золимларга берилиб кетиш (мойил бўлиш) ва «икки зарарнинг енгилроғи» қоидаси ҳақида

2559
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳизб ут-Таҳрир амири олим, шайх Ато ибн Халил Абу Роштанинг Фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан (фиқҳий)

(Osama Alshanab)нинг золимларга берилиб кетиш (мойил бўлиш) ва «икки зарарнинг енгилроғи» қоидаси ҳақидаги саволига жавоб

Савол:

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Аввало, баракотли саъй-ҳаракатларингизни олқишлаб, миннатдорчилик билдираман. Қодир Аллоҳдан сизни Ўз нусрати билан қўллаб-қувватлашини сўраб қоламан. Аллоҳ ушбу даъват учун Саъд ибн Муоз каби ансорларни чиқариб, Умматнинг қайғусини аритсин ва уни аввалги азизлигига қайтарсин.

Менинг иккита муҳим саволим бор. Жавоблар мумкин қадар батафсил бўлади, деган умиддаман. Нашр қилинаётган жавобларнинг ҳар доим батафсил бўлишини билсамда, ушбу масалани ҳар томонлама тушуниш учун бир қанча шаръий далилларнинг батафсил шарҳланишини истайман. Саволим қуйидагича:

Биринчи: Мусулмон одамнинг босқинчига қарши жиҳод қилиш ёки динга нусрат-ёрдам бериш имконига эга бўлиш учун золимдан (яъни мунофиқ, фосиқ ёки ҳатто кофир бўлишидан қатъий назар, салтанат соҳиби, нуфузли ва фойдали имкониятларга эга бўлган ҳар қандай одамдан) пул ёки ёрдам сўраш орқали унга мойил бўлиши нега жоиз эмас?

Иккинчи: Агар мен аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган бир давлатда бўлсам… У ерда президентлик сайловлари ўтаётганини кўрсам… Номзодларнинг барчаси Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритишни истамагани ҳолда, фақат битта номзод Аллоҳ нозил қилган баъзи аҳкомлар билан ҳукм юритишни истаётган бўлса… Мен бу номзоднинг баъзи исломий кўринишларни сақлаб қолишини билсам… Олдинги номзодларга келсак, улар ушбу давлат аҳолисининг баъзиларини қувғин қилиши, бир қатор исломий кўринишларни йўқ қилиши ҳамда бузғунчиликни ва тубан қадриятларни ёйиши мумкин бўлса… Мана шундай ҳолатда, оми одамлар «Балолар орасидаги енгилроғи» дея атаган нарсага кўра, номзодлар орасидан ёмонлиги озроқ бўлган кишини сайлашим шаръан жоиз бўладими? Айни пайтда, бундай хорликни тўхтатишга мусулмонларнинг кучи етмайди. Бу куч билан ўрнатилган воқеликдир. Шунинг учун агар ёмонликнинг ҳукм суришига ташлаб қўйилса, мусулмон биродарларимиз қувғинга учраши ва қирғин қилиниши мумкин. Агар мен ёмонлиги озроқ бўлган кишига овоз берсам, Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритишни истамаётган кишининг менга ҳукмронлик қилишига рози бўлган бўламан.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Биринчи: сизнинг биринчи саволингизга келсак, унинг жавоби саволнинг ўзида бор…

  • Сиз (Мусулмон одамнинг босқинчига қарши жиҳод қилиш ёки динни қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлиш учун золимдан (яъни мунофиқ, фосиқ ёки ҳатто кофир бўлишидан қатъий назар, салтанат соҳиби, нуфузли ва фойдали имкониятларга эга бўлган ҳар қандай одамдан) пул ёки ёрдам сўраш орқали унга мойил бўлиши нега жоиз эмас?), деб сўраяпсиз. Гўёки сиз (Золимга мойил бўлиш) деб айтган сўзингиз билан Аллоҳ Таолонинг:

﴿وَلَا تَرْكَنُوا إِلَى الَّذِينَ ظَلَمُوا فَتَمَسَّكُمُ النَّارُ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللهِ مِنْ أَوْلِيَاءَ ثُمَّ لَا تُنْصَرُونَ

