндия ва Швецияни ўз ичига олган ҳудудларгача кенгайтириш билан НАТОни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Бу, албатта, Эрдоган етакчилигидаги Туркия томонидан Финляндия ва Швециянинг аъзолиги маъқулланганидан кейин амалга ошмоқда. Бу ишлар Франция бошчилигидаги Европанинг АҚШ гегемонлигидан қутулиш ҳамда АҚШга итоаткор бўлиб қолган Европа Иттифоқининг қудратини кучайтирувчи мустақил Европа армиясини бино этиш уринишларига қақшатқич зарба бўлди. Буларнинг барчаси Франция президенти Макрон 2019 йил ноябр ойида НАТОни «клиник жиҳатдан ўлган», дея таърифлаб, Европани ўзининг мустақил армиясига эга бўлишга чақирганидан кейин содир бўляпти… Чунки бу нарса Американи ғазаблантириб, уни зўр бериб НАТОни кучайтиришга ундади. Кейин Украина уруши бошланиб, Европанинг АҚШ қаноти, гегемонлиги ва такаббурлиги остидан чиқиб кетишини олдини олишда Америка учун олтин фурсат юзага келди.
  • Украинага келсак, Америка унинг НАТОга аъзо бўлишини ҳозирча қабул қилгани йўқ. АҚШ президенти Байден саммит якунида «НАТО етакчилари Украинанинг урушдан кейин аъзо бўлишига келишиб олдилар», деб айтди. (Би-Би-Си, 2023 йил 12 июл). АҚШ давлат департаменти матбуот котибаси Элизабет Стикни эса «Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ҳозирда мумкин эмас. Бу масала уруш пайтида муҳокама қилинмайди. Вашингтоннинг НАТО саммитидаги устувор йўналиши Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришни ўз ичига олади», деди. (Скай-Ньюс ва Ал-Жазира, 2023 йил 11 июл). НАТО етакчилари томонидан маъқулланган якуний баёнотда бундай сўзлар келади: «Украина келажаги НАТОда… Украинанинг Евроатлантикага қўшилиши «аъзолик ҳаракат режаси», деган зарурият-шартдан ўтиб олди»… Унда яна бундай дейилади: «Иттифоқчилар келишган ва шартлар бажарилган пайтда, Украинани НАТО аъзолигига таклиф қиламиз». (Ал-Жазира нет, 2023 йил 11 июл)…

НАТО раҳбарлари Украинани НАТО аъзолигига таклиф қилишмади ёки НАТОга аъзо бўлиш графигини ҳам эълон қилишмади. Фақат НАТОга аъзо бўлиш учун давлатлар бажариши керак бўлган «Аъзолик ҳаракат режаси», деб аталмиш талабнинг Украинага кераги йўқлигини айтиб, НАТОга қўшилиши олдидаги тўсиқни амалда олиб ташлашди. Бошқача айтганда, Украина уруш тугаши билан НАТОга аъзо бўлади. Эҳтимол, вазият ўзгариб, НАТО давлатлари Украинани аъзо қилишга мажбур бўлиб қолишлари, тўғрироғи, ундаги қарор соҳиби бўлган Американинг позицияси ўзгариб, Украинанинг НАТОга аъзо бўлганини эълон қилиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, Россиянинг Украинага уруш эълон қилиш борасида қилган барча ҳисоб-китоблари беҳуда кетган бўлади.

  • Американинг позицияси Украина президенти Зеленскийни ғазаблантирди. Шунинг учун якуний баёнот мазмуни билан танишганида, конференцияда иштирок этишдан олдин твиттерда бундай сўзларни ёзди: «Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш вақтини белгиламаслик мисли кўрилмаган бемаънилик ва мантиқсизликдир. Аниқлик йўқлиги заифлик ҳисобланади. Зеро, аниқ бир келишилган вақтни белгиламаслик мамлакат аъзолиги охир оқибат савдолашиш воситасига айланиши мумкинлигини англатади». Якуний баёнотлар дастлаб қарор соҳиби томонидан тайёрланади. Кейин саммит ва конференцияларда муҳокама қилиниб, керакли ўзгартиришлар киритилади ёки ўшандай тасдиқланади. Зеленскийнинг импулсив ҳаракатларидан ғазабланган АҚШ делегацияси аъзолари уни ўзини босишга, ваъда қилинган хавфсизлик ёрдамларини қабул қилишга ундашди. Шундан сўнг Украина президенти Зеленский тинчланиб, «НАТО Украина хавфсизлигини таъминлайди, Украина эса НАТОни янада кучли қилади», дея баёнотини ўзгартирди. (Би-Би-Си, 2023 йил 12 июл). Маълумки, НАТО келажакда Украинани НАТОга аъзо қилишга ҳаракат қилиш мажбуриятини 2008 йилда эълон қилган эди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг «НАТО иттифоқчилари томонидан Украинани аъзо қилиш вақтининг белгиланмагани Украина президенти Зеленскийни безовта қилди», деди. Аммо «НАТОнинг Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаб», «НАТО аъзоларининг Россияга қарши туриш ва Киевни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун кенг қамровли мудофаа пакети бўйича келишиб олганликлари»ни билдирди. (Ал-Жазира, 2023 йил 11 июл).

