بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Яҳудий вужудининг Ғазо сектори жанубидан чиқиб кетиши урушдаги бир босқичми ёки урушнинг тугашими?!
Устоз Юсуф Абу Зар
Яҳудий вужуди тўрт ойлик жанглардан сўнг Ғазо сектори жанубидан ўзининг барча қуруқлик кучларини, жумладан 98-дивизияни (унинг учта бригадаси билан) Хон Юнусдан олиб чиқиб кетганини ва Ғазо шимолини марказдан ажратиш ва баъзи операцияларни давом эттириш учун битта «Нахал» бригадаси қолганини эълон қилди.
Яҳудий вужуди армиясининг Ғазо секторидан чиқиб кетишини унинг ҳукумати олиб бораётган сиёсат ва урушга оид қарашлари оқимида тушуниш мумкин. Бундан ташқари, уруш яҳудий вужуди, унинг сиёсатчилари ва ҳатто мухолафат томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Дарҳақиқат, Нетаньяху ҳукумати урушдан ва уни кенгайтиришдан ҳукумат муддатини узайтириш ҳамда ўз мақсадларини рўёбга чиқаришда баҳона сифатида фойдаланди. Урушда яҳудий вужуди шафатсиз урушни қўллаб-қувватлайдиган кенг халқ базасига, экстремистик ҳукуматга ва урушни давом эттиришни ўзининг доимий сиёсий мавжудлиги учун имконият деб билувчи ҳукумат бош вазирига таянди. Шунинг учун яҳудий вужудидаги уруш раҳбарияти Ғазодаги мужоҳидларни бутунлай йўқ қилиш, тўлиқ ғалаба қозониб, гаровдагиларнинг барчасини озод қилиш ва келажакда сектордан келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавфсизлик таҳдидини бартараф этиш каби узоқ муддатли ва мураккаб характердаги мақсадларни олдига қўйди. Бу узоқ давом этувчи жараён эканини, бунга барча имкониятлар ва бюджетлар сафарбар этилишини эълон қилди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, кучларни олиб чиқиб кетиш кейинга босқичга тайёргарлик кўриш босқичининг якуни бўлиши мумкин. Шу билан бирга, бу жанг майдони талаблари ёки заруратлари, ҳатто ҳозирги вазиятни четлаб ўтиш чоралари, булардан ҳам кўра кўпроқ сиёсий ўзгариш ҳамда яҳудийлар сиёсати ва урушдан кўзлаган мақсадларидаги бурилиш бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
БМТнинг Фаластин ҳудудидаги гуманитар координатори Жеймс МакГолдрик ўз интервьюсида Хон Юнусдан кучларни олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги саволга – Рафаҳга босқин яқинлашмоқда, деб жавоб берди. Агар «Исроил» томони халқаро босимларга қулоқ солиб, ижобий жавоб бера бошлаган бўлсачи? – деган саволга қуйидагича жавоб берди: «Яҳудийларнинг бунга қулоқ солишларига ишонаман. Бироқ, менимча, уларнинг уруш мақсадлари ҳам бор ва бу ҳар қандай инсонпарварликдан устун туради. Уларнинг наздида уруш ҳамон тугамаганини англамоғимиз керак. Фикримча, Хон Юнусдан чиқиб кетиш уларнинг келажакдаги воқеаларга тайёргарлик кўришларига қаратилган». Яҳудий матбуоти билан сиёсатчилари ҳам кучларни олиб чиқиб кетиш мавзусига тўхталиб, барчалари бунга деярли сиёсий вақеликдан кўра кўпроқ жанговар воқелик дея изоҳ берган. Яъни урушнинг чўзилиши яҳудий қўшинини чарчатган бўлиши ва Хон Юнусда тўрт ой ўтгандан кейин яна у ерда қолиш фойда келтирмаган бўлиши ҳам мумкин. Бу, шунингдек, жангчининг дам олиши бўлиши ҳам ёки операцияларни – хусусан Рафаҳга бостириб кириш операциясини – давом эттириш учун қайта жонлаштириш бўлиши ҳам мумкин. Ёхуд асосан Рафаҳда операция бошлашга тайёргарлик кўриш учун у ерда қочқинларнинг борлигидан эътиборни чалғитиш бўлиши ҳам ё-да кучларни олиб чиқиб кетилган жойларга жангариларнинг қайтишини кутиш бўлиши ҳам, барча-барчаси бўлиши мумкин, айниқса, Эрон консуллигига зарба бериш ҳодисаси ва унинг оқибатлари асосий диққат марказида бўлиши талаб қилинаётган бир пайтда. Юқорида айтилганларнинг барчаси кучларни олиб чиқиб кетиш масаласида воқеликдаги мулоҳазалар, деб эътибор қилинса, яхши бўлади. Буларга қўшимча, яҳудий раҳбарлари Америка томонидан уларга босим қилингани билан Хон Юнусдан чиқиб кетиш ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини айтишди ҳамда Нетаньяху ҳамон Рафаҳ операцияси ва вақти тўғрисида баёнотлар бермоқда.
