Кремлга қилинган дрон ҳужуми

2839
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Кремлга қилинган дрон ҳужуми

Савол:

Америкалик дрон мутахассисларининг фикрича, (ўтган чоршанба куни Кремл узра уриб туширилган иккита дроннинг Москва ва унинг атрофидаги кўплаб мудофаа тизимларини ёриб ўтгани уларнинг Россия ичидан учирилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Ал-Жазира ва Рейтер, 2023 йил 6 май). Маълумки, 2023 йил 3 майга ўтар кечаси Москва марказидаги Кремл саройига дрон ҳужуми амалга оширилди… Украина парламенти ташқи ишлар қўмитаси котибининг айтишича, (Кремлга қилинган ҳужумни Москванинг ўзи режалаштирган. Ал-Жазира, 2023 йил 3 май). Савол шуки, Россия айблаганидек, бу ҳужум хориж кучлари (яъни Украина) томонидан уюштирилганми? Ёки америкалик экспертлар ва Украина даъво қилганидек, Москва томонидан амалга оширилдими? Бошқача қилиб айтганда, бу тўғрида турли баёнотлар берилган экан, ҳужум ортида ким турибди?

Жавоб:

Ҳа, Россия президенти матбуот хизмати икки дрон ёрдамида Кремлга қилинган ҳужумнинг олди олинганини билдириб, ҳужумни «теракт» сифатида баҳолади. Украина ўзининг ҳужумга алоқадорлигини дарҳол рад этиб, Москвани можаронинг ҳар қандай эҳтимолли кучайишини оқлаш учун бу нарсани атайлаб оммавий ахборот воситаларида ёритганликда айблади. Кремл Россия президенти Владимир Путиннинг ҳеч қандай зарар кўрмаганини маълум қилди… Айни ҳужумдан кўзланган мақсадларни тушуниш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

Биринчи: 2022 йил феврал ойида Россия томонидан бошланган Украина урушига бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, уруш фронтларида бироз турғунлик юзага келди. Бахмут шаҳрида саккиз ойдан бери давом этаётган жанглар ва Россиянинг Украинага қилган баъзи ракета ҳужумларини истисно қилганда, қолган фронтларда турғунлик кузатилмоқда. Ушбу турғунликнинг иккита сабаби бор. Биринчиси, қиш фасли туфайли бундай бўлиши табиий. Иккинчиси, ҳар иккала томонда ҳам ўқ-дорилар етишмаяпти. Украинанинг эҳтимолли ҳужуми ҳақида гап кетаётган бир пайтда, Кремлга қилинган ҳужум фронтлардаги турғунликка барҳам бериб, вазиятни кескинлаштириши мумкин.

Иккинчи: Америка бошчилигидаги Ғарб Украинага доимий ва босқичма-босқич ёрдам кўрсатиш орқали Россияни ҳолдан тойдирди. Асосан Бахмут шаҳрида жанг қилаётган Вагнер гуруҳи раҳбари ўқ-дорилар етишмаслигидан нафақат доимий равишда шикоят қиляпти, ҳатто рус армияси муассасаларидаги доираларни атайлаб уларни ўқ-дорисиз қолдирганликда айбламоқда. Қолган фронтлар қиш ойларида деярли тўхтаб қолди. Худди шундай Россиянинг Украинага йўллаган зарбалари кўпинча тўлқин шаклида бўляпти. Яъни ҳужумларни тўхтовсиз равишда амалга ошириш учун Россияда ракета ва самолётлар етарли эмас. Гўё бир ой давомида ишлаб чиқарганларини тўплаб-тўплаб, сўнг Украинага отаётгандек. Бу эса, Россия ҳолдан тойганининг яна бир ифодасидир. Бундан ташқари, Ғарб санкциялари сабабли Россия ҳарбий саноатида муҳим эҳтиёт қисмлари етишмаяпти. Хабарларда Ғарбда ҳам ўқ-дорилар тугаб бораётгани тилга олинмоқда. Бу тўғри бўлган тақдирда ҳам, бироқ Ғарбнинг ҳарбий саноати айни бўшлиқни тўлдириш учун Россия саноатидан кучли.

