Садир Жапаров: Афғонистондаги вазият Марказий Осиё учун хавотирли

51
0

Садир Жапаров: Афғонистондаги вазият Марказий Осиё учун хавотирли

 Хабар: Садир Жапаров Афғонистоннинг айрим вилоятларидаги вазиятни Марказий Осиё учун хавотирли деб атади. Бу ҳақда у 16 май куни Москвада бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг юбилей йиғилишида сўзлаган нутқида маълум қилди.

  Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг фикрича, “ташқи ҳомийлари Марказий Осиё бўйича кенг кўламли режаларга эга бўлган Афғонистоннинг айрим вилоятларида радикал диний-террорчилик тузилмаларининг тўсиқсиз фаолият юритиши туфайли КХШТнинг жанубий чегараларидаги вазият жуда хавотирли бўлиб қолмоқда”.

 Ўз нутқида у “хавфсизликка таҳдидлар ва ҳарбий-сиёсий кескинлик КХШТ масъулият ҳудудининг барча чегараларига яқинлашганини” таъкидлади.

 “КХШТга аъзо давлатларнинг ички ишларига учинчи шахсларнинг аралашувига уринишлар кузатилмоқда. Шундай қилиб, йил бошида биз аъзо давлатлардан бирида кутилмаган хавфсизлик инқирозини тўхтатишга мажбур бўлдик. Биз зудлик билан ва самарали жавоб қайтардик”, – деди Жапаров.

 Жапаров “озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, макроиқтисодий барқарорлик ва ижтимоий барқарорликка таҳдид солаётган” санкциялар қарама-қаршилигидан хавотир билдирди.

 Изоҳ: Россия постсовет республикаларида ўз ҳарбий таъсирини сақлаб қолиш учун ташкил этган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) Россиянинг ҳозирги сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий ҳолатида фаолияти ва мавжудлигини сақлаб қолиши савол остида қолмоқда. 16-май куни бўлиб ўтган КХШТга аъзо давлат раҳбарлирининг навбатдаги йиғилишида иттифоқчилар орасида ўзаро ишончсизлик ва бир-бирини ҳиёнатда айблаш ҳолатлари кузатилди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян озар-арман уруши вақтида ташкилотга аъзо давлатлар “Арманистонга дўст бўлмаган давлатларга қурол-яроқ сотгани ва натижада бу қуроллар Арманистон ва арман халқига қарши ишлатилганидан” шикоят қилган бўлса, Жириновскийдан кейин Путиннинг “масхарабози” ва Кремл “тилига” айланган Александр Лукашенко коллектив Ғарб томонидан ташкилотга аъзо давлатлардан бири (Россия)га қарши қўлланаётган иқтисодий санкциялар вақтида ташкилотга аъзо баъзи давлатларни унинг самолётларини ўз ҳудудига киришини тақиқлашда айблади. Ҳар икки давлат раҳбари ҳам аниқ давлат номини айтишмаган бўлсада, уларнинг бу баёнотлари ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган музокараларда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида келишмовчилик вужудга келганидан дарак беради.

 Путин учун Россиянинг ҳозирги ҳолатида ўз иттифоқчиларини сақлаб қолиш ва улар сафини имкон қадар кенгайтириш жуда муҳим. Шу сабабли ҳам ҳозирга қадар рамзий ташкилот сифатида фаолият юритиб келган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га КХШТ ҳузурида кузатувчи мақомини тақдим этишни таклиф қилди.

 “Биз ШҲТ ва МДҲ бўйича ҳамкорларимиз билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, фикримизча, МДҲга КХШТ ҳузурида кузатувчи мақомини тақдим этиш ўринли ва тўғри бўлган бўларди. Буни муҳокама қилмоғимиз даркор”, – деди Путин юбилей саммити давомида. Маълумки, КХШТга фақат Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонгина аъзо холос. МДҲ эса ўз сафида – Россия, Озорбайжон, Арманистон, Булорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни жамлаган. Путин МДҲ кузатувчи мақом бериш орқали КХШТга аъзо бўлмаган давлатларни ҳам ўзининг ҳарбий блоки атрофида жамлашга урунмоқда. Бу орқали Путин бу ташкилотдан ҳам ҳарбий мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиб кўрмоқчи.

 Бизнинг давлат раҳбарлари эса ўз тахтларини сақлаб қолиш умидида чўкиб бораётган кемага ўтириб, Россияга хушомад қилишади. Улар учун ўз тахтларини сақлаб қолиш ва Россиянинг мамлакатда ҳарбий иштирокини таъминлашдаги энг синалган восита “терроризм” ва “экстремизм” “таҳдиди”дан иборат. Улар бу “таҳдиддан” ўз бошқарувларига нисбатан ишончсизлик кучайиб, халқ норозилиги ортиб бораётганида унумли фойдаланишади ва бу “таҳдид”ни бўрттириб кўрсатиш орқали хожаларидан моддий ва ҳарбий ёрдам олиш илинжида бўлишади.  

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here