Турли баҳоналар билан масжид ва мадрасалар ёпилмоқда!

7308
0

Турли баҳоналар билан масжид ва мадрасалар ёпилмоқда!

Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси идоралараро ишчи гуруҳи билан биргаликда Ўш вилоятидаги диний масканларнинг фаолияти борасида текширув ўтказди. 20 июл куни бошланган кампания доирасида 39 та масжид ва 21 та мадрасанинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. 39 та диний ва зиёратгоҳларга жарима солинди. 48 та масжид ва 40 та мадраса ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлиги учун улар устидан акт тузилди.

Ушбу текширувлардан кўзланган асосий мақсад диний соҳада назоратни кучайтиришдир. Санитария ва ёнғин хавфсизлиги талаблари каби нарсалар эса фақат баҳонадан иборат. Чунки ҳукумат ёнғин хавфсизлигини олдини олишни чиндан ҳам истаса, аввало ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бошлаш керак эди. Бугунги кунда Бишкек шаҳрида ва аҳоли пунктлари орасида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчалари ва нефт омборларининг халқ саломатлигига таъсири ва атроф-муҳит учун хавфлилиги долзарблигича қолмоқда. Уларда ҳам ёнғин содир бўлган ҳолатлар мавжуд. Масалан, ўтган йили, 21 декабрь куни Жибек Жолу ва Тимирязев кўчалари чорраҳасида жойлашган ёқилғи омборларидан бирида ёнғин содир бўлиб, яқин атрофдаги уйларни ҳам қамраб олди. Ёнғин натижасида омборхона билан бирга битта уй бутунлай ёниб кетди, яна битта турар жой ва хусусий болалар боғчасининг ярми ёниб кетди. Ўз хавфсизлигидан хавотирга тушган қўшнилар барча давлат идораларига мурожаат қилиб, ушбу корхонани ёптира олмади.

Норасмий маълумотларга кўра, Бишкекда 140 га яқин ёқилғи қуйиш шохобчаси ва саккизта нефт омбори мавжуд. Уларнинг 70 фоизи муниципалитет ҳудудида, қолган 30 фоизи эса хусусий ерларда жойлашган. Давлат органлари хусусий ерлардаги станцияларни назорат қила олмаслигини ва улар ҳақида аниқ маълумот йўқлигини айтишди. Ҳокимият қошидаги ер ресурслари бошқармаси томонидан 98 та ёқилғи қуйиш шохобчалари учун ижара шартномаси тузилган. Уларнинг 27 нафари шартнома муддати тугашига қарамай ишлашни давом эттирмоқда. Муниципалитет ҳудудида жойлашган 98 та нефт шохобчаларининг 56 тасида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, прокуратура органларига маълумот берилди. Бироқ, шу кунгача фаолияти тўхтагани йўқ. Иккинчи пойтахт саналмиш Ўш шаҳрида ҳам ҳолат худди шундай. Ўш шаҳрида вақти-вақти билан ёқилғи қуйиш шохобчаларида ёнғин келиб чиқиши ҳолатлари учраб туради. Бундан ташқари, йирик бозорлар ва аҳоли дам олиш жойларида ҳам ёнғин хавфсизлиги таъминланмаганлиги сабабли йирик ёнғин ҳодисалари такрорланиб туради.

Санитария масаласига келсак, давлат тозалик ва аҳоли саломатлигини сақлаш ҳақида чин кўнгилдан қайғурганида, бу ишни озиқ-овқат соҳасини назорат қилишдан бошлаган бўларди. Негаки, ресторанларда ҳаддан ташқари антисанитария ҳолатларига қарамай, “кўриб, кўрмасликка олиш” усули ҳали ҳам давом этиб келмоқда. Оқибатда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Масалан, 7 июн куни Бишкекда тез овқатланиш шахобчаларидан бирида ўн киши овқатдан заҳарланди. Касалликнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бинолар кўздан кечирилганини маълум қилди. Текширув чоғида мева ва тухумларни ювиш қоидаларига ва дезинфекция шартларига риоя этилмагани маълум бўлди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳужжатлари билан боғлиқ бир қатор қонунбузарликлар аниқланди. Агар текширилса, бу каби фактларни деярли ҳар қандай ошхонадан топиш мумкин. Ҳатто блогерлар томонидан “Не саҳар” лойиҳаси доирасида юзлаб антисанитария ҳолатлари аниқланган бўлса-да, экотехника инспекцияси ҳеч қандай чора кўришга ҳаракат қилмади.

Тиббиёт соҳасида ҳам санитария қоидаларига риоя этилмайди, десак муболаға бўлмайди. Баъзи ҳолларда ушбу соҳадаги санитария қоидаларига тўғри келмайдиган ҳолатлар ўлимга сабаб бўлади. Масалан, Қоракўл шаҳридаги туғруқхонада асосий санитария талаблари ва гигиена қоидаларига риоя қилинмагани икки ҳафта ичида олти нафар гўдакнинг ўлимига сабаб бўлгани расман аниқланди. Натижада олти нафар раҳбар ишдан бўшатилди.

Шундай экан, масжид ва мадрасаларни ёпиш учун рухсат қоғози, ёнғин хавфсизлиги ёки санитария ҳолати куруқ баҳонадан бошқа нарса эмас! Ҳозирги ҳукумат мухолифат етакчиларининг айримларини ҳибсга олиб, баъзиларига мансаб бериб, баъзилари билан келишиб олгач, энди кураш навбати Исломга келган кўринади. Диний қадриятлар кенг тарқалган ҳудудларда масжид ва мадрасаларнинг ёпилиши бунинг далилидир. Айниқса, ёзги таътилда минглаб ота-оналар фарзандларини масжид-мадрасаларга юбориш учун навбат кутаётган бир пайтда ҳукуматнинг бундай қадам ташлаши провокацион ҳаракатдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун биз Қирғизистон ҳукуматига шундай мурожаат қиламиз: ҳайит намозларида халққа кўриниш бериб, кейин масжидларни ёпиш билан ўзингиздаги мунофиқлик аломатларини кўрсатяпсизми? Аллоҳдан қўрқинг ва Исломга юзланинг! Сизнинг асосий вазифангиз масжид ва мадрасаларни ёпиш эмас, аксинча, масжидлар қуриб, ибодатга шароитлар яратиб қўйишдир! Мадрасалар очиб, мусулмон ёшларга динни ўргатишдир! Лекин, афсуски, сиз Аллоҳнинг ҳузуридаги азизликни танлаш ўрнига, мустамлакачиларга малайлик қилиш билан ҳорликни танламоқдасиз!

Туркистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here