Америка Украинани НАТОга аъзо қилишдан ҳозирча бош тортди. Чунки у тўғридан-тўғри урушга киришишни ва у ерга ўз аскарларини юборишни истамаяпти. Зеро, НАТО 1949 йил 4 апрелда ташкил этилган пайтда, ундаги Вашингтон ҳужжатининг 5-моддасида НАТОнинг ҳар қандай аъзосига қилинган тажовуз барча аъзоларга қилинган тажовуз экани айтилган. Шундай қилиб, Америка рус ва украиналиклар ўлдирилиши учун Украинага ҳарбий ускуна ва қурол-яроғлар юбориб, Россияни мағлуб этишни, сўнг Украинани НАТОга аъзо қилиб, АҚШ қўшинларини у ерга олиб киришни, кейин эса Россия пойтахти Москва яқинида ўз ҳарбий базаларини қуришни хоҳлаяпти.

  • Кўпгина оммавий ахборот воситалари томонидан нашр қилинган ва баъзилари тафсилот ва бандларини ҳам қўшиб нашр қилган айни баёнотда «Иттифоқчилар Россия томонидан қилинаётган таҳдидларни бартараф этиш учун яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этишлари, Россия НАТО иттифоқчилари хавфсизлиги ва Евро-Атлантика минтақасидаги тинчлик учун энг катта таҳдид экани» таъкидланди. Унинг 34-бандида бундай дейилган: «Хавфсизлик вазиятининг тубдан ўзгарганига жавобан, биз алянснинг барча йўналишдаги таҳдидларга қарши жамоавий мудофаасини кучайтирмоқдамиз. 2014 йилдан (Россия Қримни аннексия қилиб, Украина шарқида ўз сафарбарлигини мустаҳкамлаган) пайтдан бери, айниқса, Мадрид-2022 саммитида биз ўз позициямизни мустаҳкамлаш ва тезлаштирилган ҳарбий мослашувнинг аниқ йўлини белгилаш бўйича қарорлар қабул қилдик. Бугун биз НАТОнинг жиловлаш ва мудофаа позициясини барча соҳаларда янада мустаҳкамлаш бўйича, жумладан, биринчи линиядаги мудофаани кучайтириш ҳамда Алянснинг таҳдидга учраган ҳар қандай иттифоқчисини тезда кучайтириш қобилиятини ошириш бўйича муҳим чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдик. Биз ушбу чора-тадбирларни тўлиқ амалга оширамиз ва ҳар қандай эҳтимолли рақибни босқинчилик имкониятларидан маҳрум қиламиз». 2022 йил июн ойида Мадридда бўлиб ўтган НАТО саммитида НАТОнинг янги стратегик консепцияси ҳужжати эълон қилинган эди. Унда Россия иттифоқчилар хавфсизлигига энг катта ва тўғридан-тўғри таҳдид сифатида баҳоланган. Хитой эса бундай деб ҳисобланмаган бўлса-да, бироқ, Алянс манфаатлари ва қадриятларига нисбатан таҳдид, деб кўрилган. Якуний баёнотда «Россия Украинада содир бўлаётган барча ҳодисалардан ҳамда Европа ва дунёнинг бошқа ерларида хавфсизлик ва тинчликка рахна солаётган таҳдиддан жавобгар» дейилган. Унда, шунингдек, «Россия турли соҳаларда сафарбарлигини ва Болтиқ денгизи, Қора денгиз ва Оқ денгиздаги сафарбарлигини кучайтириб, Шимолий Қутбда катта ҳарбий салоҳиятни сақлаб қолмоқда», дея таъкидланади. Сўнг «НАТО чегаралари яқинида провокацион ҳаракатларни амалга ошириш, Алянс давлатларини огоҳлантирмасдан кенг кўламли манёврлар ўтказиш ва НАТОнинг жанубий қўшниси, айниқса, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Соҳил минтақасида кескинликни кучайтиришда» айбланди. Шу билан бирга, баёнотда «НАТО Россия билан тўқнашишга интилмаяпти», «У Россияга таҳдид солмайди. Лекин Россиянинг душманона сиёсати ва ҳаракатлари уни бизнинг ҳамкоримизга айлантирмайди», деган иборалар келади. (Ал-Жазира, 2023 йил 11 июл).

