“Дмитриевка сценарийси” Хитойга “гулдаста” бўлди
17-май куни Чуй вилояти Иссиқ-Ота тумани Дмитриевка қишлоғида аҳолини ваҳимага солган воқеа содир бўлди. Унда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан жиноятда гумон қилинувчи ўртасида отишма бўлгани, икки ходим яраланиб, гумондор йўқ қилингани хабар қилинди.
Куч органлари маълумотига кўра, ўлдирилган гумонланувчи аввалроқ Ўшда қўлга олинган жиноий гуруҳ аъзоси бўлган. Маълумки, 12-13-май кунлари – Ўш шаҳрида шов-шувли талончиликда гумон қилинган жиноий гуруҳ – қўлга олингани хабар қилинган эди. Аввалроқ, ОАВда бу талончиликлар “қоралар”га тегишли жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилгани хабар қилинган ва ахборот воситалари бу ҳақда куч органларидаги манбаларига таяниб ёзишганини маълум қилишган эди.
Бироқ, 17-майда бу маълумотлар бутунлай бошқа йўналишга бурилди. Хавфсизлик кенгаши котиби гумонланувчини “террорчи” деб атади ва “Қирғизистонда турли ташкилотлари фаолият олиб бормоқда” деб, исломий ташкилотларга ишора қилди. Ўш шаҳар ИИБ матбуот котиби “диний экстремизм ва талончиликка моил жиноий гуруҳ” деди. Демак, булардан кўриниб турибдики, бу ишда гумон қилинаётган жиноий гуруҳга “диний чопон” кийдириш бошланди.
Яна бир жиҳат, аввалги ҳибсларда ҳаддан ташқари кўп қурол-яроққа эга гуруҳлар куч органлари томонидан осонлик билан қўлга олинганига кўп бор гувоҳ бўлдик. Дмитриевкадаги воқеасида эса бир гумонланувчи учун ҳатто бронетехникалар жалб қилиниб, кўчалар ёпилди. Отишма узоқ давом этиб, гранаталар ирғитилди. Одамлар ваҳимага тушиб, воқеа республикани ларзага солди. Натижада, ким томонидан террорчи деб эълон қилингани номаълум бир киши – бир оғиз сўз ҳам айтолмай – уй ичида ёниб кетди. Буларнинг барчаси бу воқеа айрим манфаатдор томонлар тарафидан атайлаб уюштирилганига далолат беради.
Шу ўринда савол туғилади: Террорчи номи ёпиштирилган ва диний экстремистик чопон кийдирилган бундай сценарий кимга керак бўлди? Бу ўринда биз гумонланувчини ким эканлигига киришмоқчи эмасмиз: эҳтимол у “қора” жиноятчидир ёки махсус хизмат қармоғига илинган онгсиз мусулмондир, балки, қуруқ туҳматга қолган бегуноҳ фуқародир – қисқаси, мавзу бу ҳақда эмас. Мавзу: бу сценарий кимларга, нима учун керак бўлиб қолгани тўғрисида бўлади.
Мавзуга ўтиш учун бир оз чекиниш қилишга тўғри келади. Маълумки, “диний терроризм ва экстремизм” мустамлакачи кофир державалар ўйлаб топган “эртаклар” бўлиб, улар бундан мафкуравий ва сиёсий курашларида фойдаланиб келишади. Мафкуравий жиҳатдан улар бундан Исломга қарши курашда фойдаланишса, сиёсий жиҳатдан ўлжа талашишда фойдаланишади. Масалан, Россия махсус терактлар уюштирди ва шуни баҳона қилиб Чеченистонни қирғин қилди, АҚШ Афғонистонни босиб олди. Хитой эса Шарқий Туркистонни эзиб келмоқда, ва ҳоказо.
Мусулмон мамлакатларининг кофирга малай ҳокимлари эса хўжайинларига ялтоқланиб, “диний терроризм ва экстремизм” баҳонаси билан Ислом ва ўз мусулмон халқига қарши курашиб келмоқда. Ҳозирги халқаро сиёсатда Марказий Осиё юртлари “уч ўт” – АҚШ бошчилигидаги Ғарб, Россия ва Хитой ўртасида қолди.
Қирғизистон ҳукумати АҚШ босимларидан қочиб, айрим ҳолатларда Россия этагига ёпишаётган бўлса-да, аммо, асосан Хитой пойига бош урмоқда. (Россия эса Хитойдан бўлган манфаатлар туфайли минтақадаги айрим манфаатларидан Хитой фойдасига бош тортмоқда). Масалан, “G-7” саммитида “Россияга жорий этилган санкциялар”ни айланиб ўтиш баҳонаси билан Қирғизистондаги бир компания АҚШ санкциясига тушди. АҚШ бу орқали Қирғизистон Россия ва Хитойга юзланаётганидан ғазабланганини билдириб, огоҳлантириш берди. Шунингдек, Британия парламентарийлари Ғарб номидан 9 турдаги маҳсулотни рўйхатга киритди. Ғарб босимидан қочиш йўналишига мувофиқ Қирғизистон ҳукумати “Хитой-Марказий Осиё” саммитида иштирок этиш учун Сианга борди. Ва янги хўжайинига қуруқ қўл билан бормай, “Дмитриевка гулдастаси”ни кўтариб борди! (Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача қирғиз ҳукумати Бишкекда ШҲТ таркибида халқаро жиноятчиликка қарши кураш маркази ташкил этишни сўраб келаётган эди).
Мушрик Хитой ҳукумати учун ҳатто намоз ўқиш, рўза тутиш ҳам “терроризм ва экстремизм” ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бундай совға коммунист-мушриклар томонидан, шубҳасиз, яхши кутиб олинади. (Шунингдек, бундай сценарий АҚШ ва Россияга ҳам ёқади).
Хитой эса малайларининг ҳолатидан фойдаланиб ўз мавқейини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Аввалги иқтисодий қадамларидан ташқари, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик номи остида – терроризм, экстремизм, сепаратизм баҳонаси билан – ҳарбий иштирокини аввалгидан ҳам кучайтириб, айрим ички ишларга ҳам аралашадиган бўлди. Ва булардан ташқари, мустамлакачилик сиёсий қадамларини ташлаб, сиёсий партиялар тузиш тўғрисидаги келишув ортида, юртларимизда хитойпараст партиялар ташкил этилиб, уларни ҳокимият учун курашишларига йўл очиб олди.
Боболаримиз айтиб келган “хитой ипаги билан ўлдиради” деган мақол ҳаётда ўз тасдиғини топиб, хитойлар ҳокимларимизни дабдаба билан кутиб олди. Бу малайлар эса хитойнинг сақофат-маданиятини мадҳ этиб, уларнинг сақофий босқинига эшикларини аввалгидан ҳам кенгроқ очиб беришмоқчи.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло айтади:
يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَمَا يَخْدَعُونَ إِلَّا أَنفُسَهُمْ وَمَا يَشْعُرُونَ
“Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар” [Бақара:9]
Туркистон