«Зулм йўлини тутган кимсаларга берилиб кетманглар (мойил бўлманглар). Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (яъни, золимларга мойил бўлсангиз) сизларга нусрат-ёрдам берилмас»        [Ҳуд 113]

деб айтган оятини назарда тутгандексиз. Сиз назарда тутган ушбу оятдан зулм йўлини тутган кимсаларга мойил бўлишнинг ҳаромлиги очиқ кўриниб турибди. Шундай экан, нега бунинг жоизлиги ҳақида сўраяпсиз?!

  • Қуртубийнинг ушбу оятга берган тафсирида қуйидагича келади:

(Унда тўртта масала бор: Биринчи: Аллоҳ Таолонинг «وَلَا تَرْكَنُوا берилиб кетманглар» деб айтган сўзи. Аслини олганда, берилиб кетиш (мойил бўлиш) бирон бир нарсага эътимод қилиш, таяниш, ишонч билдириш ва унга рози бўлишдир. Қатода айтади: Унинг маъноси, уларни дўст тутманглар ва уларга итоат этманглар, деганидир. Ибн Журайж: Уларга мойил бўлманглар, деб айтади. Абул Олия: Уларнинг ишларига рози бўлманглар, дейди. Буларнинг барчаси маънода бир-бирига яқин…

Учинчи: Аллоҳ Таолонинг: (إِلَى الَّذِينَ ظَلَمُوا зулм йўлини тутганлар кимсаларга), деб айтган сўзи. Улар ширк аҳли, деб айтилган. Аллоҳ Таоло:

﴿وَإِذَا رَأَيْتَ الَّذِينَ يَخُوضُونَ فِي آيَاتِنَا﴾

«Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз…»                                                                                                                               [Анъом 68]

деб айтганидек, бу ширк аҳли ва осийлар ҳақида ҳам умумийдир, деб ҳам айтилган. Оятнинг маъноси ҳақидаги тўғри фикр шудир. Бу куфр ва маъсият аҳлини, бидъатчи ва бошқаларни тарк этишга (улар билан муносабатларни тўхтатишга) далолат қилади. Улар билан дўстлашиш куфр ёки маъсиятдир. Чунки дўстлик фақат меҳр-муҳаббатдан келиб чиқади…

Тўртинчи: Аллоҳ Таолонинг «فَتَمَسَّكُمُ النَّارُ Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар», дегани улар билан муносабатда бўлганингиз, уларни дўст тутганингиз, (ҳаққа) қарши чиқишларида уларга ёрдам берганингиз ва уларнинг ишларига рози бўлганингиз туфайли сизларни дўзах ўти куйдиради, деганидир…

Ушбу оятнинг тафсиридан очиқ кўриниб турибдики, золимга – у кофир ёки осий мусулмон бўлишидан қатъий назар – мойил бўлишнинг ҳукми ҳаром ва бунга шубҳа йўқ. Шунинг учун золимга мойил бўлиш уни дўст тутиш, унга итоат этиш, унга таяниш, уни мақташ ва зулмига сукут сақлашдир. Буларнинг барчаси мойил бўлиш остига киради ва бу ояти карима матни билан ҳаром қилинган.

3 – Кейин, сизнинг саволингизга кўра, золим кофир ҳукмдор бўлиши ҳам ва бугунги мусулмонлар ҳукмдорлари каби Исломдан бошқаси билан ҳукм юритаётган осий ёки мунофиқ ҳукмдор бўлиши ҳам мумкин…

