Ойни кўриш ва астрономик ҳисоб-китоб

526
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳизб ут-Таҳрир амири олим, шайх Ато ибн Халил Абу Роштанинг фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан (фиқҳий)

Саволга жавоб

Ойни кўриш ва астрономик ҳисоб-китоб

Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳнинг Росулига, у зотнинг оилалари, саҳобалари ва ул зот билан дўст бўлганларга салоту саломлар ёғилсин, аммо баъд:

Ойни кўриш ва астрономик ҳисоб-китоб ҳақида саҳифамизга савол йўллаган биродарларимизга…

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Ойни кўриш ва астрономик ҳисоб-китоб тўғрисидаги саволларингиз билан танишиб чиқдим. Биз бу ҳақда кўп марта жавоб берганмиз. Шундай бўлса-да, майли, мен ўша жавобларимизга қўшимча, кенгроқ шаклда яна тушунтириб ўтаман. Ушбу жавобни биродарларимиз диққат билан кўриб чиқиб, тадаббур қиладилар, деган умидда ва Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда қуйидагиларни айтаман:

  • Қадрли биродарлар, биз астрономик ҳисоб-китобни ой мавзусига киритмаймиз. Чунки шаръий нусус фақатгина ойни кўришга таянади. Шунинг учун ойни кўриб рамазонни бошлаймиз, ойни кўриб рамазонни тугатамиз. Агар рамазон ойининг йигирма тўққизинчи куни кечки пайт ойни кўрмасак – ҳатто астрономик ҳисоб-китоб бўйича ой бор бўлиб, булут ёки об-ҳаво вазияти сабабли тўсилиб қолган бўлса ҳам – рамазон ойининг кунларини ўттиз кун қилиб белгилаймиз. Чунки нусусда коинот ҳодисалари эмас, балки ойни кўриш айтилгани учун бу масалада фақатгина ойни кўришга таянилади. Росулуллоҳ ﷺнинг имом Бухорий ривоят қилган ушбу ҳадисларига бир боқинг: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий ﷺ ёки Абу Қосим ﷺнинг бундай деганларини эшитдим дейди:

«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلاَثِينَ»

«Ойни кўриб рўзани бошланглар, ойни кўриб рўзани тугатинглар. Агар ҳаво булут бўлса, шаъбон ойининг саноғини тўла ўттиз кун қилинглар».

Яна бир ҳадисда бундай келади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бундай деганини эшитдим: Росулуллоҳ ﷺ айтганлар:

«لَا تَصُومُوا حَتَّى تَرَوْا الْهِلَالَ وَلَا تُفْطِرُوا حَتَّى تَرَوْا الْهِلَالَ، وَقَالَ: صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ فَإِنْ غَبِيَ عَلَيْكُمْ فَعُدُّوا ثَلَاثِينَ»

«То ойни кўрмагунингизча рўзани бошламанглар, то ойни кўрмагунингизча рўзани тугатманглар. (Пайғамбар алайҳиссалом яна бундай деганлар): ойни кўриб рўзани бошланглар, ойни кўриб рўзани тугатинглар. Агар ҳаво булут бўлса, ой кунларини ўттиз кун қилинглар». Яъни агар булут ойни тўсиб қолиб, мусулмонлар уни кўрмасалар, гарчи астрономик ҳисоб-китоб бўйича ой бор деб ҳисобланса ҳам, биз рўзани бундай ҳисоб-китоб бўйича тугатмаймиз, балки ойни кўрмаганимиз учун ўттизинчи кун ҳам рўза тутамиз. Яна такрор айтаманки, ҳадисдаги «فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلَاثِينَ Агар ҳаво булут бўлса, шаъбон ойининг саноғини тўла ўттиз кун қилинглар», деган сўзга бир эътибор беринг, астрономик ҳисоб-китоб бўйича ой бор бўлишига қарамай, ул зот шундай демоқдалар.