Бу Россияни чалғитишга ҳамда унда Ғарбнинг раҳм қилиши ва у билан муроса қилиши мумкинлиги ҳақида тасаввур пайдо қилишга уринишдир. Бу билан Россияни умид ва умидсизлик ўртасида довдиратиб қўйишмоқда. Яъни бир томондан, Россия Украинага аралашиб, мақсадларига эришолмаганидан ва эришиш қийин бўлиб қолганидан сўнг, муроса қилишни ва Украина тупигидан обрўсини сақлаб қолган ҳолда чиқиб олишни умид қилаётган бўлса, иккинчи томондан, муросадан умидсизликка тушиб, натижалари кафолатланмаган Украина ботқоғида узоқ вақт қолиб кетиши мумкинлигини ҳис қиляпти… Ушбу қоронғи вазият ва урушнинг чўзилиши манзарасида, АҚШ бошчилигидаги Ғарб ўз мақсадларига эришиш учун урушни чўзишга ҳаракат қилмоқда. Кўриниб турибдики, ҳозир барча Ғарб давлатлари, жумладан Япония ҳам Россияни мағлуб этиш ва у ердаги вазиятни, айниқса, унинг сиёсий раҳбариятини ўзгартиришдан иборат Америка нуқтаи назарини қабул қилишган. Конференция чоғида G7 раҳбарлари баёнот бериб, «Қанчалик узоқ давом этмасин, Украинани Россия тажовузидан ўзини мудофаа қилишида қўллаб-қувватлаш»ларини билдиришди. (Би-Би-Си, 2023 йил 12 июл).

  • НАТО аъзолари ўзларининг ядровий имкониятларини юқори баҳолаб, 44-бандда таъкидланганидек, уларни ривожлантириш устида ишлашларини таъкидладилар: «НАТОнинг стратегик ядровий кучлари, айниқса, АҚШнинг ядровий кучлари хавфсизликни таъминлаш ва тажовузни олдини олиш кафолатидир. Иттифоқ ядровий тўхтатиб қолиш соҳасининг ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради. Бу эгилувчанликни ҳамда халқаро ўзгаришларга мослашиш қобилиятини ошириш учун Алянснинг ядровий салоҳиятини модернизация қилишни давом эттиришни ҳам ўз ичига олади». Саммит қатнашчилари, шунингдек, Украина урушида Россия ядро қуролидан фойдаланган тақдирда бунга нисбатан зимдан таҳдидлар билдиришиб, «Алянсга қарши ҳар қандай ядро қуролидан фойдаланиш (Украинадаги) можаро моҳиятини тубдан ўзгартиради», деб айтишди. НАТО давлатлари ўзларининг сўнгги учрашувларида, баёнотнинг 28-бандида «технологик устунликни сақлаб қолиш ва НАТО кучларини модернизация ва ислоҳ қилишни давом эттириш мақсадида йиллик ялпи ички маҳсулотнинг камида 2 фоизини ҳарбий харажатларга сарфлашлари»ни таъкидладилар. Бу эса янги қуролланиш пойгаси бошланганини англатади. Якуний баёнот бандларида НАТО давлатлари «Коллектив мудофаанинг янги даври учун НАТОни модернизация қилиш устида ишлашларини» айтиб ўтишди. Шунингдек, «ҳар қандай тажовузкор устидан ғалаба қозониш ҳамда Алянс давлатлари орқали қуруқликда, ҳавода ва денгизда иттифоқдош ҳудудларнинг ҳар бир қаричини мудофаа қилиш борасидаги ўзларининг қатъиятлари ва мажбуриятларида якдил» эканликларини билдиришди.

АҚШ бошчилигидаги Ғарб ўзининг ядровий салоҳиятини ривожлантириш устида ишлар экан, улардан фойдаланиш билан ва барча соҳаларда ҳарбий имкониятларини ривожлантириш билан таҳдид қилмоқда. Бир вақтнинг ўзида, ядровий салоҳиятга эга бўлиш ёки ривожлантириш ёки ўзининг ҳарбий салоҳиятини ривожлантиришга интилаётган ҳар қандай давлатга уруш очмоқда. Баёнотнинг 56, 57 ва 84 бандларида айтилганидек, улар Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий фаолиятларини ҳамда Шимолий Кореянинг ракета салоҳиятини ривожлантириш борасидаги тажрибаларини қоралашди.

