ИЭС зарарли Қора-Кече кўмиридан воз кечмайди

6018
0

ИЭС зарарли Қора-Кече кўмиридан воз кечмайди

Бишкек шаҳар ҳокимлиги қишда шаҳарда пайдо бўлган қора тутун Қора-Кече кўмиридан келиб чиқишини аниқлаганлигига қарамай, ИЭС (Иссиқлик Электро Станцияси) Қора-Кечеда ишлаб чиқарилган маҳаллий кўмирдан бутунлай воз кечмаслигини маълум қилди. Яъни бу йил ИЭСда ёқилиши керак бўлган кўмирнинг деярли ярми Қозоғистондан олиб келинса-да, қолган ярми яна аввалгидек Қора-Кечедан олинадиган бўлди.

Бунлан аввал Қора-Кече кўмири зарарли экани, шу боис шаҳар ҳокимлиги ва Энергетика вазирлиги ундан фойдаланишни тақиқламоқчи экани ҳақида маълумот тарқалган эди. “Қирғизкўмур” давлат корхонаси директори Канатбек Аширбаевнинг ББCга айтишича, бу йил ҳам Бишкек ИЭСга кўмир етказиб беришни давом эттиради. Бироқ унинг ҳажми камаяди.

Энергетика вазири ўринбосари Таалайбек Байгазиевнинг таъкидлашича, Марказий Осиё минтақасидаги иқлим ўзгаришлари ва сув танқислиги туфайли юзага келган энергетик инқирозлар кўмирни асосий энергия ёқилғиси сифатида кўришга мажбур қилмоқда.

“Бу йил яна сув танқислиги юзага келди. Шунинг учун биз Бишкек ИЭС қувватини 500 Мега/Ватга оширмоқдамиз. Агар бизда 250-300 МВт/Вт қуввати Қора-Кечедан кўмир билан ишлаётган бўлса, қолган эски агрегатлар Қозоқларнинг Қарағанда кўмирига мослаштирилган” деди Байгазиев.

Глазгода бўлиб ўтган Иқлим саммитида Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2030-йилга бориб Қирғизистонда карбонат ангидрид чиқиндиларини 44 фоизга камайтиришга ваъда берди.

Изоҳ: Қирғизистонда барча тармоқни қамраб олган коррупция Бишкек ИЭС (Иссиқлик Электро Станцияси)ни ҳам четлаб ўтмади. Мазкур электро станция 386 миллион долларга реконструкция қилинганига қарамай, унинг ишлаш сифати яхшиланиш ўрнига, ҳукумат ходимлари орасида илдиз отган коррупция туфайли баттар ёмонлашиб қолган. Чунки 2014 йил апрел ойида реконструкция қилиш ишлари бошланиб, 2017 йил 30 август куни фойдаланишга топширилган ИЭСда орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яъни 2018 йилнинг январ ойида авария юз берди. Натижада шаҳар аҳолиси айни қаҳратон қиш чилласининг қоқ ўртасида деярли бир ҳафта иссиқликдан маҳрум бўлиб, совуқда қолиб кетди. Текширувлар нарижасида кўпгина коррупция излари аниқланиб, бош вазирдан тортиб бир қанча ҳукумат ходимлари устидан жиноий иш қўзғатилди. Энг ёмони ИЭСни реконструкция қилиш учун Хитойнинг “Эксимбанк”идан 386 миллион доллар олиниб, 2033 йилга бориб фоизи билан 480 миллион доллар қилиб тўланиши керак бўлган қарз халқнинг зиммасида қолди.

Бундан ташқари, шунча маблағ эвазига реконструкция қилинган ИЭС аввал кўмир ва мазут билан қандай ишлатилган бўлса яна шундайлигича қолди. Уни газ ёки бошқа экологик жиҳатдан зарари кам бўлган ёқилғи турларидан фойдаланиш тўғрисида ўйлаб ҳам кўрилмади. Мана ҳозирги кунда Бишкек ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рейтингида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ҳатто қиш ойларида Ҳиндистоннинг Деҳли, Покистоннинг Карачи шаҳарларини ортда қолдиради. Иссиқлик мавсуми бошланиши билан пойтахтни қуюқ қора тутун қоплайди.

Мутахассислар томонидан олиб борилган кўплаб тадқиқотлар натижасига кўра, инсоннинг қониқарсиз сифатга эга ҳаводан нафас олиши юрак-қон томир тизими ва нафас олиш органларининг бир қатор касалликларини келтириб чиқаради. Аҳолининг нисбатан заиф гуруҳига саломатлиги заиф инсонлар, болалар ва катта ёшли кишилар тааллуқлидир. Аниқланишича, нафас олинувчи ҳаводаги заҳарли моддаларнинг таъсири анча кенг ва у асаб тизимида ҳам ўз изларини қолдиради. Расмий ҳукумат оддий халқ зиммасига улкан қарзларни юклагани етмаганидек халқ,  келажак авлод соғлигини ҳам хатар остида қўймоқда. Зотан капитализмга асосланган бошқарув шаклидан бундан бошқа нимани ҳам кутиш мумкин. Чунки капитализмда моддий манфаат ҳар нарсадан устун туради, ҳатто инсонлар саломатлигидан ҳам.

Абдураҳмон Одилов

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here