Савол: 2013 йил 6 сентябр жума куни Санкт-Петербургда G-20 (20та катта давлатлар) иқтисодий саммитининг охирида якуний баёнот чиқарилди. Рейтер агентлиги 2013 йил 6 сентябрда тарқатишича, баёнотга кўра «олам иқтисоди яхшиланиб бормоқда…». Агентлик рус молия вазирлиги қошидаги молия департаменти директори Андрей Бокаревнинг қуйидаги сўзларини келтирди, у шу саммитнинг якуний баёнотини ишлаб чиқишда иштирок этган: «Муҳокамаларнинг энг қийини ва энг узоққа чўзилгани олам иқтисодий вазиятини баҳолашга тааллуқли бўлди». Шунингдек яқинда бу яхшиланиш кўрсатилган бир қанча баёнотлар пайдо бўлди. Масалан Европа Иттифоқи ўзининг иқтисоди озгина нисбатда бўлса ҳам ўса бошлагани ҳақида хабар тарқатди, Қўшма Штатлар ўзининг иқтисоди 2013 йилда 1 %га ўсганини билдирган бўлса, Хитой ўзининг иқтисоди 2013 йил сентябргача 7 %дан кўпроққа ўсганини эълон қилди.
Олам иқтисоди ҳақиқатдан ҳам яхшиландими, бинобарин 2007 йилда Америкада бошланган иқтисодий кризис олти йилдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин ҳақиқатдан ҳам енгилладими? Агар ундай бўлмаса, бу баёнотлар ва рақамлар қандай эълон қилинди? Шуларни изоҳлаб беришингизни илтимос қиламан. Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин.
Жавоб: Келинг оламдаги иқтисодий жиҳатдан таъсири энг кўзга кўринган давлатларнинг иқтисодий воқеси ҳақиқатини кўриб чиқайлик. Улар Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва Хитойдир. Чунки бу уччаласининг иқтисоди олам иқтисодининг 50 %дан кўпроғини ташкил қилади. Қолаверса иқтисодий кризис Америка ва Европа Иттифоқи қабул қилган капитализм низоми билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун бу иккисининг шу кризисга таъсири кучлидир. Хитойнинг эса бу кризиснинг пайдо бўлишидаги ёки уни енгиб ўтишдаги роли амалий иш эмас, реакция билдириш ролидир… Маълумот учун: биргина Америка иқтисодининг ўзи Хитой, Япония ва Германия иқтисодларининг ҳаммасини жамлаганига тахминан тенг келади. Улар эса оламдаги Америкадан кейинги энг катта уч иқтисоддир. Чунки Америка иқтисодининг ҳажми 2012 йилда 15,7 триллион долларга етди. Бу – олам иқтисоди ҳажмининг 22 %ини ташкил қилади. Хитой иқтисоди 8,2 триллион, Япония иқтисоди 5,9 триллион, Германия иқтисоди 3,4 триллион долларга етди (Бу Халқаро Банк ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти маълумотларидир). Америка иқтисодининг мана шу катта ҳажми сабабли Америка иқтисодий кризиси олам бўйлаб ёйилди. Бу кризис натижасида Америкадаги кўчмас мулк бозори қулади. Шунга кўра баҳсни асосан олам иқтисодига кўпроқ таъсир ўтказадиган мана шу уч давлат иқтисодига қаратамиз. Чунки иқтисоднинг ҳақиқатдан ҳам яхшиланганини ёки яхшиланмаганини кўрсатувчи энг кўзга кўринган омиллар қуйидагилардир: ишсизлик даражаси, маҳаллий ва хизмат кўрсатиш идоралари қарзлари, ҳукумат қарзлари. Мана шу уччаласи меҳнат биржаси ҳаракатини, пул айланиш бозори ҳаракатини ҳамда ҳукумат лойиҳалари ва хусусий лойиҳалар бозори ҳаракатини кўрсатиб туради. Шунинг учун баҳсимиз асосан шулар устида бўлади ва ундан кейин олам иқтисоди ҳақиқатдан ҳам яхшиланганми ёки йўқми, аён бўлади:
Биринчи: АҚШ:
1 – Ишсизлик даражаси: марказий банк 2008 йил охирларидан бошлаб қарзлар устига қўйиладиган процент ставкаларини нолга яқинлаштириш учун камайтиришга киришди. Шунинг учун ўзининг умумий бюджетини уч мартага оширди, натижада бу бюджет ана шу пайтдан бошлаб қарийб 3 триллион долларга етди, буни қимматбаҳо қоғозларни сотиб олиш программаси орқали амалга оширди. Банк буни ўзининг охирги йиғинида 85 миллиард долларга етадиган ойлик даражасида сақлаб қолди. Буларнинг барчаси узоқ муддатли қарзлар харажатларини камайтириш ва бунинг оқибатида меҳнат биржасини жонлантириш мақсадида лойиҳалар эгаларининг ва бизнесменларнинг қарзлар олишини осонлаштириш учун бўлди. Шунга қарамай ишсизлик даражаси ўтган ойда 7,9 % нисбатда юқорилигича қолаверди. Бу 5 йил олдинги даражадан кўпам фарқ қилмайди, ўшанда ишсизлик даражаси 8,9 % эди. Қўшма Штатлар стимуллаштириш (жонлантириш) қонунини маъқуллаган бўлса-да, яъни ширкатларга уларнинг акцияларини сотиб олиш билан улкан маблағларни берган бўлса-да ва бу қонун 2009 йилда татбиқ этила бошланган бўлса-да, бироқ иқтисод соғайгани йўқ ва ишсизлик даражаси унчалик пасайгани йўқ. Бу эса бу кризис чуқур эканига, ҳамон давом этаётганига ва иқтисод яхшиланмаганига далолат қилади.
2 – «Шаҳар муниципалитетлари» каби хизмат секторларининг қарзлари… Sky News Arabia сайти 2013 йил 11 августда қуйидагиларни ёзди: «Қўшма Штатлар шаҳарлари ва муниципалитетларидаги оғир қарзлар, уларни тўлашдан ожизлик икки йил орасида 41 шаҳарнинг банкрот бўлишига олиб келди. Бу эса бир қанча Америка шаҳарлари оламий молиявий кризис оқибатларини шу бугунгача енгиб ўтолмаганини англатади. Банкрот шарпаси қайтиб Америка шаҳарларини қамраб ола бошлади. Дейтройт муниципалитети ўзининг қарийб 18 миллиард долларга етган қарзларини тўлай олмаслигини ўтган ойда расман эълон қилганидан кейин бу шарпа шаҳарларни яна қамраб ола бошлади. Банкрот муниципалитетлар ва шаҳарлар учун кредиторлардан ҳимояланишнинг охирги бошпанаси ҳисобланади. Бошқача айтганда воқедан қочиш ва енгилроқ ечимларга ўтиш ҳисобланади. «Америка банкрот институти» баённомаларига кўра, 2007-2011 йил ўртасидаги даврда Америка муниципалитетлари ва шаҳарларида 40дан кўп банкрот ҳолати кузатилди. Йилига ўртача 8 ҳолат тўғри келди». Бу ахборот ҳисоботи 2011-2013 йиллар ўртасида шаҳарларнинг банкрот бўлиш ҳолатлари кризис авжига чиққан даврдагидан ҳамда ундан олдинги ва кейинги даврдагидан ҳам кўра кўпроқ бўлганини кўрсатиб турибди. Бу эса Америка иқтисоди ҳолати яхшилангани ҳақидаги гап-сўзларни шубҳа остига қўяди.
