Ўзбекистон бош вазири Қирғизистонга келди
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 16 август куни ишчи ташриф билан Қирғизистонга келди.
Абдулла Ариповни “Манас” халқаро аэропортида Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеокв кутиб олган.
Қирғизистон президент матбуот хизматининг хабар қилишича, “Ала-Арча” давлат резиденциясида президенти Алмазбек Атамбаев Абдулла Ариповни қабул қилган.
Атамбаев билан бўлган учрашув чоғида Абдулла Арипов Ўзбекистон Қирғизистон билан бундан кейин ҳам дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ишларни олиб боришга тайёр эканлигини маълум қилган.
Хабар қилинишича, томонлар икки давлатнинг турли соҳалардаги ҳамкорлигига алоқадор долзарб масалаларни муҳокама этишди.
Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссасини таъкидлаб ўтди ва Абдулла Ариповнинг ташрифи “икки томонлама муносабатларни дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналари, ўзаро манфаатли шериклик асосида янада ривожлантиришга янги туртки беришига” ишонч билдирган.
Абдулла Арипов Қирғизистон раҳбарига Шавкат Мирзиёевдан салом етказди ва мамлакат раҳбарияти бундан сўнг ҳам давлатлар ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни олиб боришга тайёр эканини хабар қилди.
Туркистон:
Ўзбекистон Қирғизистонда юз бераётган президент алмашуви ортидан кутилаётган жараёнларга этиборсиз эмас албатта. Лекин асосий эътиборли жойи унинг бу жараёнда тутган сиёсий позициясидир.
Ўзбекистон авваламбор Қирғизистонда сиёсий хотиржамликни ушлаб қолишдан манфаатдор. Чунки Мирзиёевнинг Ўзбек элитаси ичида олиб бораётган ички сиёсати ва мустабид тузумдан қолган режимга қарши олиб бораётган сиёсий реформалари учун, қўшни давлатларидаги хавфсизлик ва хотиржамлик ҳолати ўта муҳимдир. Негаки Ўзбекистондаги Каримов шакллантирган бошқарув тизими ҳар бир тармоқни фақат хавфсизлик системаси асосига боғлаган ҳолда шакллантирилган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг бошқарув тизгини деярли Инаятов бош бўлган хавфсизлик хизмати таъсири остига ўтиб қолган дейиш мумкин. Шунга кўра, мамлакат ичкарисида ҳамда минтақада рўй берадиган ҳар қандай хавфли вазиятлар фақат Мирзияев курашаётган хавфсизлик тизими учун қўл келади ва унинг таъсир қувватини янада кучайтиради.
Қирғизистондаги вазият эса, мухолиф кучлар канчалик кучли ва элита вакилларининг кўпчилигини ўз томонига оғдириб олишганига қарамай, уларнинг аксарият қисми Россиянинг қўлловидан умидвор бўлиб туришибди. Чунки Ғарб системасининг Қирғизистонга эътибори жуда кам ва таъсир қуввати ҳам ўта зайифдир.
Россия эса, ҳозиргача Атамбаев ўзига ўринбосар деб илгари суриб келаётган Сооронбай Жээнбековни қўллашга ваъда бериб келяпти. Шунинг учун Ўзбекистон ҳам ҳотиржам позиция сифатида Россия билан парралел юришни ихтиёр қилди. Чунки минтақалардаги ҳар қандай инқилобий ёки бошқа халқ тўпалонларининг барчаси фақат икки лагерга бўлинган халқаро кучларнинг манфаат талашуви ортидан юзага келадиган курашларнинг касофатидан бошланади. Ўзбекистон эса, халқаро сиёсатга таъсир ўтказа оладиган давлатлар сафига кирмайди. Шунинг учун у Россиянинг ихтиёрига тескари боришда ҳеч қандай манфаат топа олмаслигини жуда яхши билади.
Бу сафар Ғарб кучларинининг Қирғизистон ички сиёсатидаги кескин позицияси деярли кўринмаяпти. Буни, Текебаевнинг 8 йилга қамалиши билан инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик ҳуқуқлари оёғ ости қилинаётган бир пайтда Ғарб машинасининг асосий қуроли бўлган “инсон ҳақ ҳуқуқ ҳимоячилар”ининг деярли иштироки кўринмаганидан билиб олиш мумкин. Демак майдонда фақат Россиянинг манфаати қолди.
Бундан ташқари Жээнбеков шундай сиёсатчики, уни ҳар қандай куч ўта қулайлик билан етаклаб кетиши мумкин. Атамбаев ҳам уни фақат шу хусусияти учун танлади. Ўзбекистон ҳам Жиянбековни ўз мақсадларида ишлатишда қулай сиёсатчи деб биляпти. Лекин Россия охирги вақтда ўз позициясини ўзгартириб юбориши мумкин. Чунки Россия бошқа кучлар тарафидан осонлик билан еталанадиган заиф сиёсатчини фақат ўзининг манфаати асосида бошқариб боришда кўп қийинчиликларга учрайди. Шундан келиб чиқиб, Путин сиёсатда пишиб етилган, мустақилроқ позиция ва принцип эгаси бўлган бошқа бир сиёсатчини ихтиёр қилиши кутиляпти. Бундан умидвор бўлган сиёсатчилар бири қўйиб, иккинчиси Масква остонасига бош уриб боришяпти.