Кўчар ва кўчмас мулкларни мажбурий суғурта қилиш

2797
0

Кўчар ва кўчмас мулкларни мажбурий суғурта қилиш

Молия бозорини тартибга солиш ва назорат қилиш хизмати кўчар ва кўчмас мулкни мажбурий суғурта қилиш тизимини жорий этишни таклиф қилди. Тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва гаровга қўйиш учун суғурта полисини талаб қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида суғурта мажбурияти автомобил эгаларига, ҳамда автомобилларни вақтинча фойдаланишга (ижарага, лизингга) олган шахслар зиммасига юклатилиши белгиланди.

Бошқа давлатда рўйхатдан ўтган автомобилларни Қирғизистонда мажбурий суғурта қилиш режаси ўтган йилнинг 1-апрелидан кучга кирган. Ундан аввал Қирғизистонда рўйхатдан ўтган шахсий автомобилларни 2024 йилнинг 1-январидан бошлаб мажбурий суғурта қилиш бўйича қонун қабул қилинган эди. Жамоатчиликнинг қаршилиги туфайли ҳукумат ушбу қонунни кейинга суришга мажбур бўлди.

Қонунга кўра, суғурта полисига эга бўлмаган ҳайдовчилар 3000 сом, муассасалар эса 13000 сом миқдорида жаримага тортилади. Давлат молия назорати муассасасининг маълум қилишича, суғурта полисининг бошланғич нархи 1680 сом бўлиб, унинг нархи автомобилнинг тури, ҳайдовчининг ёши ва тажрибаси, йўл-транспорт ҳодисаларига қанчалик дуч келганига қараб ўзгариб туради.

          Ҳозир Қирғизистонда 1та давлат компанияси ва 9та хусусий компания ҳайдовчиларга суғурта полисини расмийлаштириш лицензиясига эга. Статистик маълумотларга кўра, Қирғизистонда 1 миллион 400 минг автомобил бор. Буларнинг ҳар биридан 2000 сомдан олинса, ўртача 2 миллиард 800 миллион сом ундирилади. Бу миқдор компанияларнинг йиллик даромади ҳисобланади. 2022 йилда 11 ой ичида ўртача 6500та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, ушбу ҳодисалар оқибатида 10 минг киши жароҳатланган ва 600 киши ҳалок бўлган, улардан 70 нафари ёш болалардир. Энди ушбу ҳисобда қанча тўлов тўланишини ҳисоблаб чиқамиз:

Ҳалок бўлган 570 кишига 300 минг сомдан 171 миллион сом бўлади.

Агар 70та ёш болани “ногирон бола” тоифасига киритсак, 200 минг сомдан 14 миллион сом бўлади.

Энди қолган 400 кишини ногиронлар гуруҳига қўшиб, кўриб чиқсак:

1-гуруҳ ногиронини 100та деб ҳисобласак, уларга 200 минг сомдан 20 млн. сом бўлади.

2-гуруҳ ногиронини ҳам 100та деб ҳисобласак, уларга 150 минг сомдан 15 млн. сом бўлади.

3-гуруҳ ногиронини 200та деб ҳисобласак, уларга 100 минг сомдан 20 млн. сом бўлади.

2% солиқ  56 млн. сом бўлади.

Операцияларга 4 миллион сом сарфланса, жами бўлиб: (171+14+20+15+20+56+4) 300 миллион сом чиқим бўлади.

         Энди 2 миллиард 800 миллион даромаддан 300 миллион харажатларни олиб ташласак,  2 миллиард 500 миллион қолади. Бу компаниянинг йиллик даромадидир.

          Бундан ташқари, компаниянинг банкрот бўлишига йўл қўймаслик учун тўловлар маълум миқдорда чекланган. Масалан, бировнинг қимматбаҳо машинасига 1 миллион сомлик шикаст етказсангиз, сизни суғурта қилган компания атиги 150 минг сом тўлайди. Қолганини ўзингиз тўлашингиз керак. Демак, ОСАГО қонун лойиҳаси одамларни ҳимоя қилиш учун эмас, балки халқ маблағларини капиталистик компанияларга йиғиб бериш учун ишлаб чиқилганлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Шунингдек, мамлакатимизда 7,6 миллиондан ортиқ уй-жой мавжуд. Ҳукумат унинг 60 фоизини суғурта қилишни кўзламоқда. Минтақаларда уй-жой суғуртаси йилига 600 сом, Бишкек ва Ўшда эса 1200 сом қилиб белгиланган.

Аслини олганда, бундай қонунлар халқнинг қонини сўриш учун капиталистлар томонидан ўйлаб топилган лойиҳалардир. Қирғизистондаги маъмурият ана шундай лойиҳаларни амалга ошириш орқали капиталистларга хизмат қилиб келмоқда. Улар “Халқга енгиллик” ниқоби остида халқнинг маблағларини капиталистик ширкатларга қўш-қўллаб топширмоқда.

          Энг муҳими, мажбурий суғурта мусулмонлар учун ҳаромдир. Мажбурий суғурта шартномасини кўздан кечирадиган бўлсак, унинг икки жиҳатдан шариатга зид эканлиги аён бўлади:

          Биринчидан, бу бир келишувдир. Чунки бу икки томон ўртасидаги шартнома бўлиб, таклиф ва қабул қилишни ўз ичига олади. Таклиф суғурта қилдирувчи томонидан, қабул эса компания томонидан бўлади. Демак, бу битим шариатга тўғри келиши учун битимнинг шартлари шаръий бўлиши керак. Шаръий битим нарсанинг ўзи ёки манфаати асосида тузилади. Аммо давлат илгари сураётган суғурта мажбурий бўлганлиги учун ҳайдовчилар бундан манфаатдор эмас, улар буни таклиф ҳам қилмаган.

          Иккинчидан, компаниянинг алоҳида шартлар остида суғурта қилдирувчига ваъда бериши кафолатнинг бир тури ҳисобланади. Суғуртада ушбу кафолат шартларининг ҳеч бири топилмайди. Шунинг учун – хоҳ ҳаёт, хоҳ мол-мулк, хоҳ бошқа нарса бўлсин – суғуртанинг барча тури, шаръан ҳаромдир. Чунки у ботил келишувдир. Суғурта компаниясининг келишув талаби билан берадиган ваъдаси ҳам шаръан ботилдир. Шунга кўра, бундай келишув ва ваъда орқали олинган маблағлар ношаръий йўл билан олинган даромад ҳисобланиб, уни ейиш ҳаромдир.

Шундай экан, Қирғизистон ҳукумати мусулмонларнинг маблағларини капиталистларга топшириш ўрнига ишлаб чиқаришга, саноатга, завод ва фабрикалар қуришга йўналтириши лозим!

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here