  • Ойнинг қачон тўлиши, қачон туғилиши, қачон ботиши ва қуёш ботгандан сўнг қанча дақиқа туришини астрономик ҳисоб-китоб бўйича сониясигача аниқлаш мумкинлигини биз билиб турибмиз… Бироқ шаръий нусусда коинот ҳодисалари эмас, балки ойни кўриш айтилди. Намоз вақтларида эса, шунга гувоҳ бўласизки, нусусда коинот ҳодисалари айтилиб, кўришнинг ўзига чеклаб қўйилмади:

﴿أَقِمِ الصَّلَاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ﴾

«Қуёш оғишидан бошлаб намозни барпо қилинг»                                                          [Исро 78]

«إِذَا زَالَتِ الشَّمْسُ فَصَلُّوا»

«Қуёш оғса намозни адо қилинглар». Шу билан намоз вақтга боғлаб қўйилди. Вақтни қандай восита билан аниқласангиз, намоз ўқийверасиз. Масалан, қуёшга назар ташласангиз, унинг оғиш вақтини кўрасиз, ёки сояга назар ташласангиз, намоз вақтлари ҳақидаги ҳадисларда келгани каби ҳар бир нарсанинг соясини нарсанинг ўзи билан тенг ёки ўзидан икки баробар бўлганини топасиз. Яъни вақтни қуёшга ёки сояга қараб аниқлаш билан ўқиган намозингиз тўғри бўлаверади. Энди, бундай қилмай, астрономик ҳисоб-китоб бўйича иш тутсангиз ҳам, яъни ташқарига чиқиб, қуёшга ёки сояга қараб ўтирмай, завол вақтини соатга қараб аниқласангиз ҳам ўқиган намозингиз дуруст бўлаверади. Яъни ҳар қандай восита билан бўлса ҳам, вақтни аниқласангиз кифоя. Хўш, нима учун бундай? Гап шундаки, Аллоҳ Субҳанаҳу сиздан намозни вақти кирганда ўқишни талаб қилди. Вақт кирганини аниқлаш учун муайян йўл-восита белгилаб бермай, буни ўзингизга қўйиб берди. Кўриб турганингиздек, завол вақтини қараш билан аниқласангиз ҳам, соатга биноан аниқласангиз ҳам ўқийверасиз. Яъни кўриш билан ҳам, ҳисоб-китоб билан ҳам ўқийверасиз. Чунки шаръий нусус кўришга далолат қилмади, балки коинот ҳодисаларига далолат қилди. Бунинг акси ўлароқ, рўзани бошлаш ва тугатиш ҳақидаги шаръий нусус коинот ҳодисаларига эмас, балки кўришга далолат қилди.

  • Энди, гувоҳнинг чалкаштириб юбориб, яъни бошқа нарсани кўриб олиб, ойни кўрдим, деб гувоҳлик беришига келсак, бу масала қозининг иши ёки ойининг бошланиши ва тугашини эълон қилиш ваколатига эга шахснинг ишидир. Зеро, бу масалада гувоҳлар ва уларнинг саноқлари текширилади, уларнинг сони қанча кўпайса, ишонч ҳам ортаверади. Шунингдек, гувоҳнинг кўзи яхши кўрадими, ой қавси қайси томонга қараб турган эди, қуёш ботгандан сўнг қанча вақт турди, қайси томонда кўринди, гувоҳ мусулмонми, фосиқми… шуларнинг ҳаммаси текширилади. Бизга Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Абу Ризма хабар қилди: Бизга Фазл ибн Мусо Суфёндан, у Симокдан, у Икримадан, у Ибн Аббосдан ушбуни ривоят қилди: Бир аъробий Набий ﷺнинг олдиларига келиб, «Мен ойни кўрдим, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва Росули эканига гувоҳлик берасанми? – деб сўрадилар. Аъробий ҳа, деб жавоб берди. Шунда Набий одамларни рўзани бошлашга буюрдилар». (Сунани Насоий). Гувоҳлардан мана шундай шаклда текширилган. Лекин мавзуга астрономик ҳисоб-китоб аралаштирилмаган. Яъни гувоҳга астрономик ҳисоб-китоб ойнинг булут ортида борлиги ёки йўқлигини кўрсатяпти, деб айтилмайди. Чунки бу масалага астрономик ҳисоб-китобни аралаштириш Росулуллоҳ ﷺнинг

«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلَاثِينَ»

«Ойни кўриб рўзани бошланглар, ойни кўриб рўзани тугатинглар. Агар ҳаво булут бўлса, шаъбон ойининг саноғини тўла ўттиз кун қилинглар», деган ҳадисларига хилофдир. Зеро, нусус очиқчасига ой кунларини тўла ўттиз кун қилинишини айтяпти, гарчи астрономик ҳисоб-китоб ойнинг мавжудлигини, аммо уни булут тўсиб қолгани сабабли кўринмаётганлигини таъкидлаётган бўлса ҳам.