  • Хитойга келсак, бу борада 6, 23, 24, 25 ва 55 бандларда тўхталиб ўтилди. Улар «Хитойнинг амбициялари ва очиқдан-очиқ зўравонлик сиёсатларини ўзларининг манфаатлари, хавфсизлиги ва қадриятларига нисбатан таҳдид», дея қораладилар… Шунингдек, «Хитой ўз стратегияси, ниятлари ва ҳарбий сафарбарлиги борасида шаффоф эмас», дея билдиришди. Уларнинг ҳисоблашича, Хитойнинг «Зарарли гибрид ва кибер операциялари, қарама-қарши риторика ва дезинформациялари НАТО давлатларини нишонга олиб, унинг хавфсизлигига зарар етказмоқда». Уларга кўра, «Хитой стратегик қарамликни яратиш ва ўз таъсирини кучайтириш учун ўзининг иқтисодий нуфузидан фойдаланмоқда ҳамда принципларга асосланган халқаро тартибни, шу жумладан, космик, кибер ва денгиз соҳаларида бузишга интиляпти. Шунингдек, асосий технологик ва саноат тармоқларини, муҳим инфратузилмаларни, стратегик материаллар ва таъминот занжирларини назорат қилишга уринмоқда». Улар, шунингдек, Хитойни «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида конструктив роль ўйнашга, Россиянинг Украинага қарши урушини қоралашга, Россиянинг уруш ҳаракатларини ҳеч бир шаклда қўллаб-қувватламасликка ҳамда Россиянинг Украинага қарши урушда Украина ва НАТОни айбловчи ёлғон эртакларини кучайтиришни бас қилишга» чақирдилар. Бир вақтнинг ўзида, «Хитой билан конструктив ҳамкорлик тарафдори эканликларини, шу жумладан, стратегик манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида ўзаро шаффофликни ёқлашларини» яна бир бор таъкидладилар. Гарчи ўзларининг манфаатлари ва глобал гегемонлигига, яъни Америка бошчилигидаги Ғарбнинг дунёдаги гегемонлигига таҳдид солувчи Хитойнинг амбицияларини қоралашган бўлсалар-да, лекин уни Ғарб ва НАТО учун таҳдид, деб эълон қилишмади. Фақатгина унинг ҳарбий стратегияси ва ниятлари шаффоф эмаслигини айтишди. Биз 2023 йил 3 июнда нашр қилганимиз «Блинкеннинг Хитой сафари» номли саволга жавоб нашрамизда айни масалага тўхталиб, бундай деган эдик: (Блинкен сафарининг амалга ошмаган муҳим мақсадларидан бири шуки, Америка Хитой ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида жосусликка ўхшаш мақсадларда алоқа каналини очмоқчи бўлди! Афтидан, Хитой буни англаб етиб, бундай канал очишни кескин рад этди). Улар 85-бандда айтиб ўтилганидек, минтақавий компанияларга эътибор қаратиб, «Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги Хитой таҳдидлари» ҳақида гапиришди. Улар «у ердаги ўзгаришлар Европа ва Атлантика хавфсизлигига бевосита таъсир қилиши мумкин», деб ҳисоблаб, «Япония, Австралия, Янги Зеландия ва Жанубий Кореядан иборат ҳамкорларнинг иштирокини ҳамда уларнинг Алянс билан мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатларини олқишладилар. Демак, Америка Хитойга барча турдаги босимларни қўллашга ҳаракат қилиб, НАТОдан бу босимларни кучайтиришда фойдаланяпти.
  • Баёнотнинг 82 ва 83 бандларида Ғарбнинг Яқин Шарқ ва Африкадаги ҳукмронлиги қуйидагича тилга олинди: «Яқин Шарқ ва Африка стратегик аҳамиятга эга минтақалар бўлиб, биз Ўрта ер денгизи мулоқоти ва Истанбул ҳамкорлик ташаббусидаги қадимги ҳамкорларимиз билан сиёсий иштирокимизни ва глобал дипломатия соҳасидаги алоқаларимизни чуқурлаштирамиз. Шунингдек, тегишли минтақавий ташкилотлар, жумладан, Африка Иттифоқи ва Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши билан муносабатларимизни кучайтирмоқчимиз. Алянс Ироқ, Иордания, Мавритания ва Тунис учун мудофаа салоҳиятларини ошириш пакетларини жорий қилмоқда ҳамда Аммонда НАТОнинг алоқа идорасини очиш имкониятларини ўрганиш учун Иордания ҳукумати билан алоқа ўрнатади». Асосий эътиборни «Ироқни қўллаб-қувватлаш ва барқарорлаштириш, Давлат ташкилотига қарши курашишга қаратиб бундай дейилди: Ироқ ҳукуматининг илтимосига кўра, Биз Ироқ ички ишлар вазирлигига федерал полиция бўйича маслаҳат бериш учун НАТОнинг Ироқдаги миссиясини кенгайтиришни кўриб чиқяпмиз».