Учинчи: Натижада, Россия армияси ҳарбий сафарбарлик кампаниясига қарамай, қуруқликдан ҳужум қилиш қобилиятига эга эмасдек кўриняпти. Масалан, Россиянинг фронтлар бўйлаб хандақлар қазиётганлиги Украинанинг Ғарбдан олинган замонавий қуроллар билан ҳужум қилиши мумкинлигидан қўрқаётганини кўрсатса, Вагнер гуруҳи раҳбари кутилаётган Украина ҳужумларини «Россия учун фалокат», дея таърифлади. Бунга Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг деярли кўринмай қолганини ҳам қўшимча қилиш мумкин. Зеро, бу кучлар Украина осмонида ҳаво назоратини ўрнатишда тамоман ожиз қолиб, фақат узоқдан айрим зарбалар йўллаш билан кифояланмоқда. Россиянинг бу заифлиги урушни парда ортидан идора қилаётган Америкага ҳам, Ғарбга ҳам ойдек равшан. Мана шуларга асосан, уруш режаси Россияга қарши шундай бир кўламга эга бўла бошладики, буни уруш аланга олган пайтда умуман тасаввур қилиб бўлмасди. Хусусан, Америка билан Ғарб ядровий уруш шарпасини йўқ қилишга муваффақ бўлди. Чунки Россиянинг ядровий қурол қўллаш таҳдиди даражасига кўтарилган барча имо-ишоралари кенг танқидларга учради, ҳатто Россиянинг ўзи ҳам бу ўйламай қилган таҳдиди ва АҚШнинг реакциясидан қўрқиб қолди.

Тўртинчи: Буларнинг барчасига кўра, афтидан, келаётган ёз қайноқ бўладиган ва кўплаб чекловлар бузиладиган кўринади. Ана шу чекловлардан бири урушнинг фақат Украина ичкарисида бўлаётганидир. Ҳақиқатда, Россия ичкарисида бир қанча ҳужумлар содир бўлди. Лекин бу ҳужумлар учун жавобгарликни Украина ўз зиммасига олгани йўқ. Балки гўё Россиядаги ҳужумлардан жавобгар бўлган Путин бошқарувини рад этувчи «Россия қаршилик ҳаракати», деган нарса ўйлаб топилди. Poссия пойтахти Москванинг қоқ марказида жойлашган Кремл саройига қилинган бу ҳужум Россия такаббурлигига анча путур етказади. Дарҳақиқат, Россия бу ҳужумни президент Путинга қилинган суиқасд дея баҳолади. Иккала дрон қаердан учирилган бўлишидан қатъий назар, уларнинг Кремл саройи гумбазларигача етиб бориши ва тўғридан-тўғри Кремл тепасида портлаганлиги Россиянинг заифлигини кўрсатади.

Бешинчи: Россия Украинани амалга оширишда айблаган ушбу журъатли ҳужумдан Москва ва бутун Россия шок ҳолатига тушиб қолиб, бу нарса Россияда кучли баёнотлар берилишига сабаб бўлди. Қуйида келтирилган баёнотлар рус расмийларидаги бу шок ҳолатининг нақадар қаттиқ бўлганини кўрсатмоқда:

  • (Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Киев режимининг Кремлга қилган ҳужумидан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский ва унинг гумашталарини йўқ қилишдан бошқа вариант қолмаганини айтди. У чоршанба куни ўзининг Телеграмдаги саҳифасида бундай ёзди: «Кремлга қилинган бугунги терактдан сўнг Зеленский ва гумашталарини жисмонан йўқ қилишдан бошқа чора қолмади». ae 2023 йил 3 май).
  • Россия давлат Думаси спикери Вячеслав Володин (Кремлга қилинган иккита дрон ҳужумига жавобан «Киевдаги террорчи режимни тўхтатиб, йўқ қила оладиган қуроллардан» фойдаланишни талаб қилди. Володин ўзининг Телеграм иловасидаги баёнотида Киев жавобгарликни ўз зиммасига олмаган айни ҳужумдан сўнг Россия Украина президенти билан музокара қилмаслиги кераклигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Зеленский режими билан «музокара қилиш мумкин эмас. Чунки у Россия, Европа ва бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солмоқда». Ал-Жазира нет, 2023 йил 3 май).