Ҳозирги вазиятни, жумладан, Америка босимларини четлаб ўтишга келсак, яқинда яҳудий вужуди гуманитар ёрдамлар ва кўз юмиб бўлмайдиган халқаро атмосфера борасида чоралар кўриш томон қадам босди, айниқса, гуманитар ёрдамда ишловчи чет элликларни ўлдирилиши ходисасидан кейин. Яъни уруш сиёсатида эмас, балки гуманитар товар ва ёрдамларни киритиш борасида ҳамда аҳолининг шимолга қайтишини таъминлаш сиёсатида ўзгариш қилган бўлди.
Демак, қўшинларни олиб чиқиб кетилишидан уруш тугади деб тушунмаслик керак. Чунки яҳудий вужуди буни истамаяпти, Нетаньяху ҳам урушни давом эттиришга, ҳатто қодир бўлганича уруш доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилиб келяпти. Буни Эрон консуллигига берган зарбаси ҳам тасдиқламоқда. Американинг Ғазода ҳарбий ҳаракатларни тугатиш борасидаги хатти-ҳаракатлари ҳануз етарли эмас. Ҳатто Америка бу борада жиддий бўлиб, уни тийиб қўйиш учун босимлар қилган тақдирда ҳам, Ғазо секторидаги Ҳамас бошқарувига якун ясаш борасидаги ҳар икки томоннинг истакларини унутмаслик керак.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, яҳудий вужудининг сиёсати ҳақида гап кетганда, бу сиёсат муаммосиз кетаётганини англатмайди. Зеро, яҳудий вужуди Ғазо урушига барча техникасию аскарларини сафарбар қилган эса-да, бироқ шу кунга қадар курашни бир ёқли қила олгани йўқ. Олдига қўйган мақсадларини амалга оширолмай ҳамон ўралашиб юрибди… На гаровдагиларни озод қилди, на мард мужоҳидларни тугата олди. Аксинча куч-қуввати ҳам, энергияси ҳам, уруш даъволари ҳам қурт кемиргандек тугаб бормоқда. Ҳозирга қадар қўлидан келган иши вайрон қилиш ва тинч аҳолини қириш бўлди, холос. Бутун дунё атмосфераси унга қарши бўлиб қолди. Ютуқлар борасида Нетаньяху ҳукумати ҳамда унинг ички ва ташқи миссияси савол остида қолмоқда. Шунинг учун Нетаньяху ғалабани Рафаҳ операциясини муваффақиятли тамомлашга боғлашга уриняпти.
АҚШ маъмурияти урушнинг биринчи ойларида уруш тафсилотлари борасида яҳудийлар билан келишмовчиликка боргани йўқ. Вайронагарчилик ва қурбонлар сонини бунчалик катта бўлишини ҳисобга олмаган. Айниқса, бу урушни қўллаб-қувватлаган, қурол-аслаҳа ва ёнилғи билан таъминлаган айнан Американинг ўзидир. Бинобарин, америкаликлар билан яҳудийлар ўртасидаги келишмовчиликнинг аниқ сабаби вайронагарчилик, қурбонлар ва очарчилик ҳам эмас, шунингдек, Американинг урушга нисбатан муносабатидаги ўзгариш ҳам эмас. Лекин америкаликлар яҳудий вужудининг урушни ҳал этишга ва ундан чиқишга қодир эмаслигини англамоқдалар. «Исроил»нинг уруши, хавфсизлиги ва мавжудлиги билан Нетаньяхунинг уруши ва мақсадлари ўртасида фарқ борлигини ҳам тушунмоқдалар. Шунинг учун урушдан ўз манфаатларига ҳам, «Исроил» манфаатига ҳам зарар келмайдиган равишда чиқиш йўлини қидиришяпти.
Ҳар бир инсон уруш ҳолатидан чиқиш йўлини интизорлик билан кутмоқда ва бу чиқиш йўли зулм ва босқинчиликни истамайдиган ҳар қандай уммат каби Ислом Уммати қўли билан бўлмоғи даркор. Агар анави малайликка ботган ва Уммату халқлар куч-қудратини умуман ҳисобга олмай, уни тенгламадан чиқариб ташлаган ҳукмдорлар бўлмаганда эди, қутулиш албатта Уммат қўли балан амалга ошган бўлур эди. Мужоҳидларнинг яҳудий вужудини ишни ҳал қилолмайдиган даражага туширган ҳолда собит туришлари шуни кўрсатмоқдаки, агар мусулмонларнинг ҳақиқий Ислом давлати бўлса, яҳудий вужуди билан бўлган курашни бир ёқли қилиш жуда енгил бўлади. Ислом давлати бўлмаса, Уммат буни жуда қимматга тўлашда давом этади. Айниқса, ҳозирги ҳукмдорлар ювиндихўрлик ва хоинликда чегара билмаётганликларини намоён этишаётган бир пайтда, Ғазонинг бошига тушган ишлар минтақа халқари бошига тушиши мумкин.
Роя газетасининг 2024 йил 17 апрел чоршанба кунги 491-сонидан