Қирғизистонда коррупция асосий муаммо бўйича қолмоқда

45
0

Қирғизистонда коррупция асосий муаммо бўйича қолмоқда

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали мамлакатда коррупция давом этаётгани ҳақида давлат амалдорларига мурожаат йўллади. Унга кўра, бюджетдан молиялаштирилаётган ишлар, қурилаётган объектлар ва асфальт ётқизилаётган йўлларни текшириш учун сентябрь ойида мутахассислардан иборат комиссия тузилади. Садир Жапаров халқ уни “Давлат хазинаси муқаддасдир, ундан ўғирламайди ва бошқаларнинг ҳам ўғирлашига йўл қўймайди” деган ишонч билан сайлаганини тилга олиб ўтди.

Коррупция нафақат Қирғизистонда, балки куфр низоми татбиқ этилаётган ҳамма жойда давлат тараққиётига қарши асосий тўсқинликлардан бири бўлиб қолмоқда. У иқтисодиётни, фуқароларнинг ишончини ва ҳукуматнинг қонунийлигини заифлаштиради. Оғзаки таҳдидлар ва видеога олиш орқали жазолаш билан натижага эришиш мумкин эмас. Порахўрликка қарши кураш кенг қамровли бўлиши керак. У тизимли ёндашувни талаб қилади ҳамда бу борада мамлакат раҳбариятининг намунаси ҳам муҳим.

Агар коррупцияга қарши курашда тезкор натижалар ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги шароитда, биринчи навбатда, бюджет харажатларининг шаффофлигини таъминлаш зарур. Одамлар давлат маблағлари қаерга сарфланаётганини, тендерларда ким ғолиб бўлаётганини, қайси компаниялар билан қандай шартномалар тузилаётганини билиши керак. Бу ҳеч бўлмаганда жамоатчилик назоратини пайдо қилади ва коррупцион ишлар амалга ошишини анча қийинлаштиради. Муҳим қадам сифатида, ҳукуматдан мустақил бўлган ва юқори мансабда ишлайдиган шахсларни текшириш бўйича реал ваколатларга эга бўлган коррупцияга қарши кураш органини ташкил этиш лозим. Бундан ташқари, жазонинг мажбурий бўлишини таъминлаш муҳимдир. Қонунни ким бузганидан қатъий назар – у паст даражадаги ходимми ёки юқори лавозимдаги вазирми – ҳамма жавобгарликка тортилиши керак.

Коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу одамлар кўпинча жамиятдан четлаштирилади, бироқ улар тизимни тозалашда асосий рол ўйнайди. Давлат уларни ҳимоя қилиши, ҳатто айрим ҳолларда тақдирлаши керак. Яна бир муҳим чора – манфаатлар тўқнашувининг олдини олишдир. Мансабдор шахс бевосита ўзи ёки қариндошлари орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслиги лозим. Лавозимга тайинлаш ҳам оилавий ришталар ёки дўстликка эмас, балки касбий маҳоратга асосланиши керак.

Агар давлат раҳбарининг ўзи намуна бўла олмаса, ҳеч қандай қонун ва чора-тадбирлар иш бермайди. Президент шаффофлик, ҳалоллик ва софлик намунаси бўлиши керак. Унинг даромадлари ва мол-мулки тамоман очиқ бўлиши, турмуш тарзи эса одамларда норозилик уйғотмаслиги ва ҳаёти оддий бўлиши керак. Давлат раҳбарининг бошқаларга намуна бўлиши таъсир қилишнинг энг самарали воситаларидан биридир. Агар президент ўз қариндошларини, ҳатто ака-укаларини коррупцияга аралашиб қолишига йўл қўймаса, бу бутун тизимга “ўғирлаб бўлмайди” деган аниқ сигнал беради.

Шахсий масъулият – қариндош-уруғчиликдан (қабилачиликдан) воз кечиш, барчанинг қонун олдида тенглиги, қарорлар қабул қилишда шаффофлик – буларнинг барчаси фақат қоғозда қолиб кетмай, давлат раҳбарининг хатти-ҳаракати ва турмуш тарзига айланиши керак. Шундагина коррупцияга қарши кураш популистик шиорлардан чинакам самарали сиёсатга айланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ давридаги Исломий бошқарувда ва унинг одил халифалари бўлмиш Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (розияллоҳу анҳум) тарихида коррупция, ўғирлик ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишга қарши курашда ҳалоллик, принципиаллик ва адолат жиҳатидан кўплаб ёрқин намуналар бор. Бу мисоллар жамиятни (Умматни) бошқаришда нақадар юксак маънавий меъёр қўйилгани ҳамда раҳбарларнинг намуна бўлиши ишонч ва тартибнинг асоси бўлганини кўрсатади.

Бу борада энг машҳур воқеалардан бири – бу таниқли қабиладан бўлган Фотима бинти Асваднинг ўғирлик қилгани ҳақидаги воқеадир. Баъзи саҳобалар (хусусан, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу) унинг ижтимоий мавқеини ҳисобга олиб, енгилроқ жазо беришни сўрашганда, Пайғамбаримиз ﷺ: “Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғирлик қилган бўлса ҳам, унинг қўлини кесган бўлардим”, дедилар. (Саҳиҳ ал-Бухорий, 6788-ҳадис).