Мана шулардан Кремлга қилинган икки дрон ҳужумидан Россиянинг қанчалик даражада шокка тушганлиги кўриниб турибди.

Олтинчи: Бу ҳужумни Украиндаги урушни кучайтириш мақсадида Россиянинг ўзи уюштирган бўлиши мумкинлигига келсак, бу эҳтимолдан узоқ. Чунки бир жиҳатдан бу ҳужум Россиянинг такаббурлигига зарба, буюклигига тарсаки бўлиб тушиб, энди ҳеч ким ундан ва унинг президентидан қўрқмаслиги кераклиги борасида огоҳлантирув бўлди. Бошқа жиҳатдан эса, Россия Украинадаги урушни самарали авж олдиришга қодир эмас. Фақат ядровий қуролни қўллаш билан авж олдириши мумкин. Аммо Россия АҚШнинг реакциясидан қўрқиб, Украинада ядровий қуролдан фойдаланишга иродаси етмайди. Ҳужумни Россиянинг ўзи уюштирган бўлиши эҳтимолини истисно қилувчи ишоралардан яна бири, унинг тўғридан-тўғри Американи ҳужумга алоқадорликда айблаганидир. Бу ҳолат илгари кузатилмаган бўлиб, Москванинг бундай журъатли ҳужумдан эсанкираб қолганини англатади. Бунга алоқадор қуйидаги баёнотлар ҳам шуни кўрсатиб турибди:

  • Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков (Украинанинг дронлар ёрдамида Кремлга қилган ҳужуми ортида Америка Қўшма Штатлари турганини, Киевнинг нишонларини айнан Америка танлаб бераётганини айтди. Бу баёнот унинг 2023 йил 4 май пайшанба кунги пресс-релизида билдирилган бўлиб, Песков унда яна бундай қўшимча қилди: «Киев ва Вашингтоннинг буни рад этишга бўлган уринишлари мутлақо бемаъниликдир. Биз бунга ўхшаш ҳаракатлар ва террористик ҳужумлар бўйича қарорларнинг Киевда эмас, Вашингтонда қабул қилинишини яхши биламиз. Киев ўзига буюрилган ишни қилади. Унга бу борада буйруқ келган». Oқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби MSNBC телеканалига берган баёнотида ҳужум ортида АҚШ тургани ҳақидаги айбловларни рад этиб, бундай деди: «Биз ҳануз нима бўлганини билмаймиз ва ҳеч қандай изоҳ беролмаймиз. Мен бугун эрталаб Дмитрий Песковнинг изоҳларини ва бизнинг бунга қандайдир тарзда аралашганимиз ҳақидаги даъволарини кўрдим. Сизни ишонтириб айтаманки, АҚШ бу ҳодисада иштирок этмаган. Нима бўлишидан қатъий назар, Қўшма Штатлар бу ишга аралашмаган» (RT, 2023 йил 4 май).
  • Мана шуларнинг барчасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Америка Россиянинг заифлашиб, ҳолдан тойганини кўрди ва шу туфайли Украинадаги урушни қўлга олиб, уни Россияга қарши кўплаб чекловлар бузиладиган янада каттароқ кўламга олиб чиқмоқда. Кремлга қилинган бу ҳужум шахсан президент Путинга таҳдид ҳисобланади. Кремл матбуот котиби Песковнинг баёнотларидан кўриниб турибдики, Россия бундай миссияни тушунди. Шунинг учун Америкага «ҳужум ортида сен турганингни биламан», демоқчи бўлди. Бироқ, Америкадан жуда қўрққани учун унга тўғридан-тўғри таҳдид қилишдан ўзини тийиб, Украинага ва Зеленскийни жисмонан йўқ қилишга таҳдид қилиш билан кифояланяпти.
  • Ҳужум Россияни майдонга чорлашдан иборат эканини ва Америка томонидан режалаштирилганини кўрсатувчи ишоралардан бири Зеленскийнинг Украинадан олиб чиқиб кетилганидир. Дарҳақиқат, ҳужум юз берган куни эрталаб Украина президентининг тўсатдан Финляндиянинг Хелсинки шаҳрига сафар қилгани маълум бўлди, кейин унинг самолёти Нидерландиянинг Амстердам шаҳрига қўнаётгани кўринди. Кейинчалик эса Германия канцлери кун тартибида Украина президенти Зеленскийни қабул қилиш ҳам борлиги айтилди. Буларнинг барчаси Украина президенти Зеленскийни Россиянинг реакциясидан ҳимоя қилиш, яъни Медведев талаб қилганидек, уни жисмонан йўқ қилишдан сақлаш учун қилинди.
  • Американинг ўзига келсак, у айни ҳодисага изоҳ беришни истамагандек кўринди, балки ўзини Россия айтган нарсаларга шубҳа билан қараётган қилиб кўрсатди: (АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинанинг дронлар ёрдамида Кремлга ҳужум қилганлиги тўғрисидаги даъволарни ўз ичига олган Москванинг изоҳларидан хабардорлигини, аммо «уларнинг тўғрилигини ҳеч қандай тарзда тасдиқлай олмаслиги»ни айтиб, «тўғриси, биз ҳеч нимани билмаймиз» деди. Сўнг «Кўрамиз қандай фактлар бор экан. Фактларни билмай туриб, бу ҳақда фикр билдириш ёки тахмин қилиш жуда қийин», дея таъкидлади. Си-Эн-Эн арабий, 2023 йил 3 май).
  • Россия президенти Путинга суиқасд қилишга уринишда АҚШнинг роли борлигини кўрсатувчи ишоралардан яна бири бу ўтган ойларда сизиб чиққан ва 2023 йил апрелида фош бўлган Америка ҳужжатларидир. Ҳужжатларда уруш сценарийларидан бири сифатида Россия президенти Путиннинг ўлдирилиши тилга олинган: (Афтидан, АҚШ мудофаа вазирлиги Пентагон томонидан махфий ҳужжатларни сиздириш жараёни кутилмаган ҳодисалар ва сирларга бой кўринади. Нью-Йорк Таймс газетасининг қўлга киритган махфий разведка ҳужжати ҳақида фош қилган нарсалари ана шулар жумласидан. Ҳужжатларда Украинадаги урушдан бир йил ўтиб фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган режаларнинг тафсилотлари келтирилган. Фош этилган ушбу ҳужжатлар АҚШ Мудофаа разведка бошқармаси томонидан тўртта тахминий сценарий бўйича қилинган таҳлилни ўз ичига олган бўлиб, уларда Украина уруши келиб чиққан тақдирда унга қандай таъсир ўтказиш мумкинлиги айтилган. Ҳужжатлар, шунингдек, қуйидаги тахминий сценарийларни ҳам ўз ичига олади: «Россия президенти Владимир Путиннинг ҳамда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ўлдирилиши… Россия Қуролли кучлари раҳбариятини ўзгартириш… Украинанинг Кремлга зарба бериши». Шарқ газетаси, 2023 йил 12 апрел).

Еттинчи: Хулоса қилиб айтганда, Москвадаги Кремл саройига қилинган дрон ҳужуми Украинадаги урушнинг хавфли тарзда авж олишини, шунингдек, Америка ва Украинанинг Россия ичкарисида уруш тўлқинини ўзгартира оладиган даражада кучли ҳужумларни амалга ошириш учун етарли малайларга эга эканини кўрсатмоқда. Россиядаги темир йўллар, нефть ва электр станциялари ва бошқа ерларни нишонга олган портлашлар аллақачон бошланди ва тобора кучайиб бормоқда. Бошқача қилиб айтганда, урушни Украинадан Россияга олиб ўтиш жараёни амалда ва журъат билан давом этмоқда. Айниқса, Россия армияси Украинада анча ҳолдан тойган бўлиб, уруш оқимини ўзгартира оладиган самарали ҳужумларни амалга ошириши қийин. Қолаверса, АҚШ бошчилигидаги Ғарб уруш оқимини Украина фойдасига ўзгартириш учун янада ривожланган қуроллар билан уни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Maълумки, Украина Херсон шаҳри ва Харковдаги ҳудудларни қайтариб олганидан сўнг, шунингдек, Россия саккиз ой давом этган ҳужумларидан кейин ҳам Бахмут шаҳрини қўлга кирита олмай, аксинча жиддий йўқотишларга юз тутиши ортидан урушнинг ҳозирги йўналиши Россия фойдасига бўлмаяпти.