3 – Ҳукумат қарзлари: Америка молия вазири Жейкоб Лью ўзининг 2013 йил 26 августда ёзиб конгрессга йўллаган мактубида «ҳукуматнинг ўз қарзларини тўлашдан ожиз қолиши (дефолт)нинг олдини олиш учун май ойида кўрилган фавқулодда чоралар октябрнинг ярмида тугашидан огоҳлантириб конгрессни ҳукуматнинг қарз олиш ҳуқуқини узайтиришга чақирди». (Ал-Қудс сайти 2013 йил 27 август). Америка молия вазири Жейкоб Лью ўзининг конгрессга йўллаган мактубида қуйидагиларни кўрсатиб ўтди: «Агар ҳозирда йўл қўйиш мумкин бўлган энг максимум чегараси 16,7 триллион доллар бўлган давлат қарзларининг умумий потологи кўтарилмайдиган бўлса шу йил 15 октябрда Америка ҳукумати ўз мажбуриятларини тўлаш учун талаб қилинадиган киримларни бой бериб зиён кўради». У бундай деб огоҳлантирди: «Давлат қарзлари потологи ҳозирги даражада сақланиб қолаверадиган бўлса молиявий бозорлар ишида бузилиш юз бериши ва иқтисод қулаши мумкин» . У бундай деб қўшимча қилди: «Конгресснинг вазифаси Қўшма Штатларга бўлган ишончни ҳимоя қилишдан иборат, чунки давлат қарзлари потологини кўтариш салоҳиятларига эга бошқа ташкилот йўқ» (Русиял Явм сайти 2013 йил 28 август). Яъни Қўшма Штатлар қарзлари йўл қўйиладиган энг охирги чегарага етди, у 16,7 триллион доллардир. Шунга қарамай Қўшма Штатлар ўз мажбуриятларини бажариш учун қарз потологини яна кўтаришни талаб қилмоқда!
Америка вазиятининг кўриниши мана шу. Қарздорлик жуда юқори, шунинг учун Қўшма Штатлар ўз харажатларини қоплаш, дефицитни муолажа қилиш ва иқтисодий дефолтга йўл қўймаслик учун қарзлар потолигини янада кўтариш йўлига ўтмоқда. Бу кўриниш Америка иқтисоди ҳолатининг яхшиланганини ва у кризисдан чиқиб кетганини кўрсатмайди.
Иккинчи: Европа Иттифоқи:
1 – Ишсизлик даражаси: Халқаро Валюта Фонди директори Кристин Лагард «ишсизлар нисбати Испанияда 27 %, Грецияда ҳам шунга ўхшаш» эканини айтди (Евроньюс сайти 2013 йил 26 апрел). Бу директор аёл 2013 йил 3 майда бундай деган эди: «Таркибида 17 давлат бўлган Еврозонада ишсизлик даражалари 2013 йил давомида ўртача 12,2 %га етиши кутилмоқда, бунда 2012 йилдаги 11,4 % нисбатдан ошиб кетади». У еврокомиссар Олли Реннинг ушбу сўзларини келтирди: «Давом этаётган турғунлик шароитида биз ишсизлик фалокатига қарши курашиш учун имконимиздаги барча нарсани қилишимиз зарур».
Халқаро меҳнат ташкилоти директори Раймонд Торис бундай деди: «Аниқ сиёсатлар қабул қилинмайдиган бўлса бу ерда Европадаги меҳнат биржасида турғунлик кризиси юз бериши хатари бор, шу билан бирга янада кўпроқ кишилар узоқ муддат ишсиз қолишга дучор бўлишади, бу эса уларнинг меҳнат биржасидан чиқиб кетишларига олиб келиши мумкин. Яна бир муҳим нарса ўсишга ундовчи сиёсатни юргизишдир, айниқса Еврозонада шундай сиёсат юргизиш зарур. Кичик ширкатларга енгил қарзлар берилмайдиган бўлса меҳнат биржасида жонланиш юз бериши кутилмайди». (Евроньюс 2013 йил 3 июн). Евроньюс бундай деб қўшимча қилди: «Бу ташкилот ўтган беш йил давомида узоқ муддат ишсиз қолиш учдан икки даражага кўтарилганини қайд этганини кўрсатиб келди ва бу ерда иш билан таъминлаш даражасини кризисдан олдинги 56 % даражага қайтариш учун ўттиз миллион янги иш ўринлари кераклигини аниқ айтди».