Бу воқеа исломий бошқарувда “дахлсиз” кишилар бўлиши жойиз эмаслигини аниқ кўрсатиб турибди. Қонун ҳамма учун, ҳатто ҳукумат вакиллари учун ҳам бир хил бўлиши лозим.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) халифа бўлгач, оиласини боқиш учун дастлаб оддий одам сифатида савдо-сотиқни давом эттирди. Кейинчалик жамоат унга бошқарувга кўпроқ эътибор қаратишни, тирикчилик учун эса байтулмолдан маош олишни таклиф қилди ва у энг кам иш ҳақига тенг маошни танлади. Ўлимидан олдин оиласига давлатдан олган ортиқча маблағларини байтулмолга қайтаришни буюрди. Бу оддийликнинг ва давлат маблағининг ҳар бир тийинига нисбатан масъулиятнинг юксак даражасини намоён қилади.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) исрофгарчилик ва имтиёзлар масаласида ўзининг қаттиқ позицияси билан машҳур эди. Бунга бир қанча аниқ мисоллар мавжуд. У қўлостидагилардан даромадлари ҳақида мунтазам равишда ҳисобот беришларини талаб қилар ва агар уларнинг ҳалоллигига шубҳа туғилса, мулкларини мусодара қилар эди.

Машҳур воқеалардан бирида Миср волийси Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)  ўғлига пойгада ютиб чиққан отни совға қилганда Умар (розияллоҳу анҳу)  отни байтулмолга қайтаришни талаб қилди ва бунинг учун Амрга танбеҳ берди.

Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ўзи ҳам омма олдида ҳисобот берар ва ўзига нисбатан танқидни қабул қиларди. Бир куни саҳобалардан бири ундан янги кийимини қаердан олганини сўради. Чунки давлат томонидан берилган мато унинг калта устки кийимигагина етарди. Умар ўғлини чақирди, у ўз улушига тушган матони отасига берганини тасдиқлади ва шундан кейингина одамлар тинчланишди.

Усмон (розияллоҳу анҳу) халифа бўлишидан олдин ҳам бадавлат киши эди, у ўз бойликларини мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондириш учун сарфлади. Суви пулга сотиладиган Рума қудуғини сотиб олиб, сувни халққа текин қилиб қўйди. Шу билан бирга, у ўз бошқарувида ҳалимлик қилди ва сўнги йилларда ҳокимиятга қариндошларини тайинлагани учун танқид қилинди. Бироқ, улар томонидан тўғридан-тўғри хиёнат содир этилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Усмон (розияллоҳу анҳу) ҳеч қачон байтулмолдан шахсий мақсадларида фойдаланмаган, унинг яшаш шароити жуда оддий эди.

Али (розияллоҳу анҳу) адолат устида қаттиқ туриши билан машҳур эди. У халифалик даврида қариндош-уруғ деб ҳисоблаган кўплаб амалдорларни – уларнинг норозилигига қарамай – ишдан бўшатди, “ҳокимият қўлдан кетади” деб қўрқиб ўтирмади. У зот: “Агар байтулмол менинг шахсий мулким бўлган тақдирда ҳам, мен уни одамлар орасида адолатли тақсимлаган бўлардим. Ваҳолангки бу уларнинг тўғридан-тўғри ҳаққи экан, мен бошқа нима ҳам қила олардим?”, деган эди.

Бир куни Али (розияллоҳу анҳу) укаси Оқилни ортиқча пул сўрашни тўхтатишга чорлар экан, бир темирни оловга қўйиб, “Агар бу темирнинг иссиқлигига чидай олмасанг, мусулмонлар байтулмолидан ўғирлаганинг учун дўзах оловига қандай чидайсан?” деган эди.

Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ ﷺнинг котиби ва Умар (розияллоҳу анҳу) даврида молия ишларини бошқаришга масъул бўлган саҳобалардан эди. У шаффоф ва аниқ ҳисоб-китоб билан иш юритгани учун ишонч ва ҳурмат-эътиборга сазовор эди. Унинг ҳисоб-китобисиз байтулмолдан бир динор ҳам сарфланмасди.

Исломий бошқарувнинг тарихи шуни кўрсатадики, Ислом коррупцияга қарши курашда раҳбарларнинг ҳалол ва софлиги, уларнинг қонун олдида тенглиги, мансабдор шахсларнинг қаттиқ назоратга олиниши ва жамоат мулки билан ишлашда тўлиқ шаффофлиги билан муваффақиятга эришди.

Расулуллоҳ ﷺ ва у зотнинг одил халифалари порахўрликни йўқ қилишда етакчининг ахлоқий фазилатлари асосий қалқон эканлигини яхши тушундилар. Бу мисоллар адолатли бошқарувга интилаётган давр етакчиларини яхши тарафга илҳомлантириши керак. Биз Аллоҳ Таолонинг марҳамати ва изни билан яқинда тикланажак Ислом давлати коррупция ва порахўрликдан холи давлат бўлишига кафилмиз.

Латифул Росиҳ

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here