КХШТ Донбассга тинчликпарвар кучлар юбориши мумкин
Хабар: КХШТ, зарурат туғилган тақдирда, Донбассга тинчликпарвар кучлар юбориши мумкинлиги тўғрисида 17 феврал куни ташкилот бош котиби Станислав Зас Рейтер агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. У буни Москванинг НАТОга жавоби дея изоҳлаган.
Аввалроқ Украина шарқидаги Донбасс минтақасида ўзиларини мустақил республика сифатида эълон қилган Донецк ва Луганск айирмачилари Украина ҳарбийлари билан отишмалар бошланганини, аҳоли Россия ҳудудига эвакуация қилинаётганини билдирган эди.
КХШТ ўзининг олти аъзоси – Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қуролли кучларига таянади. Умумий фаол ҳарбий кучлари 900 000 кишидан иборат Россия ҳозиргача КХШТнинг энг қудратли аъзоси ҳисобланади ва ташкилотнинг бирлашган ҳарбий штаб-квартирасини бошқарувчиси россияликдир.
Заснинг айтишича, КХШТ доимий шай ҳолатда бўлган 17 минг кишилик қўшин ва 4 мингга яқин аскардан иборат махсус тинчликпарвар кучларга эга.
Изоҳ: Қримни аннексия қилиши ортидан АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларининг Россияга қарши жорий этган иқтисодий санкциялари рус иқтисодини қийин аҳволга солиб қўйди. Ушбу санкциялар фақат Россияни ўзигагина таъсир қилмай унинг етовидаги ЕОИИга аъзо давлатлар ҳамда иқтисодий ва сиёсиё жиҳатдан унга қарам бўлган Марказий Осиё республикаларига ҳам салбий таъсирни кўрсатди. 2018-йили ўша вақтдаги Бош вазир бўлган Сооронбай Жээнбеков “санкциялар туфайли импорт ҳажми камайяпти, чунки асосий шерик бу Россия. Санкциялар РФ иқтисодига таъсир этган ва бу Қирғизистондаги иқтисодий вазиятга ҳам ўз таъсирини ўтказди” деган эди. Шунингдек, Россия рублининг қадрсизланиши минтақа давлатлари ЯИМда салмоқли ўринни эгаллайдиган меҳнат мигрантларининг даромадига ҳам таъсирини ўказди…
Бугунга келиб эса Россия АҚШ ва НАТО билан вужудга келган ҳарбий кескинликка ўзи бошчилигидаги яна бир ташкилот КХШТга аъзо давлатларни жалб қилиш ҳараатига тушиб қолди. У бу орқали ғарб давлатларига гўёки ўзини ёлғиз эмаслигини кўрсатиб қўймоқчи. Бунда у ташкилот шартномасининг 4-моддасида белгиланган “аъзоларидан бирининг хавфсизлиги, барқарорлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид соладиган қуролли ҳужум барча аъзо давлатларга нисбатан тажовуз сифатида қабул қилинади” деган асос билан КХШТни жалб қилиши мумкин. Аслида Донецк ва Луганск Россия таркибида эмас, аксинча у ердаги айирмачиларни ҳарбий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали Украинадан ажралиб чиқишга ундаган айнан Россия бўлади.
Агар Россия Донецк ва Луганскга “тинчликпарвар кучлар” юборишга қарор қиладиган бўлса КХШТга аъзо давлатлар ҳеч иккиланиб ўтирмай ўз қўшинларини юборишади. Чунки, Лукашенко ва Токаев ўз тахтларини сақлаб қолишларида яқиндан ёрдам берган Путин олдида тиллари қисиқ бўлса, Қирғизистон эса худди Қозоғистонга ҳарбийлар жўнатилишини “ташкилотга аъзо бўлганимиздан кейин унинг уставига сўзсиз итоат этишимиз керак” деган баҳона билан оқлашга уринади. Сабаби бир кун келиб қирғиз ҳукумати ҳам КХШТдан ўз халқига қарши ёрдам сўраб қолиши эҳтимоли мавжуд. Аммо у ерга юбориладиган ҳарбийлар Қозоғистондаги каби қуролсиз намойишчиларни бостиришга эмас, балки ҳарбий ҳаракатлар кетаётган нуқтага жойлаштирилади. Шундай экан ташкилотга аъзо давлатлар аҳолиси президентлари тахтларида узоқроқ ўтиришлари ва Россия олдида “юзлари ёруғ” бўлиши учун ўз фарзандларини қурбон қилишлари керак бўлади. Малай ҳокимларимиз учун эса бунинг заррача аҳамияти йўқ. Уларнинг ягона дарди қандай қилиб бўлса ҳам ўз тахтларида узоқроқ қолишдан иборат холос
Абдураҳмон Одилов