2 – Ижтимоий нафақалар: Евроньюс сайти 2013 йил 30 августда бундай хабар тарқатди «Дания молия вазири Бьярне Коридоннинг айтишига кўра Скандинавия давлатларининг заифлашган иқтисоди фуқаролар талаб қилаётган тўланиши керак бўлган харажатларни кўтаролмай қолди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг билдиришича, Франция 33 % нисбатда энг кўп ижтимоий нафақа тўлайди, ундан кейин 30,8 % нисбатда Дания ва Бельгия туради, улардан кейин 30,6 % нисбатда Финландия, кейин 28,6 % нисбатда Швеция туради». Буларнинг барчаси паст нисбатлар бўлиб, ана шу давлатлар аҳолисининг эҳтиёжларига тўлиқ етмайди… Бундан Германия мустасно, чунки унинг ижтимоий нафақалари қайсидир даражада мақбулдир… Бу энг кучли нафақа қиладиган давлатларга нисбатан шундай, демак бошқа давлатлардаги аҳволнинг қандай эканини ўзингиз билиб олаверинг?!
3 – Қарздорлик: Евроньюс сайти 2013 йил 22 июлда қуйидагини нашр қилди: «Статистик маълумотлар Еврозона қарзлари юки жорий йилнинг биринчи чораги ниҳоясида ўзининг энг юқори даражасига етганини аниқ кўрсатиб турибди, ҳукумат бюджетларини тўғрилаш учун кўрилган тежамкорлик тадбир-чораларига қарамай шундай бўлди, бунда Греция, Италия ва Португалия энг ёмон рўйхатнинг бошини эгаллаб турибди, Эстония ва Люксембургда эса қарзнинг энг паст даражалари қайд этилди». Евроньюс бундай деб қўшимча қилди: «Ягона евровалюта давлатларининг бир нечаси турғунликда қамалиб ётибди, иқтисодларнинг қисқариши қарз нисбатининг ялпи маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни энг ноқулай аҳволга солиб қўйишига олиб келди. Тежамкорлик тадбир-чоралари иқтисод ўсиши ғилдирагини тўхтатишга ўз ҳиссасини қўшди, чунки бу ғилдирак ҳукуматнинг харажатларига таянади, айни вақтда солиқларни ошириш истеъмол ва инвестициянинг бўғилишига олиб келиши мумкин».
Шуни ҳам айтиш керакки, Европа Иттифоқининг бир неча давлатлари шу иттифоққа қўшилган пайтда пул қарз олган эди. Шу даражадаки, бу қарз олиш уларнинг иқтисодлари ҳажмидан ҳам ошиб кетган эди. Шунинг учун кризис Европага етиб келган пайтда Европа Иттифоқининг бир неча давлатлари шу кризис туфайли ўзларининг олдинги қарзларини тўлашнинг иложиси йўқ аҳволга тушиб қолди. Маълумки Европа иқтисодига энг биринчи даражада таъсир қилувчи давлат Германиядир. Германия тежамкорлик сиёсатини ҳукумат харажатларини озайтириш ва бошқа давлатлардан қарздорликни камайтириш билан юргизишга муваффақ бўлди. Германия пул бериш ва қарздорликни янада кўпайтириш сиёсатини юргизган Америкага тескари ўлароқ тежамкорлик сиёсатини Еврозонага жорий қилишга ҳаракат қилди.
Шундай қилиб, демак бу баёнотлар ва ҳисоботлар Европадаги иқтисод кризис оқибатларидан ҳамон қийналаётганини, улардан чиқолмаганини ва ҳамон турғунлик ҳолатида эканини кўрсатиб турибди. Бинобарин, демак Европа иқтисодида сезиларли яхшиланиш бўлгани йўқ.
