Баҳор ойи келиб, кунлар исий бошлагач, дунёдаги аксар халқлар, жумладан Ўрта Осиё халқлари ҳам 21 март кунини кенг кўламда байрам қилиб нишонлашади. Бу байрам Наврўз байрами бўлиб, уни келиб чиқиши сабабларини ва мусулмон киши уни нишонлаши ва байрам қилиши жоизми ёки йўқлигини кўпчилик билмайди.
Бунинг учун аввало бу байрамни келиб чиқиш тарихини ўрганиб чиқиш зарур бўлади. Ўзбек халқининг алломаларидан бири Абу Райҳон Беруний “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: “Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, – дейди. — Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатаркан. Наврўз эронликлар “зиж”лари бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабисали қилган вақтларида Қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорга келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилган, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашдан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган” дея изоҳлайди.
Бундан ташқари, “Наврўз қаерда ва қачон пайдо бўлган экан?” – деган саволга “Саодат” журналида эълон қилинган “Онақутининг саҳовати” мақоласида жавоб берилган. Бу мақолада жумладан: “Дунёга илк алифбони берган буюк алломаларнинг ватани бўлган, дунёвий фанларга асос солган Хоразм юрти қадимда, ҳатто эрамиздан аввалги мингинчи йилларда Хвайразам деб аталган. Кейинги йилларда олиб борилган археологик ва этнографик изланишлар Наврўз байрами илк бор худди шу заминда Нисо (яъни, аёл шаҳри пойтахти бўлмиш Парфиёна) грек ва Оврупа файласуфлари асарларида Парфияда нишонланганини ашёвий топилмалар тасдиқлади. Бунга Бургут қалъа, Жомбоқ қалъа ва Нисо қўрғонларида бунёд қилинган ва шу кунларгача сақланиб қолган “олов уй”лари яққол мисол бўла олади. Бургут қалъа марказида мовий гумбазли мақбара бўлган. Мақбара меҳробида Онақутининг кўтарилган қўлида Зумрад тош бўлган. Баҳорги тенг кунликда-шамсий ҳисоб билан ҳамал ойининг биринчи куни, ҳозирги тақвимимиз бўйича 22 мартда мақбара гумбазидаги туйнукдан қуёш нури Онақути қўлидаги Зумрад тошига тушиб, сумалак пишириш учун тайёр турган қозоннинг ўтхонасига ўт ёққан”, дейилган.
Наврўз байрамини келиб чиқиш тарихи ҳақида айрим афсоналар ҳам мавжуд, масалан, Усмон Қорабоев, (“Мулокот”, 1991 й, 3-сони) мақоласида келтиришича, “зардуштийлик ақидасига кўра, яхшилик худоси Аҳурамазда (Ҳурмуз) – баҳор-ёзда, ёмонлик худоси Анхара-Майнью (Аҳриман) – куз ва қишда ҳукмдорлик қилар эмиш. Баҳорнинг биринчи куни яхшилик худоси ёмонлик худоси устидан ғолиб чиққан муқаддас сана ҳисобланиб байрам қилинган. Бу айнан бугунги кунда нишонлаётган Наврўз кунига тўғри келади”.
Фирдавсийнииг “Шоҳнома”сида янги йил байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жумладан, Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга касб ўргатади, темир эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб кийим тўқитади, иморатлар барпо қилади, табиблик сирларини очади, кема ясайди, боғ бунёд қилади. Ниҳоят, “ишлари гуркираб берганда мева” бир куни тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу куни Наврўз нишонланган.
Булардан хулоса қилиш мумкинки, Наврўз байрами бизнинг диёрларда Ислом дини кириб келишидан олдин, ўтга сиғинувчи мажусийлар томонидан байрам қилинган ва бу байрамни Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ислом дини эса ўзидан аввалги барча байрам ва урф-одатларни бекор қилади.
Шундай экан мусулмон одам Наврўз байрамига нисбатан қандай позицияда бўлиши зарур ва уни нишонлашни шаръий ҳукми қандай?
Имом Моликнинг соҳибларидан бири шундай деб айтганлар, “Ким Наврўз кунида бир қовун бўлса ҳам сўйса, бу амали чўчқани сўйгани билан баробардир”.
Абу Ҳафс Ҳанафий (раҳимаҳуллоҳ) айтганлар, “Агар бир киши эллик йил Аллоҳ Таолога ибодат қилиб, сўнг Наврўз байрамида шу кунни улуғламоқчи бўлиб мушрикларни бирига бир дона тухум совға қилса, ўзи кофир бўлиб, амаллари ҳабата бўлади”.
Ҳанафий мазҳабини шайхи аллома Хасан ибн Мансур ибн Махмуд Қозихон (раҳимаҳуллоҳ) айтганлар, “Бир киши Наврўз куни бошқа кунларда сотиб олмаган нарсасини сотиб олса ва агар шу нарсани Наврўз учун сотиб олган бўлса куфр бўлади. Агар фойдаланиш ва сарфлаш учун олган бўлса (Наврўзга атаб эмас) куфр бўлмайди.
Абдуллоҳ ибн Амр (р.а) ривоят қилиб айтадилар, “Кимки араб бўлмаган ажам ўлкаларидан ўтиб, уларнинг Наврўз деб аталган байрамини ва бошқа байрамларини нишонласа ҳамда уларга ўхшаб ва уларга тақлид қилиб ўлиб кетадиган бўлса, улар билан Қиёмат кунида бирга туради”. (Имом Байҳақий “Ас-Сунан вал Кубро”да келтирган, Ибн Таймия “Саҳиҳи”да айтган).
Абу Довуд Анас ибн Молик (р.а)дан қилган ривоятида, “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келган вақтларида мадиналикларни ўйнаб, ҳурсандчилик қиладиган икки кунлари бўлар эди. Бу байрамларни биринчиси Наврўз, иккинчиси Меҳржон эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар, “Аллоҳ Таоло икки ёмон байрам ўрнига икки яхши байрамни ато этди, булар Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайитидир” дедилар.
Яна бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи ва саллам айтадилар, “Кимда ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас у ҳам уларнинг биридир”. (Имам Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Булардан келиб чиққан ҳолда, ўзини Аллоҳга иймон келтирганман деб ҳисобловчи ҳар бир мусулмон учун Наврўзни байрам қилиш ва бошқаларни шу кун билан табриклаш қатъий ҳаромдир.
Туркистон.
20 март
Maqolaga gap yuq
Alloh rozi bulsin
masha alloh alloh ajrilarni bersin boshqa musulmonlar ham o’qib hulosa chiqarib haromdan tiyilishiga nasb qilsin amin