Марк Милли дунёнинг жиддий муаммоларга дуч келиши ҳақида огоҳлантирди
АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Марк Милли “ягона қутбли дунё” даври ниҳоясига етганлигини маълум қилди. У бу ҳақида Миллий мудофаа университети битирувчилари олдида қилган нутқида айтиб ўтди. Миллининг таъкидлашича, бугунги кунда дунёда Ғарб даъво қилаётганидек бир эмас, учта супер куч мавжуд. АҚШ ва Россия билан бир қаторда Хитой ҳам дунёнинг сиёсий харитасида ўз ўрнини эгаллаганига эътибор қаратган Миллей, “Биз ҳозир камида учта супер куч (АҚШ, Хитой ва Россия) мавжуд бўлган кўп қутбли халқаро муҳитда яшаётганимиз тобора ойдинлашиб бормоқда”, деди.
Миллининг таъкидлашича, келгуси 10-15 йил ичида дунё “жуда жиддий муаммолар ва инқирозлар”га дуч келади. Унга кўра, бу муаммоларнинг асосийси, дунёнинг энг қудратли давлати бўлмиш АҚШ етакчилик қилган “бир қутбли давр”нинг тугашидир. “Баъзи давлатлар ўз минтақаларида ўйнаган ролини ошира бошлади ва олдинга чиқди. Баъзилари келажакда супер куч мақомини даъво қилиши мумкин”, деди Милли.
Изоҳ: “Ягона қутбли дунё”, деган сўз битта йирик давлатнинг халқаро сиёсат, қарор чиқариш, Хавфсизлик кенгаши, БМТ ва бошқа каттаю-кичик муассасалар устидан хўжайинлик қилиш маъносини англатади. Баъзи ўринларда бу «дунё жандарми» деб ҳам аталади. Бу «жандарм» давлат дунёнинг барча томонларида юз бераётган курашларни бир ўзи бошқаради.
Совет иттифоқи қулашидан олдин халқаро сиёсат “икки қутб”, яъни АҚШ ва СССР томонидан бошқарилар эди. У даврда шу икки қутб ўртасида рўй берган кураш ва рақобатлар «совуқ уруш» деб аталар эди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирларида Совет иттифоқининг парчаланиши ортидан Америка якка қутбга айланди ва ёлғиз ўзи ягона буюк куч сифатида дунё устидан ҳукмронликни эгаллади. Бироқ унинг якка қутблик даври узоққа чўзилмади.
Аслида Американинг бир қутбли тизими муваффақиятсизликка учрагани анча олдин бошланган эди. Обама даврига келиб, унинг дунёни «бир қутблилик билан бошқариш» ғоясидан воз кечгани расман эълон қилинди. АҚШ сиёсат, иқтисод ва халқаро таъсирда ғарб давлатларининг энг кучлиси бўлсада, охирги вақтларда у анча заифлашди. Бунинг сабаби шундаки, Америка СССРни парчалаб, якка қутбли оламда ёлғиз буюк кучга айлангандан сўнг, ўзининг янги рақиблари сифатида, Хитой, Британия ва Россияни танлаган бўлса-да, бироқ терроризмга қарши кураш ниқоби остида асосан Исломга ва унинг Халифалик лойиҳасига қарши курашни биринчи ўринга қўйди. У Исломни бартараф қилиш учун шафқатсиз ҳужум қилди ва якка қутбли сиёсатига таяниб, Жаҳон Савдо ташкилоти, Бирлашган миллатлар ташкилоти, оммавий ахборот воситалари ва Исломий юртлар ҳокимларини ишга солди. Лекин у Ислом қаршисида Аллоҳнинг фазли ила қаттиқ муваффақиятсизликка учради. Аллоҳ йўлида ўлимни шараф деб биладиган ҳақиқий эр кишиларга дуч келган АҚШ армияси замонавий ҳарбий технологияларга эга бўлишига қарамай, тум-тарқай бўлиб кетди. Хуллас, АҚШнинг Ислом ва мусулмонларга қарши кураши унинг анчагина кучини йўқотишига сабаб бўлди. Хусусан, унинг Ироқ ва Афғонистон ботқоғига ботиб қолиб, ўзгалардан ёрдам сўрашга мажбур бўлиб қолганлиги уни дунёда якка ҳокимлик ва буюклик мақомидан тушириб юборди. Яъни унинг Ислом ва мусулмонлар қаршисида ожиз қолиши сиёсий кучининг асосий қисмидан мосуво бўлишига сабаб бўлди, халқаро мавқеи тебраниб қолди. Натижада бутун оламни ўз қаноти остида ушлаб туришга бўлган қудратига сезиларли даражада путур етди. Ҳатто бу ҳолатни АҚШ расмийларининг ўзлари тан олишиб, баёнотлар беришди.
Ҳозирда Оқ уй расмийлари тарафидан келаётган, АҚШ етакчилик қилган “бир қутбли давр”нинг тугаши ва дунёнинг жиддий муаммолар ва инқирозларга дуч келиши ҳақидаги огоҳлантиришлар шубҳасиз, дунё тартиби ўзгараётганидан далолат беради.
Дунё тартибининг ўзгариши деганда, дунёга ҳукмронлик қилаётган ҳазоратнинг ўз-ўзидан қулаши ёки буюк давлатларнинг заифлашиб, кичик давлатларга айланиб қолиши тушунилмайди. Балки, рақобат учун янги кенг майдон пайдо бўлгани тушунилади. Бу майдонда капитализм ҳазорати бошқа ҳазорат томонидан ер юзидан супуриб ташланмоғи лозим. Бунинг учун ягона номзод Ислом ҳазоратидир. Бугунги кунда Ислом ҳазоратидан бошқа башариятни азоб-уқубатлардан қутқарадиган ҳеч қандай ҳазорат мавжуд эмас. Чунки Ислом ҳазорати раббоний ҳазоратдир. Аммо бу – Ислом ҳазорати ҳеч қандай инсон иштирокисиз Илоҳий куч орқали ҳаётга қайтади, дегани эмас. Аксинча, бугунги кунда қулаш арафасига келиб қолган капитализм ҳазоратининг ўрнини Ислом ҳазорати эгаллаши учун мусулмонлардан Росулуллоҳ ﷺнинг тариқатларига эргашган ва сабабларни ушлаган ҳолда жамоий шаклда ҳаракат қилишлари талаб қилинади. Бу Илоҳий қонун бўлиб, мусулмонларнинг зиммасидаги энг буюк фарзлардан биридир.
Зоҳид Заргар