  • Аммо мана бундай савол берувчилар бор: «Росулуллоҳ ﷺ

«إِنَّا أُمَّةٌ أُمِّيَّةٌ، لاَ نَكْتُبُ وَلاَ نَحْسُبُ، الشَّهْرُ هَكَذَا وَهَكَذَا يَعْنِي مَرَّةً تِسْعَةً وَعِشْرِينَ وَمَرَّةً ثَلَاثِينَ»

«Биз оми халқмиз. Ёзишни ҳам, ҳисоб-китобни ҳам билмаймиз. Ой гоҳ ундай, гоҳ бундай, яъни бир сафар йигирма тўққиз кун, бир сафар ўттиз кун келади», деганлар. (Бухорий ривояти). Бу ҳадисдан биз ёзишни ва ҳисоб-китобни билмаганимиз учун ойни кўриш раъйини оламиз, агар ҳисоб-китобни билсак, астрономик ҳисоб-китобни оламиз, деган мухолафа мафҳуми олинмайдими?».

Бу нотўғри мафҳум-тушунча бўлиб, бундай гап усул илми бўйича рад этилган, яъни бекор қилинган. Чунки «أمية оми-саводсиз» сифати кўпчиликка нисбат берилган бўлиб, араблар кўп ҳолларда саводсиз бўлган. Бундан ташқари, мазкур мафҳум бошқа ҳадисларнинг мантуқи бўйича, масалан, Бухорийда келган

«فَإِنْ غُمَّ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا الْعِدَّةَ ثَلَاثِينَ»

«Агар ҳаво булут бўлса, ой кунларини тўла ўттиз кун қилинглар», деган ҳадиснинг мантуқи бўйича ҳам бекор қилинган. Бошқача ибора билан айтганда, агар булут ёки ёмғир ёхуд кўришга халақит берувчи бирор сабаб туфайли ойни кўришнинг имкони бўлмаса, шаръий ҳукм – гарчи ой чиқиб, уни булут тўсиб турган бўлса ҳам – ой кунларини тўла ўттиз кун қилишни белгилаган. Шунга биноан, ҳадиснинг мантуқига амал қилиниб, мухолафа мафҳуми бекор қилинади. Яъни бу ерда мухолафа мафҳумини иккита нарса бекор қиляпти. Биринчиси, «أمية оми-саводсиз» сифати кўпчиликка нисбат берилгани. Иккинчиси, бошқа бир нусуснинг бу мафҳумга зид бўлгани.

Мухолафа мафҳумига кўп ҳолларда амал қилиш шартлари шундай. Агар кўпчиликка нисбат берилган бўлса ёки бошқа бир нусуснинг мантуқи бекор қилса мухолафа мафҳуми бекор қилинади. Мисол учун

﴿وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ خَشْيَةَ إِمْلَاقٍ﴾

«Болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирманглар»                                                    [Исро 31]

оятидаги (خشية إملاق йўқчиликдан қўрқиб), деган жумла тушунарли сифат, яъни камбағал бўлиб қолишдан қўрқишдир. У шунингдек, кўпчиликка нисбат берилган. Чунки улар камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб ўлдиришар эди. Кейин бу мафҳум

﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِناً مُتَعَمِّداً فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ﴾

«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир»                                 [Нисо 93]

нусуси билан бекор қилинди. Шунинг учун бу мафҳум бекор қилинади. Чунки болаларни камбағалликдан қўрқиб ўлдириш ҳаром, аммо бой ҳолда ўлдирса ҳалол, дейилмайди! Балки у камбағал бўладими, бой бўладими ҳар икки ҳолатда ҳам ҳаром. Шунингдек, ушбу

﴿لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافاً مُضَاعَفَةً﴾

«Бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз!»                               [Оли Имрон 130]

оятини олайлик. Унда ҳам «أضعافاً مضاعفة Бир неча баробар қилиб олиш», деган жумла тушунарли сифат ҳамда кўпчиликка нисбат берилган. Зеро, улар бир неча баробар қилиб судхўрлик қилишарди. Кейин бу мафҳум

﴿وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا﴾

«Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилди»                                                      [Бақара 275]

Нусуси билан бекор қилинди. Шунинг учун бу мафҳум бекор қилинади. Чунки бу ерда кўп судхўрлик ҳаромдир, аммо оз бўлса жоиз, дейилмайди. Балки, судхўрлик миқдори қанча бўлишидан қатъий назар ҳаромдир. Чунки юқорида айтганимиздек, «أضعافاً مضاعفة Бир неча баробар қилиб олиш»даги мухолафа мафҳуми бекор қилинган.

