Дмитрий Козак Қирғизистонга келиб кетгани маълум бўлди

383
0

 Россия президенти администрация бошчисининг ўринбосари Дмитрий Козак ўтган ҳафтада Қирғизистонга келиб кетган.

 Қирғиз президентининг матбуот хизмати “Клооп”га бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди. Россия президентининг сайтида ҳам Козакнинг сафари ҳақида маълумот йўқ.

 19-апрелда Temirov LIVE’нинг журналистлари навбатдаги суриштирувини эълон қилиб, 6-апрел куни “Манас” аэропортига Россия Федерал хавфсизлик хизматининг самолёти қўнганини айтишган. Самолёт Қирғизистон ҳудудида икки кун турган.

 Суриштирувда шу самолёт Бишкекка 2020-йилнинг 12 ва 20-октябрида ҳам, Садир Жапаров олдин ҳукумат раҳбари, кейин президент вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланганда ҳам келиб кетгани айтилади.

Изоҳ: Қирғизистонда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари айни кучайган 7-октябр куни Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Омурбек Суваналиев Россия Федерал хавфсизлик кенгаши директори, рус армияси генерали Александр Бортников билан телефон орқали суҳбатлашган, 13-октябр куни Россия президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак Владимир Путин топшириғи билан Бишкекка келиб, Жээнбеков ва Жапаров билан учрашув ўтказган эди. Учрашувда “вужудга келган вазиятдан тинч йўл билан можарога бормай чиқиш масалалари муҳокама қилингани” хабар қилинганди. Россия элчихонаси тарқатган баёнотда: “Козакнинг ташрифи чоғида Қирғизистоннинг келажакдаги ривожланишини таъминлаш йўлидаги “давлат раҳбарининг муҳим роли” таъкидланган. Орадан икки кун ўтиб, 15-октябрда Cооронбай Жээнбеков истеъфога чиққанини эълон қилди. Садир Жапаров Бош вазир ва президент вазифасини бажаришга киришди. Айни шу куни Қамчибек Ташиев МХДҚ раиси этиб тайинланди ва 28-октябрда парламентда қасамёд қилди. 29-октябрда эса расмий ташриф билан Москвага бориб, рус махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашиб қайтди.

 “Мустақиллик”ни даъво қилувчи Қирғизистонда содир бўлган ва бўладиган ходисаларнинг барчаси Россия хоҳиши ва истаги билан амалга ошиши ҳеч кимга сир эмас. Қирғизистонда Россия сиёсий етакчилардан тортиб қирғиз куч органларини ҳам ўз назорати остида ушлаб туриши ҳам маълум. Куни кеча Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаевни истеъфога чиқиши, бугун Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаровнинг юрак касаллиги билан шифохонага тушиб қолиши ҳам Козакнинг ташрифи билан боғлиқ бўлиши мумкин.

 Чунки, Украина ботқоғига ботиб бораётган рус ҳукумати ўзининг собиқ мустамлакалари бундан журъатланиб ўзига қарши ҳаракат бошлаб қолишидан хавотирда. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам АҚШга қилган сафаридан сўнг Ўзбекистон “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаймиз” дея берган баёнотидан сўнг тўсатдан “оғириб” қолди ва бир ойлик “даволанишдан” кейин ташқи ишлар вазири лавозимидан озод қилинди, унинг ўрнига Владимир Норов ташқи ишлар вазир этиб тайинланди. Гарчи Россия Украинада ҳолдан тойиб бораётган бўлса-да “орқа фронти” бўлган Марказий Осиё давлатлари Ғарб давлатлари билан алоқаларини яхшилашларига ва шу орқали АҚШ таъсири ва нуфузи кириб келишини жим кузатиб тура олмайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here