Учинчи: Хитой:
Хитой иқтисодининг иши ўзгачадир. Чунки хитойлик иқтисод таҳлилчиларнинг айтишича «Хитой иқтисодининг ўсиши катта даражада экспорт ва инвестиция секторига таянади, бу иқтисод ички истеъмолга таянмайди. Бу билан халқ оммаси ўзларининг маиший ҳаётлари даражаси қанчалик кўтарилганини чуқур ҳис қилишмайди». Демак Хитойнинг ички бозори ҳамон жуда заифлигича қолмоқда. Демак Хитой миқёс-ўлчов эмас ва у бошқа давлатлар иқтисодларига таъсир қилмайди. Зеро Хитой иқтисоди биринчи даражада Америка бозорларига экспорт қилишга ҳамда Америка билан ўзаро инвестициялар айирбошлашга таяниб келмоқда, бунда Хитойнинг Америка ширкатларидан акцияларни юзлаб миллиардларга сотиб олишининг ёки Америка ҳазинасининг триллион доллардан ошиб кетган қимматбаҳо қоғозларини сотиб олишининг ҳамда Америка ширкатларининг Хитой ичкарисида инвестиция ётқизишининг ва Хитой ўзининг доллардаги пул захирасини 3 триллиондан доллардан ошиққа етказганининг фарқи йўқ. Демак Хитой капитализм оламининг етакчиси эмас. Аксинча у капитализм йўлини тутаётгани учун ва иқтисодий томондан Америкага боғланиб қолгани учун капитализм оламига тобедир. Демак Хитой капитализм оламининг иқтисодий сиёсатига тобедир. Шунинг учун у Америка таъсири остидаги капиталистик муассасалар бошчилик қиладиган иқтисодий қарорларни тез бажаришга ҳаракат қилади. Хитой ўзини капиталистик давлат деб эълон қилолмайди, эълон қилганида эди, қўзғалиб капитализм иқтисодига бошчилик қилишга ҳаракат қилган бўларди. Лекин бундай қилолмайди. Чунки Хитой ўзини расмий ва анъанавий равишда коммунистик давлат деб эълон қилиб келмоқда ва шу расмий кўринишни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Ўзининг мустақил вужудини йўқотиб қўйишдан қўрқиб ва давлат тепасида турган расмийларнинг – улар коммунистик мафкурани қабул қилишган – ўз имтиёзларини йўқотиб қўйишларидан қўрқиб Хитой шундай йўл тутмоқда. Шунинг учун коммунистлар ва уларнинг партияси капитализм низомларини татбиқ этишга ва капитализм етакчиси бўлган Америка иқтисоди билан боғланишни сақлаб қолишга уялибгина ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун яқин келажакда Хитойнинг бу сиёсатдан воз кечиши ва капитализм оламига етакчилик қилишни ўз қўлига олиб, олам иқтисодига таъсир қилувчи давлатга айланиши кутилмайди. Мана шундан келиб чиқиб оламга таъсир қилган капитализмнинг молиявий кризисига тўхталган пайтимизда асосий эътиборни биринчи даражада Америкага қаратамиз, ундан кейин иккинчи даражада Европага қаратамиз. Демак ҳозирда капитализм низоми ҳукмрон бўлган олам иқтисодий жиҳатдан шу иккаласидан: аввало Америкадан ва иккинчи ўринда Европадан таъсирланмоқда.
Тўртинчи: бошқа давлатлар иқтисоди:
Қолган давлатлар иқтисодларининг дунё иқтисодига ҳукм ўтказишдаги таъсири камдир:
Масалан Япониянинг қарзи Халқаро Валюта Фонди рақамларига кўра ялпи маҳаллий маҳсулотнинг 245 %ига етди. Шунинг учун бу фонд Япониядан бу улкан қарзга чек қўйиш учун ўртача ишончли бюджет режасини ишлаб чиқишни яна талаб қилди. Бу қарз таъсирини ундан 90 %дан кўпроғи япон кредиторларига тўланиши лозим бўлган қарзлар эканлиги камайтирмайди… Япон ҳукумати 2013 йил 8 августда икки йил орасида давлат нафақаларидан 85 миллиард долларга яқинини кесиб қўйиш ниятида эканини эълон қилди, яъни япон иқтисодини жонлантириш сиёсати талаб қиладиган нарсанинг аксини эълон қилди.
