Жапаровнинг Италияга ташрифидан кўзланган мақсад
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Италияга уюштирган расмий ташрифи доирасида Италия президенти Сержио Маттарелла ва Бош вазир Гиоргиа Мелони бошчилигидаги масъуллар билан учрашди.
Маттарелла билан учрашувда Жапаров икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳозиргача фақат халқаро ташкилотлар ва ташқи ишлар вазирлиги даражасида бўлиб келганини таъкидлади. Шунингдек, у жорий йилнинг июн ойида Брюсселда Европа Иттифоқи билан Қирғизистон ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим Европа Иттифоқи ва Италия билан сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди. Бундан ташқари, Жапаров солиқ қонунчилигини ислоҳ қилиш натижасида мамлакатда либерал солиқ режими амал қилаётганини ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётганини қўшимча қилди.
Бош вазир Мелони билан учрашувда эса, Жапаров ушбу расмий ташрифидан кўзланган асосий мақсад Қирғизистон Италиянинг ишончли ҳамкори эканлигини тасдиқлаш эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Италия ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг C5+1 форматидаги учинчи учрашуви жорий йилда Римда бўлиб ўтган эди. Учрашувда минтақа давлатлари билан Италия ўртасидаги иқтисодиёт, савдо ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган эди.
Маълумки, Қирғизистон ҳукумати ўз “мустақиллиги”ни эълон қилган йилларидан бери Россия таъсири остида яшаб келмоқда. Бироқ сўнгги йилларда, айниқса Россиянинг Украина ботқоғига ботиши туфайли Хитойнинг мамлакатдаги таъсири яна-да кучайиб бормоқда. Буни сиёсий келишувлар ва бир қаторда статистик маълумотлар ҳам тасдиқлаб турибди. Масалан, ўтган йили Қирғизистоннинг ташқи савдо айланмаси 11,8 миллиард долларни ташкил қилди. Қирғизистон ташқи савдосида Хитой биринчи ўринда туради, унинг савдо алоқалари 4,1 миллиард долларга етди. Бироқ, Хитойнинг статистик маълумотларига кўра, у Қирғизистонга бундан 4 баробар кўп товар импорт қилган. Қирғизистонни Хитой билан боғлаб турган яна бир омил – бу давлатнинг ташқи қарзидир. Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,5 миллиард доллар бўлиб, шундан 2 миллиардга яқини Хитойдан олинган. Шунингдек, тоғ-кон корхоналарининг 80 фоизи Хитой компанияларига тегишлидир.
Шу боис ҳукумат тўлиқ Хитой таъсирига тушиб қолиш хавфининг олдини олиш мақсадида, Ғарб давлатлари билан ҳам алоқалар ўрнатишга ва Ғарб компанияларини сармоявий лойиҳаларга жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда июн ойида Европа Иттифоқи билан Қирғизистон ўртасида стратегик келишув имзоланди. Бу келишув Қирғизистон билан Иттифоққа аъзо давлатлар ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратди. Ундан кейин Англия ва Германия билан бир қатор битимлар тузилди. Айни дамда Қирғизистон ҳукумати Италиянинг молиявий имкониятларидан умидвор бўлмоқда.
Шу боис, Қирғизистон ҳукуматининг ташқи сиёсатдаги асосий йўналиши Хитой билан Россияга қаратилган бўлса-да, аслида у Ғарб давлатлари, айниқса, Италия билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Юқоридаги ташриф доирасида тузилган шартномалар ҳамда савдо алоқаларининг мустаҳкамланиши бунинг далилидир. Хусусан, Қирғизистон қонунларини Ғарб компанияларига янада мослаштириш мақсадида адлия соҳасидаги ҳамкорлик кучайтирилмоқда.
Хулоса қилиб айганда, биз мусулмонлар фойдага асосланган ва зулм устига қурилган капиталистик тузумдан воз кечиб, ўз Исломимизга юзланмагунимизча, мустамлакачиларнинг бизга нисбатан муштимзўрлиги давом этаверади. Бу мустамлакачилар ўнлаган йиллардан бери минтақада қўллари қонга ботган ҳолда, ўзларини бизга дўст сифатида кўрсатиб келмоқда. Уларнинг жиноий қилмишлари Афғонистон, Ироқ ва Сурияда фош булди. Ҳозирда қонли жиноятларини Ғазода давом эттиришмоқда. Шунинг учун бу мустамлакачилардан биз мусулмонлар учун ҳеч қачон яхшилик келмайди. Уларни фақат ер ости ва ер усти бойлигимиз қизиқтиради холос. Аллоҳ Таолонинг ушбу сўзи уларнинг ниятларини аниқ тасдиқлаб турибди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَتَّخِذُواْ الْكَافِرِينَ أَوْلِيَاء مِن دُونِ الْمُؤْمِنِينَ
“Эй мўминлар, мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутманглар!” (Нисо: 144).
Шунинг учун Ислом ва мусулмонларнинг душманларидан бирор бир ёрдам кутишимиз биз учун асло дуруст эмас. Чунки уларнинг ёрдамлари вайронагарчилик ва қирғинлар билан бирга келиши аниқ.
Мумтоз Мавароуннаҳрий