Кремлга қилинган ҳужумнинг кўлами ва орқа плани мана шу. Буларнинг барчаси Россиянинг ҳарбий ва хавфсизлик салоҳияти ларзага келиб, ҳатто Москванинг қоқ ўртасидаги ўзининг сиёсий марказини ҳам мудофаа қилолмаганига далолат қилади! Тўғри, уруш фақат Россия билан Украина ўртасида кетмаяпти, балки АҚШ ва Ғарб Украинани моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Бунинг баробарида, Россиянинг Украинага қилган ҳужуми бир йилдан ортиқ давом этмоқда. Россия томонидан босиб олинган ҳудудлар барқарорлиги ҳамон жиддий равишда силкиниб, молиявий ва инсоний йўқотишларга юз тутмоқда. Буларнинг барчаси Россиянинг йирик давлат деган номдан бутунлай узоқлашиб кетганини англатади. Aфтидан, Россия ҳам буни тушуниб турган кўринади. Шу сабабли 2023 йил 9 майдаги Ғалаба байрами олдидан Бахмутни тўла қўлга киритиш орқали ўзининг ўша обрўсини қайта тиклаш учун бор имкониятини сарфлади… Бироқ, ҳужумларни шунча кучайтирганига ва Вагнер гуруҳини сафарбар қилганига қарамай, ҳалигача буни амалга ошира олмади.

Aмерика ва Ғарбга келсак, улар охирги украиналик аскар қолгунча жанг қилишади! Урушга бевосита ўзлари киришни исташмайди, балки ўзларининг манфаатларини бошқаларнинг қони билан таъминлашади.

Сўзимнинг ниҳоясида 2023 йил 1 мартдаги саволга жавоб нашрасида келган сўзларимни таъкидламоқчиман: (… Бугунги дунёда йирик деб аталган бу мустамлакачи кофир давлатлар оламга яхшилик олиб келиш учун эмас, балки ёмонлик ва зарар олиб келиш учун ўзаро курашишмоқда. Россия Украинага бош кўтаришга тайёр бўлган ҳар бир украиналикни ўлдириш учун ҳужум қилган бўлса, Америка ва Ғарб ўз аскарлари билан эмас, балки барча украиналиклар билан душманга қарши курашмоқда. Иккала томон ҳам Украинада ҳар бир украиналикни ўлдириш учун бир-бирлари билан курашишмоқда… Шундай қилиб, ер юзида фасод тарқатишни кўзлаган бу давлатлар учун ҳар қанча қон тўкилишининг – модомики бу нарса уларнинг манфаатларини рўёбга чиқарар экан – ҳеч қандай аҳамияти йўқ… Ўтмишда Форс ва Рум давлатлари ўзаро курашиб, бири ғолиб, иккинчиси мағлуб бўлгани каби, гўё тарих такрорланаётганга ўхшайди… Уларнинг ҳар бири ўз манфаатларини рўёбга чиқариш учун одамлар қонини дарё қилиб оқизувчи машинадек ҳаракат қилган эди… Бу ҳолат Аллоҳ Таоло ҳақ ва адолат аҳли бўлган Ислом Умматини ғалаба ва очиқ фатҳ билан сийлаб, Ислом ва мусулмонлар азиз, куфр ва кофирлар хор бўлгунига қадар давом этган эди. Аллоҳнинг изни ила яна шундай бўлади.

وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ + بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишига нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-5]).

Бу рошид Халифаликни барпо қилиш билан бўлади.

وَيَقُولُونَ مَتَى هُوَ قُلْ عَسَى أَنْ يَكُونَ قَرِيباً

«Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!» [Исро 51]

19 шаввол 1444м

9 май 2023м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here