Россия эса ўзида капитализм низомларини татбиқ этмоқда ва ўзи ижод қилишга қудрати етмай бу низомларни татбиқ этишда ва бошқа давлатлар билан иқтисодий ташкилотларни таъсис этишда Ғарбга тақлид қилишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун Россия ўзига тобе давлатлар билан иқтисодий ташкилотлар таъсис этишга ҳаракат қилди, бунга мисол қилиб Беларусь ва Қозоғистон билан 2010 йилда Европа божхона иттифоқига тақлид қилиб таъсис этган Божхона иттифоқини келтириш мумкин… Ҳар ҳолда рус иқтисоди Ғарб бошчилигидаги капитализм системасига тобе бўлиб, шу системада қадам ташлашга, унинг қарорларини бажаришга, иқтисодий ташкилотлар тузишда капиталистик давлатларга тақлид қилишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун Россия мана шу жиҳатдан олам иқтисодини ҳаракатга келтирувчи эмас, аксинча у унга кучли таъсир қилишдан кўра кўпроқ ўзи Ғарбнинг капиталистик иқтисоди билан таъсирланмоқда.
Энди БРИКС (Бразилия, Ҳиндистон ва Жанубий Африка) гуруҳига ва ривожланиб келаётган давлатлар – Мексика, Туркия…га келсак, уларнинг олам иқтисодига деярли таъсири йўқ, аксинча улар Ғарб иқтисодига бевосита тобедир ҳамда Америка ва Европа молиявий бозорларига боғланиб қолгандир. Улардан бир қисми ривожланишни кучайтириш учун асосан қарзларга таянади, масалан Туркия шундай. Бу эса ҳақиқий иқтисод эмас. Бу билан шу давлатлардаги истеъмол ошиб боради, одамларнинг қарз олишга таянишлари сабабли шундай бўлади. Давлат муассасалари, хусусий муассасалар ва ширкатлар ҳам қарз олишга таянади. Бу давлатлардан бир қисмида эса коррупция ва кўп маблағларни хорижга контрабанда қилиш кенг кўламда тарқалган, масалан Ҳиндистон шундай. Демак бу давлатларнинг иқтисоди барқарор эмас ва иқтисоднинг ҳақиқий манбаларига таянмайди. Бразилия ва Жанубий Африканинг иқтисодий таъсири эса фақат атрофдаги давлатларгагинадир, яъни олам иқтисодий ҳаракатига эмас, Жанубий Америка ва Африкагадир холос.
Бу иқтисодларга умуман олганда кризислар пайдо бўлишида ёки бу кризисларга барҳам беришда кўпам асосий эътиборни қаратилмайди.
Бешинчи: Энди эълон қилинаётган рақамлар ва баёнотларга келсак, улар шу баёнотларни чиқараётган давлатдаги иқтисодий муассаса истаганидек ишлаб чиқилмоқда…
1 – Масалан, Қўшма Штатлар расман билдирган 2013 йилдаги ўсишга келсак, у аслида Америка ҳукуматининг иқтисодни қиёслайдиган услубни ўзгартириши сабабли бўлди. Чунки бу ҳукумат ўсиш қиёсланадиган услубни ўзгартирди. Буни музика маҳсулотлари, дори-дармонлар ва препаратлар ишлаб чиқариш мулкчилик ҳуқуқи… каби иқтисодга фикрий мулкчиликни киритиш орқали амалга оширилди. Бу ўзгартириш иқтисодда қўшимча 370 миллиард доллар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бу эса 2,5 % ўзгаришни (ошишни) акс эттиради. Шунга қарамай Қўшма Штатлар иқтисоди ҳамон ўсиш учун курашиб ётибди. Айни вақтда унинг фуқаролари сарф-харажатлари камайди. Шунинг учун, демак турғунлик тугади деб билдирилаётган ҳисоботларнинг чиқарилиши сабаби ҳақиқий бўлмаган сохта статистик маълумотлар тарқатилаётган услубга бориб тақалади.