а)   Агар ҳукмдор кофир бўлса, ундан ёрдам сўраш, гарчи жиҳод қилиш учун ундан пул олиш бўлса ҳам, шаръан жоиз эмас. Чунки ундан пул олиш, шубҳасиз, пул олган томон устидан унинг ҳукмрон бўлишига олиб келади. Бу, айниқса, жангари ва қуролли гуруҳларга алоқадор бўлганида аниқ кўринади. Чунки бу гуруҳлар уларни молиялаштирган давлатлар гаровига айланиб, қарорлари тортиб олинади. Ишлар ҳақиқатидан бироз хабардор бўлган киши биладики, давлатлар садақа беришмайди. Дунёдаги ҳар қандай давлат ўз фуқароларидан бошқаларга фақат ўзининг муайян мақсадларини амалга ошириш учунгина пул беради. Уни ёрдам кўрсатилган томоннинг манфаати ташвишлантирмайди. Шахслар, жамоа ва гуруҳларнинг жиҳод қилиш ва босқинчига қарши жанг қилиш учун хорижий кофир давлатлардан пул олиши, албатта, ташқи кучларга боғланиш ва сиёсий жиҳатдан ўз жонига қасд қилишдир. Бу эса, кофирларни мусулмонлар устидан ҳукмронга айлантириб қўяди. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿وَلَنْ يَجْعَلَ اللهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلاً

«Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай»                              [Нисо 141]

б)   Аммо агар ҳукмдор мусулмон мамлакатлардаги ҳозирги ҳукмдорлар каби осий ҳукмдор бўлса, у ҳам фақат муайян мақсадларни амалга ошириш учунгина ташқи томонга пул беради. Кўпинча бу мақсадлар кофир давлатлар тузган режа доирасида бўлади. Чунки мусулмонларнинг ҳукмдорлари кофир мустамлакачи давлатларнинг малайларидир. Шунинг учун мусулмон юртларидаги ҳар қандай ҳукмдорга боғланган ва ундан ёрдам олган томон ўша ҳукмдорнинг қўлидаги қуролга айланади. Бу ҳукмдор уни ўзи истаган томонга йўналтиради. Шом юртларидаги кўплаб гуруҳ ва ташкилотларнинг минтақа давлатлари томонидан уларга сиёсий мақсадда берилаётган ифлос пулларга қарам бўлиб қолгани бизга яхши маълум… Золим ҳукмдорлардан пул олаётган томонларнинг бу ҳукмдорларга мақтовлар ёғдираётгани, уларни дўст тутаётгани, уларнинг башарасини чиройли кўрсатиб, қилмишларини инкор этмаётгани ҳақида айтмаса ҳам бўлади… Шубҳасиз, буларнинг барчаси ҳаромдир. Чунки у мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқи ва мақсадларига бепарволик қилишга олиб келади. Шунингдек, пул олган томонни золимнинг хизматкорига ҳамда ўз Уммати ва динининг хоинига айлантиради.

4 – Қолаверса, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ва динга нусрат-ёрдам бериш кофир ёки золим ҳукмдордан ёрдам сўраш билан бўлмайди. Чунки кофир ҳукмдорлар мусулмонларнинг душманлари бўлиб, Уммат уларга қарши жиҳод қилиши ва қарши туриши вожибдир. Улардан ёрдам ва пул олиш орқали уларга қарши жиҳод қилинишини тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки бу очиқ зиддиятлидир. Аксинча, жиҳод ва динга нусрат-ёрдам бериш Умматга таяниш билан ҳамда уни куч ва молиявий ёрдам олинадиган манбага айлантириш билан бўлади.

Мусулмон юртларидаги золим ҳукмдорлар кофирнинг қўлидаги қуроллардир. Модомики, улар Умматнинг душмани бўлган, унга энг қаттиқ азобларни тотдираётган, ҳақиқий мужоҳидларга ва даъватни етказаётган холис мусулмонларга қарши уруш қилаётган кофирлар қўлидаги арзонгаров қурол экан, мусулмон кишининг кофирларга қарши уруш қилиш ва динни қўллаб-қувватлаш учун улардан ёрдам ва пул олишини қандай тасаввур қилиш мумкин?!

Иккинчи: Кейинги саволингизга келсак, биз 2010 йил 29 августда «икки ёмонликнинг яхшироғи ва икки зарарнинг енгилроғи» (ёки сиз саволингизда айтганингиздек «балолар орасидаги енгилроғи») қоидаси ҳақида батафсил жавобни берганмиз. Жавоб матни қуйидагича:

«Икки ёмонликнинг яхшироғи ва икки зарарнинг енгилроғи» қоидаси.