Яъни НАТО бу минтақани тўлиқ Ғарбнинг нуфузи доирасидаги минтақа деб ҳисоблайди. Америка айни минтақада ўз таъсирини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Қўшма Штатлар Яқин Шарқ ва Африка минтақасида иттифоқнинг манфаатлари учун ҳаракат қилаётганини айтиб, НАТОни ишонтиришга ҳаракат қиляпти. Ваҳоланки, бу икки минтақа НАТО давлатлари ўртасида, хусусан, АҚШ, Британия ва Франция ўртасида нуфуз ўрнатиш курашига саҳна бўлиб келмоқда.

8 – «Ҳизб ут-Таҳрирнинг сиёсий тушунчалари» номли китобимизда таъкидлаганимиздек, блок-лагерлар ғояси дунё учун энг хавфли ғоялардан биридир. Бу ўтмишда жаҳон урушлари билан бир қаторда Афғонистон, Ироқ ва Ливиядаги тажовузларга сабаб бўлган. Дарҳақиқат, НАТОга рақобатчи бўлган ва Ғарбга таҳдид солган Варшава шартномаси ўз ниҳоясига етгач, НАТО ҳам тарқатиб юборилиши керак эди. Аммо Америка Ғарб давлатлари, хусусан, Европа Иттифоқи устидан ўз гегемонлигини сақлаб қолиш, шунингдек, бошқа давлатларга қарши фойдаланиш мақсадида НАТОнинг давом этишини хоҳлади. Шу сабабдан ушбу иттифоқ тарихда бундай ҳажм ва қудратдаги блокни кўрмаган инсониятнинг тақдири учун энг хатарли блок ҳисобланади. НАТО оммавий қирғин қуролларига ҳамда саноат ва технологик имкониятларга эга даъватларни ўз ичига олган бўлиб, унга Японияда ядро қуролидан фойдаланган, энг катта ва энг хатарли мустамлакачи давлат бўлмиш Америка етакчилик қилмоқда. Америка дунёда ҳалокатли урушлар хавфини ошириш, ҳамма жойда ўз нуфузини ёйиш ҳамда дунёнинг барча мамлакатлари устидан ўз гегемонлигини ўрнатиш учун ушбу блокни кенгайтириш ва мустаҳкамлашни талаб қиляпти. НАТОни кучайтириш ва кенгайтириш учун қилинган ҳаракатлар инсониятга қарши жиноят бўлиб, ҳалокатли босқинчилик урушларини келтириб чиқаради. Унга аъзо давлатлар ҳам ўзининг ортида қўллаб-қувватлайдиган кўплаб давлатлар тургани боис, бошқаларга ҳужум қилишга журъат қила олади. Бу билан инсоний ва моддий йўқотишлар бир неча баробар ортади. Ушбу муаммонинг блоклар ва НАТОнинг мавжудлиги ғоясига қарши курашишдан бошқа ечими йўқ. НАТОнинг мавжудлигини ҳеч қандай нарса билан оқлаб бўлмайди. Чунки у тажовузкор блокдир. Блоклар ва НАТО ғоясига қарши глобал жамоатчилик фикрини вужудга келтириш орқали курашиш мумкин. Демак, бутун дунё уни ушбу вазиятдан қутқарадиган давлатга муҳтож бўлиб қолди. Инсоният учун неъмат, бутун олам учун раҳмат бўлган ушбу вазифани Исломий Халифалик давлатидан бошқаси амалга ошира олмайди.

﴿وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّـلْعَالَمِينَ﴾

«(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» [Анбиё 107]                                                                                                          

   30 зулҳижжа 1444ҳ

                                                                                                                 

  18 июл 2023м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here