Ўзбекистонда қийноқлар кенг кўламада қўлланилади. “Amnesty International” (Халқаро амнистия ташкилоти) ўзининг 13 май куни эълон қилган баёнотида келтиришича, бу қийноқлар турига, калтаклаш, бўғиш, эркак ва аёлларни зўрлаш, дубинка, темир таёқ, сув тўлдирилган пластик бутилкалар билан калтаклаш ҳамда қўлга олинган гумондорларни кишан билан иситиш батареяларига ёки шифтдаги илгакка илиб қўйиш, пластик пакет ёки противогаз воситасида бўғиш, қўл ва оёқдаги тирноқлар остига игна тиқиш, электрошок ва совуқ сув қуйишлар киради.
“Ўзбекистонда қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ноинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турлари кенг тарқалган. “Amnesty International” қамоқхона маъмурияти ёки куч органлари томонидан қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомалалар доимий ва кенг кўламда қўлланаётгани ҳақида давомли ва ишончга лойиқ маълумотлар олишда давом этмоқда”, – дейилади ташкилот тарқатган баёнотда.
Баёнотда келтирилишича, Ўзбекистонда “одамлар қўлга олиниш, суд ишини кутиш жараёнида ва қамоқхоналарда қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомалага дучор бўладилар”. Ўзбекистон судлари кўп ҳолларда қийноқлар натижасида олинган иқрорномалар асосида ҳукм чиқарадилар.
Мамлакатда “жавобгарликсиз муҳити ҳукм сурмоқда”, қийноқлар тўғрисидаги шикоятлар эса “одатда эътиборсиз қолдирилади”. Қийноқлар эса “калтаклаш, бўғиш ҳамда эркак ва аёлларни зўрлаш…” кабилардан иборат, дейилади баёнотда.
Ташкилот экспертларига кўра, “кам сонли ҳуқуқ ҳимоячиларигина Ўзбекистон ичкарисида ишлашга журъат қиладилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари ҳар куни тазйиққа дучор бўладилар ва куч органлари томонидан назорат қилинадилар. Барча алоқа воситалари назорат қилинади, тинч намойиш ва дипломатлар билан учрашишга йўл қўйилмайди”.
Туркистон:
Бундан тўққиз йил олдин 2005 йил 13 май куни Андижонда содир этилган қатлиом кунига тўғри келган Халқаро амнистия ташкилотининг навбатдаги баёноти ҳам аввалги баёнотлар ва билдирилган ташвишлар сингари фақатгина тинглаб ва ўқиб қўйилаверади. Чунки бу халқаро ташкилот ҳукуматларни қонунларга риоя этишга, инсон ҳуқуқларига эътибор қаратишга чақиргани билан, бу ҳукуматларга таъсир ўтказиши мумкин бўлган давлатлар учун моддий манфаат биринчи ўринда туради.
Қонхўр Каримов томонидан содир этилган Андижон қирғинидан сўнг Америка ва Европа давлатлари Ўзбекистонга нисбатан ҳеч қандай таъсирга эга бўлмаган ўзбек амалдорларини Европа давлатларига киритмаслик ва Ўзбекистонга қурол сотмаслик каби санкцияларни жорий этишган эди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бу санкцияларни бекор қилишди.
Бунга Америка бошчилигида Афғонистонда олиб борилаётган босқинчилик уришида АҚШ ва НАТОга аъзо давлатларининг ботқоққа ботиб қолиши ҳамда Покистон орқали ўтадиган жанубий таъминот йўлаги мужоҳидлар томонидан амалга оширилган тўхтовсиз ҳужумлар натижасида хавфли бўлиб қолгани сабаб бўлган эди. Шунинг учун бу давлатлар ўйлаб ҳам ўтирмай Ўзбекистонга нисбатан қўллаган санкцияларни бекор қилишди.
Ўзбекистонда қийноқлар сурункали тус олгани ҳеч кимга, ҳатто, демократия ва инсон ҳақлари тўғрисида тинмай лоф уриб келадиган Ғарб давлатлари учун ҳам сир эмас. Аммо моддий манфаат олдида минглаб одамларни қатл қилинишига эътибор қаратмаган бу давлатлар, Ўзбекистон халқига нисбатан қўлланилаётган қийноқлардан ҳам кўз юмишади. Чунки демократия ва инсон ҳақлари деб аталмиш баландпарвоз сўзлар, Ғарб давлатлари измига юрмаган мамлакатларга нисбатан босим ўтказиш қуролидан бошқа нарса эмас.