Бу бир қанча фуқаҳолар наздида шаръий қоидадир. Бу қоидани қабул қилган уламоларга кўра, у битта маънога далолат қилади. Яъни мукаллафнинг иккита ҳаром ишдан бирини қилишдан бошқа чораси бўлмаса, шунингдек, ҳар жиҳатдан имконсиз, яъни тоқатдан ташқари бўлгани учун бу иккала ҳаромни бира тўла тарк этишнинг ҳам имкони бўлмаса, ўша икки ҳаром ишдан ҳаромлиги енгилроқ бўлганини қилиш жоиз, деган маънони билдиради. Бундан бошқа маъноси йўқ.

Аллоҳ Таоло айтади:

﴿لَا يُكَلِّفُ اللهُ نَفْساً إِلَّا وُسْعَهَا

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди»            [Бақара 286]

﴿فَاتَّقُوا اللهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар»                                             [Тағобун 16]

Ушбу қоидани айтган уламоларга кўра, бу қоида ҳар икки ҳаромдан тийилиш имконсиз бўлсагина қўлланади. Яъни икки ҳаромдан тийилиш каттароқ ҳаромнинг содир бўлиши билангина мумкин бўлган тақдирда икки зарардан енгилроғи олинади. Шунингдек, бу уламолар икки зарарнинг енгилроғини ҳавои нафсга кўра эмас, балки шаръий аҳкомларга кўра белгилашган. Масалан, икки жонни сақлаб қолиш битта жонни сақлаб қолишдан муҳим ва учта жонни сақлаб қолиш янада муҳимроқ. Жонни сақлаб қолиш молни сақлаб қолишдан муқаддам. Ислом диёрини сақлаб қолиш динни сақлаб қолишга киради ва у жон ва молни сақлаб қолишдан муҳимроқ. Шунингдек, жиҳод ва буюк имомат динни сақлаб қолишга киради ва у заруротларнинг биринчиси ва энг муҳимидир. Олим Шотибий «Мувофақот» китобида шундай дейди: «Жонлар дахлсиз бўлиб, ҳимоя қилиш ва тирик сақлаб қолиш талаб қилинади. Агар масала жонни сақлаб қолиш билан у учун молни нобуд қилиш ёки жонни нобуд қилиб, молни сақлаб қолиш ўртасида бўлса, жонни сақлаб қолиш муқаддам қўйилади».

Айни қоидани қўллашда ушбу олимлар томонидан айтиб ўтилган мисолларни келтирамиз:

  • Онанинг туғиши қийинлашиб, бир вақтнинг ўзида ҳам онани, ҳам ҳомилани сақлаб қолиш имконсиз бўлса ва ҳолат тез қарор қабул қилишни, яъни ё онани сақлаб қолиш билан ҳомиланинг нобуд бўлишини ёки ҳомилани сақлаб қолиш билан онанинг ўлимини танлаш ўртасида қолинса… Агар ҳомилани тирик қолдириш учун онани ўлдириш ёки ҳомилани ўлдириш билан онани тирик қолдириш устида ишланмасдан тек ташлаб қўйиладиган бўлса, бу ҳолат ҳар иккисининг ўлимига олиб келиши мумкин бўлса… Бундай ҳолатда икки ёмонликнинг яхшироғи, икки ҳаромнинг озроғи ёки икки зарарнинг енгилроғи қоидасига амал қилиш айтилади. Яъни гарчи бу иш бирини сақлаб қолиш учун иккинчисини ўлдиришнинг айни ўзи бўлса ҳам, бундай ҳолатда онани сақлаб қолиш муқаддам қўйилади.
  • Бир шахсни иккинчи бир шахс чўктириб юборишга, ўлдиришга ёки бадани ва бирон бир аъзосига оғир шикаст етказишга ҳаракат қилаётган бўлса… Ёки бирон бир аёлнинг номусига тажовуз қилинаётган бўлса… Бу ишлар ушбу мункарларни олдини олишга қодир ва ўша вақтнинг ўзида вақти ўтиб кетиши мумкин бўлган фарз намози зиммасида бўлган мукаллафнинг ҳузурида содир бўлса… Ушбу ҳаромни олдини оладиган бўлса, вожиб намозни адо этишнинг вақти ўтиб кетса, вожиб намозни вақтида адо этса, ушбу ҳаром иш содир бўладиган бўлса… Вақт ҳар икки ишни бир пайтда қилишни сиғдира олмаса… Бундай пайтда ушбу қоидага амал қилинади. Белгилаш ҳам шариат томонидан бўляпти. Зеро, шариат айни ҳаром ишларни даф қилишни мазкур фарзни адо этишдан олдин қўйди. Бир вақтнинг ўзида ҳар икки фарзни ҳам адо этиш имкони бўлганда эди, уларнинг ҳар иккисини адо этиш вожиб бўларди.
  • Имом Ғаззолий ва Иззуддин ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳлар айтиб ўтган бошқа мисолларда «икки ёмонликнинг яхшироғи» қоидасига уларнинг қандай амал қилганликлари ва ҳукмлар ўртасини қандай тартибга солишгани кўрсатилган. Иззуддин ибн Абдуссалом «Қоваидул аҳкам фи масолиҳил анам» китобида айтади: «Агар аниқ зарарлар йиғилиб келиб, уларни олдини олиш имкони бўлса, уларни олдини оламиз. Агар ҳаммасини олдини олиш имконсиз бўлса, энг зарарлисини ва энг ёмонини олдини оламиз». Кейин у мисоллар келтириб шундай дейди: «Мусулмон киши иккинчи бир мусулмонни ўлдиришга мажбур қилинса ва бундан бош тортса ўзи ўлдириладиган бўлса, унинг учун ўзининг ўлдирилишига сабр қилиш орқали бошқасини ўлдириш зарарини олдини олиш лозим бўлади. Чунки ўзининг ўлдирилишига сабр қилиши қотилликка қадам қўйишдан зарарсизроқдир…». Бу мусулмон кишининг икки зарар ёки икки ҳаромнинг биридан қутулиш имконсиз бўлиб қолган ўринда улардан енгилини танлашига яққол мисолдир. Агар ҳар икки зарарни ҳам олдини олиш имконли бўлса, унга шуни қилиш вожиб бўлади.

Бошқа бир мисолда айтади: «Агар у ўлдириш билан қўрқитилиб ёлғон гувоҳлик бериш ва ботил ҳукм чиқаришга мажбур қилинса… Ёлғон гувоҳлик бериш ёки ҳукм чиқариш бир одамнинг ўлимига ёки аъзосининг кесилишига ёки номусга тажовуз қилишга олиб борса, ёлғон гувоҳлик бериш ҳам, ботил ҳукм чиқариш ҳам жоиз эмас. Чунки бегуноҳ мусулмоннинг ўлимига, айби бўлмаса ҳам аъзоси кесилишига ёки номусига тажовуз қилинишига сабабчи бўлишдан кўра ўлимга таслим бўлиш афзалроқдир…». Бошқача қилиб айтганда, киши ўзининг ўлдирилиши билан бошқа бировнинг ўлдирилишига ёки бирон бир аъзоси кесилишига ёки номусига тажовуз қилинишига олиб келадиган ёлғон гувоҳлик бериш ўртасида қолса, унинг ёлғон гувоҳлик бериши жоиз эмас. Аксинча, у ўзининг ўлдирилишига сабр қилиши лозим. Чунки у учун ўзининг ўлдирилишига сабр қилиши иккинчи мусулмонни ўлдиришидан афзалдир…

Яъни икки ҳаромнинг ёки зарарнинг енгилроғига амал қилишга мажбур бўладиган ҳолат шуки, бу икки ҳаромнинг ҳар иккисидан ҳам четланиш ёки ҳар иккисини ҳам олдини олишдан ожизлик ҳолатидир.