Шундай қилиб, «أمية оми-саводсиз» сўзининг мухолафа мафҳуми юқорида баён қилганимиздек бекор қилинган. Бошқача ибора билан айтганда, агар булут ёки ёмғир сабабли ойни кўриш узрли бўлиб қолса, биз ҳисоб-китобни биламизми ёки билмаймизми, бундан қатъий назар, ой кунлари тўла ўттиз кун қилинади.

  • Бу йилги рамазон ҳайити масаласига келсак, агар эътибор берган бўлсангизлар, биз бу сафар кечроқ эълон қилдик. Сабаби – ой кўрилгани тўғрисида турли хил минтақалардан гувоҳликлар берилиб, бу масалани текшириш керак бўлди:

а)   Афғонистон, Мали ва Нигер 30 апрел шанба куни қуёш ботгандан сўнг ой кўринганини эълон қилиб, ҳайит кунини, яъни ҳижрий 1443 йилнинг 1 шавволини милодий 2022 йил 1 май якшанба, деб эълон қилишди.

б)   Йигирма битта араб давлатлари эса, шанба куни қуёш ботганидан кейин ойни кўриш исботланмаганини эълон қилиб, якшанба кунини рамазоннинг охирги ўттизинчи куни, 2022 йил 2 май душанбани ҳайит куни қилиб белгилашди.

в)   Тўртта давлатнинг тақвимида шанба куни рамазоннинг йигирма саккизинчиси эди. Шу боис, улар шанба куни кечқурун ойни текширишмади. Эртаси якшанба куни текшириб, кўришолмади… Натижада душанба кунини рамазоннинг охирги ўттизинчи куни, 2022 йил 3 май сешанбани ҳайит куни қилиб белгилашди. Булар Ҳиндистон, Бангладеш, Эрон ва Покистон эди.

  • Бу ерда ойни кўрмаганлар кўрганларга эргашиши керак эди. Чунки ойни кўрганлар кўрмаганлар учун ҳужжат бўлади ва мавзуга астрономик ҳисоб-китобларни аралаштирмасдан, шаръий нусусларда айтилганидек ойни кўриш ўз исботини топган ҳисобланади. Чунки Росулуллоҳ ﷺнинг

«فَإِنْ غَبِيَ عَلَيْكُمْ فَعُدُّوا ثَلَاثِينَ»

«Агар ҳаво булут бўлса, ой кунларини ўттиз кун қилинглар», деган ҳадислари очиқ-ойдин. Бу ерда эса, ҳаво булут бўлмай, ой кўрингани исботланди. Бундан ташқари, Мали ва Нигер Афғонистонга нисбатан ғарб томонда жойлашганини ҳисобга олсак, ой кўрингани Афғонистонда исботланган бўлса, Мали билан Нигерда ҳам исботини топади. Шунга асосан биз текширишни Афғонистондан бошладик. Ушбу давлатларда ой кўринганининг эълони қуйидагича бўлди:

а)   Нигер шаввол ойининг ҳилоли шанба куни қуёш ботгандан сўнг Диффа, Тахва ва Маради вилоятларида ҳамда Зиндер шаҳрида ўз исботини топганини эълон қилди.

б)   Шанба куни кечқурун Афғонистон олий суди 2022 йил 1 май якшанба кунини муборак рамазон ҳайитларининг биринчи куни, дея эълон қилди. Афғонистондан келган хабарда айтилишича, ой кўринган вилоятлар «Ғур, Ғазний, Қандаҳор ва Фараҳ вилоятлари бўлиб, минтақавий комиссия таркибидаги 27 нафар шахснинг соғлом гувоҳлик бергани ўз исботини топган».

в)   Мали давлати ҳам шанба куни кечқурун иккита жойда 8 нафар гувоҳ томонидан шаввол ойи кўрилгани ўз исботини топганини эълон қилди.

