Қозоғистон Бош вазири Серик Ахметов сешанба куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида ўзини истеъфога кетиши ҳақида маълум қилди.
“Давлат раҳбари бугун менинг истеъфоимни қабул қилди”, – деди Ахметов.
Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ, Бош вазирни истеъфога кетиши ортидан вазирлар махкамаси ҳам истеъфога кетади. Янги вазирлар махкамаси ташкил этилгунга қадар собиқ вазирлар ўз вазифаларини бажариб туришади. Серик Ахметов 2012 йил сентябр ойидан буён ҳукуматга раҳбарлик қилар эди.
Шу билан бир қаторда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 2 апрел куни Карим Максимовни Бош вазир лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Бу ҳақида Оқўрда матбуот хизмати Твиттеррдаги саҳифасида хабар қилди.
“Менинг ўйлашимча, бу одам барчамизга таниш. У ҳақида кўп гапиришимга ҳожат йўқ. У энг қийин бўлган 2007-2009 йилларда ишлади, биз рецессия ва ишсизлар сони ортишига йўл қўймадик”, – деди Назарбоев.
Назарбоевнинг фикрича, ҳозирги вақтда “мамлакат ичкарисида ва хорижий ҳамкорлар билан онгли равишда иш олиб бориш зарур”.
“Максимов ҳозирги вазиятда ҳукуматни самарали ишлаши учун энг муносиб номзод, деб ҳисоблайман”, -дея белгилаб ўтди президент.
Ўз навбатида, парламент мажлиси (қуйи палата) депутатлари Карим Максимовни бош вазир лавозимига тайинланишини бир овоздан маъқуллашди.