Булар «икки зарарнинг енгилроғи» қоидасини қабул қилган уламоларнинг айтганларига кўра айни қоидаларни қўллаш борасидаги мисоллардир. Бироқ, сарой шайхлари ёки мусулмонларнинг шаръий аҳкомлардан адаштирув ва ботиллар орқали четга чиқишини хоҳлаётганлар томонидан тиқиштирилаётган нарсалар ушбу қоидага мисол бўла олмайди.

Шундай кишилар борки, улар бир ҳаромни қўйиб, иккинчи бир ҳаромни қилиш учун ушбу қоидани қўллайдилар. Улар қамоққа тушишларидан ёки лавозимидан ҳайдалишидан қўрқишаётганини айтиб, ўзларининг бу ишини оқлайдилар. Бу эса ушбу қоидани қўллаш эмас.

Яна шундай кишилар борки, улар куфр ҳокимиятида иштирок этиш ҳаром бўлишига қарамасдан, ҳокимиятнинг барча лавозимларини фосиқларга ташлаб қўймаслик учун куфр ҳокимиятида иштирок этамиз, чунки ҳокимиятни уларга ташлаб қўйиш каттароқ ҳаром, деб айтадилар… Бу эса ушбу қоидани қўллаш эмас. Аксинча, улар «майхонани кофир очиб, у орқали пул топиши ўрнига, уни ўзимиз очиб пул топамиз» деб айтаётган кишиларга ўхшайди…

Бирон бир киши икки ҳаром ишга рўбарў бўлса, ҳар икки ҳаромдан тийилишга қодир бўла туриб, улардан енгилини қилиши ушбу қоидани қўллаш эмас. Бунга фалончи кофир илмоний бўлса ҳам ёки фосиқ бўлса ҳам ўшани сайланглар, ёхуд ўша фалончини қўллаб-қувватланглар, иккинчи илмонийни қўллаб-қувватламанглар, чунки биринчиси бизга ёрдам беради, иккинчиси ёрдам бермайди, деган гапни мисол қилсак бўлади. Бунинг ўрнига бундай дейиш керак: Бизга таклиф қилинаётган ҳар икки иш ҳам ҳаром. Зеро, илмоний кимсани сайлаш ёки уни вакил қилиш жоиз эмас. Чунки у Исломга амал қилмайди ҳамда вакил қилаётган кишига ҳаром бўлган ишларни қилади. Масалан, қонун чиқариш ёки ҳаром лойиҳаларни тасдиқлаш, ҳаром нарсаларни талаб қилиш, уларга рози бўлиш, унга амал қилиш каби. Умуман олганда, бундай кимса маъруфдан қайтариб, мункарга буюради. Шунинг учун уларнинг ҳар иккисини ҳам сайлаш жоиз эмас. Чунки унисини ҳам, бунисини ҳам сайлаш ҳаром. Ушбу сайловни ёки бошқа бир сайловни тарк этиш имконият доирасидаги ишдир.

Икки ҳаром ишга дуч келган, уларнинг ҳар иккисидан тийилишга қодир бўла туриб, ҳавои нафсига кўра улардан енгилигини танлаган ва икки ҳаромдан тийилиш қийин, дея даъво қилиб, шу ҳаром ишни қилган мусулмон кишининг иши «икки зарарнинг енгилроғи» қоидасини қўллаш эмас! Модомики, ҳаромлардан тийилиш унинг имконияти доирасида экан, шаръий аҳкомларга кўра, у учун барча ҳаром ишлардан тийилиш вожибдир.

Бу «икки зарарнинг енгили» ёки «икки ёмонликнинг яхшироғи» қоидасининг қисқача кўринишидир). Олдинги савол-жавобдан олинган иқтибос тугади.

Шу жавоб етарли бўлса керак, деб ўйлайман. Аллоҳ билгувчи ва Ҳаким зотдир.

 

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта                                            

23 зулҳижжа 1444ҳ

                                                                                                                     

11 июл 2023м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here