Бошқача ибора билан айтганда, турли жойларда 39 нафар гувоҳ ойни кўрди… Биз бу нарсани тасдиқлашни хусусан Афғонистондан бошлаб, астойдил ҳаракат қилдик. Зеро, Мали ва Нигер Афғонистонга нисбатан ғарб томонда жойлашган. Шунинг учун Афғонистонда ой кўрингани тўғри бўлса, Мали билан Нигерда ҳам кўрингани тўғри чиқади… Биз оммавий ахборот воситалари билан ҳам, ҳатто вилоятларимиздаги мўътамадларимиздан келган хабарлар билан ҳам кифояланиб қолмасдан, буларга қўшимча, Афғонистондаги матбуот бўлимимиз билан ҳам боғландик… Шунингдек, ҳақиқатда ой кўрингани борасида қалбимиз таскин топгунига қадар Афғонистондаги баъзи бир танишлар билан боғланиш ва масалани текшириш учун Европадаги баъзи афғон биродарларимиз билан ҳам боғландик ва ниҳоят Мадина вақти билан тунги соат ўн иккиларда ой кўринганини эълон қилдик.

  • Мусулмонлар ойни кўришда нега ихтилоф қилишади, деган саволларга келсак, бунинг жавоби жуда ҳам осон ва оддий бўлиб, у қуйидагича:

а)   Ихтилофнинг биринчи сабаби, очиқ-ойдин кўриниб турган шаръий ҳукмга амал қилинмаётганидир! Чунки Росулуллоҳ ﷺ бизга ойни кўришга амал қилиш зарурлигини баён қилиб, ҳадиснинг давомида «فَإِنْ غَبِيَ عَلَيْكُمْ فَعُدُّوا ثَلَاثِينَ Агар ҳаво булут бўлса ўттиз кун қилинглар», дея буни таъкидлаб қўйганлар. Бундан астрономик ҳисоб-китобни эътиборга олмаслик кераклиги очиқ кўриниб турибди. Чунки нусус бизга булут тўсиб қолиши сабабли ой кўринмай қолса, ой кунларини тўла ўттиз кун қилишни вожиб қилган. Ҳатто булут ортида ой мавжуд бўлиб, астрономик ҳисоб-китоб булут ортида ойнинг борлигини исботлаётган бўлса ҳам бунга амал қилмаймиз. Балки Росулуллоҳ ﷺнинг қуйидаги ҳадисларда айтилганидек ой кунларини тўла ўттиз кун қиламиз. Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар:

«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ، وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فَإِنْ غُبيَ عَلَيْكُمْ فَعُدُّوا ثَلَاثِينَ»

«Ойни кўриб рўзани бошланглар, ойни кўриб рўзани тугатинглар. Агар ҳаво булут бўлса, (ой кунларини) ўттиз кун қилинглар».

«لَا تُقَدِّمُوا الشَّهْرَ حَتَّى تَرَوْا الْهِلَالَ أَوْ تُكْمِلُوا الْعِدَّةَ ثُمَّ صُومُوا حَتَّى تَرَوْا الْهِلَالَ أَوْ تُكْمِلُوا الْعِدَّةَ»

«Ойни кўрмагунча (29 кун қилиб белгилаб) ойдан ўтиб ҳам кетманглар ёки ой кунларини тўла (30 кун қилиб) белгилаб ҳам олманглар. Ойни кўргандагина рамазонни бошланглар. (Кўринмай қолгандагина), ой кунларини тўла (30 кун қилиб) белгиланглар». (Абу Довуд ривояти).

«إِذَا رَأَيْتُمْ الْهِلَالَ فَصُومُوا وَإِذَا رَأَيْتُمُوهُ فَأَفْطِرُوا فَإِنْ غُمَّ عَلَيْكُمْ فَصُومُوا ثَلَاثِينَ يَوْماً»

«Қачон ойни кўрсангиз, рўзани бошланглар. (Рамазоннинг охирида ҳам) ойни кўрсангиз тугатинглар. Агар ҳаво булут бўлса, ўттиз кун рўза тутинглар». (Имом Муслим ривояти). Бу ҳақдаги ҳадислар талайгина ва уларнинг барчаси ойни кўриш ёки ой кунларини тўла ўттиз кун қилиш муҳим эканига далолат қилади. Бу ҳадислардан ҳар бир кишининг ойни ўзи кўриб олиши мақсад қилинмаган, балки аниқ ва одил гувоҳлик кўзда тутилган. Дарҳақиқат, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ушбу саҳиҳ ривоят ҳам келган:

«تَرَاءَى النَّاسُ الْهِلَالَ فَأَخْبَرْتُ رَسُولَ اللَّهِ ﷺ أَنِّي رَأَيْتُهُ فَصَامَهُ وَأَمَرَ النَّاسَ بِصِيَامِهِ»

«Одамлар ойни кўрдилар, шунда мен Росулуллоҳ га уни кўрганимни хабар қилдим. Шунда Росулуллоҳ рўзани бошлаб, одамларни ҳам рўзани бошлашга буюрдилар». (Абу Довуд ривояти).

