27 май кунидан буён Ўш – Эргаштом йўлини тўсиб турган парламентнинг собиқ спикери Ахматбек Келдибеков тарафдорлари унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини уй қамоғига айлмаштиришни талаб қилиб келишаётган эди. Бугун эса улар яна бир талабни илгари сурдилар. Мазкур талаб Қирғизистон бош прокурори Аида Саляновани истефога кетишидан иборат. Бу ҳақида “24.kg” ахборот агентлигига Келдибеков ҳимояси бўйича ташкил этилган қўмита раиси Карим Сарбашев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўш – Эргаштом йўли автомобиллар ўтиши учун ҳамон ёпиқлигича қолмоқда. “Кеча биз туман ҳокими ва туман ИИВ бошлиғи билан бетараф ҳудудда музокаралар олиб бордик. Улар бизни йўлни очиб қўйишга кўндириш учун келишди. Биз ҳам ўз навбатида уларга талабларимизни айтдик. Аввал бизнинг батта талабимиз бўлиб, Ахматбек Келдибековни уй қамоғига чиқаришдан иборат эди. Энди яна битта талаб пайдо бўлди, бу – Аида Саляновани истефоси. Ҳатто парламент ҳам Келдибековни озод қилиниши тарафдори, Ҳисоб палатаси ҳам у (Келдибеков) спикер бўлиб ишлаган вақтдаги фаолиятидан ҳеч қандай қонун бузилишларини топмаган. Фақат Аида Саляновагина уни озод қилинишига қарши ва у қамоқда қолишини қатъий талаб қилмоқда”- деди Карим Сарбашев.
Ўш вилояти губернатори Сўронбой Жиянбеков ва Ўш вилоят Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Суюнбек Умурзақов 9 июн куни Келдибеков тарафдорлари билан учрашиш учун Гулча қишлоғига боришди.
Ўш вилояти ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, автотрассани тўсиб қўйилган қисмидаги бўз уйлар сони 15тага етган. Йўл тўсиб қўйилгани сабабли 200дан зиёд юк машиналари тўпланиб қолган. “Улардан 139таси “Эргаштом” божхона постида, яна 80та юк машина тўсилган йўлга яқин ҳудудда турипти”.
Намойиш ташкилотчиларининг сўзларига кўра, кундуз кунлари норозилик намойишига 500га яқин одам йиғилаётган бўлса, тунда 1000тагача одам навбатчилик қилмоқда.