б)   Бу ихтилофларнинг иккинчи сабаби мусулмонларнинг Халифалик давлатида бирлашмаганликларидир. Зеро, мусулмонларни бўлиб ташламасдан, ихтилофларини бартараф этадиган уларнинг битта ҳукмдори йўқ. Росулуллоҳ ﷺнинг қуйидаги ҳадисларини тадаббур қилсак, айни мана шу нарса аён бўлади: Имом Аҳмад ўзининг муснадида ривоят қилади: Бизга Ҳушайм ҳадис ривоят қилади. У Абу Бишрдан, у Абу Умайр ибн Анасдан ривоят қилади. Анас айтадики, менга Росулуллоҳ ﷺнинг саҳобаларидан ансорлар оммаси қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: «Ҳаво булут бўлгани сабабли, шаввол ойи кўринмай қолганди эрталаб ният қилиб олдик. Шунда ўша кунинг охирида карвон келиб, Росулуллоҳ нинг ҳузурларида «кеча ойни кўрдик», дея гувоҳлик беришди… Шунда Росулуллоҳ ўша куни рўзани очишимизга, эртасига ҳайит қилишимизга амр қилдилар». (Имом Аҳмад муснади).

Ўша замонда қишлоқ ва шаҳарлар ўртасида алоқа қилиш қийин бўлганига қарамай, Росулуллоҳ ﷺнинг Мадина шаҳрида мусулмонларни оғизни очишга бўлган буйруқлари билан муаммо ҳал бўлган-қолган. Чунки чўлда ой кўринган эди. Ул зот ҳайит намозини эртасига ўқишга буюрдилар. Чунки ўша куни чўлдан келган вакиллар Мадинага ҳайит намози вақти тамом бўлган пайтда етиб келгандилар. Бу воқеа бир юртдан иккинчи юртга хабар етиб келиши узоқ вақт оладиган бир замонда бўлди. Аммо хабар жуда-жуда қисқа вақтда етиб келадиган бугунги кундачи?! Агар мусулмонларнинг битта халифаси бўлганда эди, улар Аллоҳнинг ака-ука бандаларига айланган бўлур эдилар. Айниқса, Ислом давлатга, ҳизбга ва шахсга мусулмонларни шаръий йўл билан жамлаб, бирлаштирадиган барча ишларни қабул қилишни буюрган. Зеро, мусулмонларни бирлаштирадиган шаръий раъйни қабул қилиш Исломда даражаси буюк иш ҳисобланади.

Юқорида зикр қилинган икки иш, яъни очиқ-ойдин кўриниб турган шаръий ҳукмга амал қилиш ҳамда мусулмонларнинг Халифалик давлатида бирлашишлари ихтилофни бартараф этади. Шу боис, мусулмонлар бу икки ишни амалга оширишга астойдил ҳаракат қилмоқлари керак. Ана шунда – Аллоҳ Ўзининг муҳкам Китобида нозил қилгани каби – инсонлар учун чиқарилган энг яхши Уммат ҳолига қайтадилар:

﴿كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ﴾

«(Эй Уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз маъруфга буюриб, мункардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир»                                                                      [Оли Имрон 110]

Сўзим ниҳоясида Аллоҳ Субҳанаҳудан дуо қилиб сўрайманки, барча мусулмонларни тўғри ишларни қилишга ҳидоят қилсин, уларни Ислом билан азиз қилиб, узун замондан бери йўқ бўлиб келаётган давлатларини қайта барпо этишларига ёрдам берсин… Токи, Роббиларига итоат қилишда ихтилофга бормасинлар, билъакс, Унинг ушбу каломидаги зотлардан бўлсинлар:

﴿فَانْقَلَبُوا بِنِعْمَةٍ مِنَ اللَّهِ وَفَضْلٍ لَمْ يَمْسَسْهُمْ سُوءٌ وَاتَّبَعُوا رِضْوَانَ اللَّهِ وَاللَّهُ ذُو فَضْلٍ عَظِيمٍ﴾

«Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир»     [Оли Имрон 174]

Аллоҳ тоат-ибодатларингизни қабул айласин, вассаламу алайкум в роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта                                                      10 шаввол 1443ҳ

                                                                                                                      10 май 2022м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here