2 – Энди Европа масъуллари томонидан берилаётган маълумотларга келсак, улар ҳам доимий ўсишни акс эттирмайди. Эълон қилинган баёнотлар шунчаки биринчи баҳолаш бўлиб, улар бутун Европани ўз ичига олмаган. Чунки Ирландия, Греция каби иқтисодий жиҳатдан қийналаётган давлатлар бу маълумотларга кирмаган. Чиқарилаётган бу маълумотлар шунчаки баҳолашлар бўлиб, уларни Европа маълумотлар агентлиги – Евростат тўплаган. Бу агентлик миллий статистика бюролари томонидан берилган маълумотларга таянади. Бу бюролар эса маълумотларни тўплашда бир-биридан фарқ қилади ва ўзининг ўсишга берадиган бирламчи баҳосида кўпроқ тадқиқотларга таянади. Одатда бу баҳолашлар кўп марта қайта кўриб чиқилади. Шунинг учун немис статистик бюроси биринчи баҳолардан ҳатто тўрт йил кейин ҳам қайта кўриб чиқишлар бўлиши мумкинлигини кўрсатиб ўтади. Чунки қўшимча маълумотлар ҳам ҳисобга олинади. Шунинг учун статистик маълумотлардаги камчиликларни эътиборга олинса, демак Европада вазият яхшиланди деб айтиш мумкин эмас.
3 – Хитой ҳақида айтадиган бўлсак, бу ерда Хитой ўзининг иқтисоди ҳақида чиқараётган маълумотлар хусусида бир талай саволлар ва шак-шубҳалар доим мавжуд бўлиб келган. Хитой йирик давлатдир. Чунки у аҳоли сони жиҳатидан оламдаги энг катта давлатдир, ер майдони ҳам каттадир. Шунинг учун Хитой иқтисоди ўсиши кайфияти ҳақида маълумотларни тўплаш жуда катта процессдир…
Кузатувчиларда Хитой ўтган йилдаги йиллик ялпи маҳаллий маҳсулот (ВВП) ишлаб чиқаришга оид рақамларни январ ойининг учинчи ҳафтасида бериши шубҳаларни пайдо қилмоқда. Чунки Хитой ҳукумати йилнинг тўлиқ натижаларини уч ҳафта орасида аниқ баҳолаб чиқиши ўта қийин ишдир! Бу эса Хитой бу бераётган маълумотлар билан аслида дунё Хитой иқтисоди ҳақида яхши деб ўйлашини мақсад қилмоқда, деб айтишга бир асосни пайдо қилади.
Олтинчи: Хулоса
Оламий молиявий кризис ҳали тугагани йўқ. Унинг оқибатлари ҳамон сезилиб турибди. Бу оқибатларни ҳамон маблағлар ажратиш билан муолажа қилинмоқда, масалан Америка шундай қилмоқда. Ёки Европада Германия қилаётганидек тежамкорлик билан муолажа қилинмоқда. Масалан Америка бозорга 85 миллиард долларни ташлади, яъни бу пулларни ширкатларга уларнинг сақланиб қолиши учун берди. Европа эса тежамкорлик сиёсатини юргизмоқда. Демак бу кризис ҳамон давом этаётганига ва иқтисод давлат аралашувисиз ва унинг ёрдамларисиз табиий йўлида кетмаётганига бир далилдир. Гўё бу иқтисодга сунъий нафас олдирилаётгандек. Маълумки давлатнинг аралашуви капитализм низомига зиддир. Чунки бу низомда бозорни ҳукумат чангалидан халос қилиш кераклиги кўрсатилган. Демак ширкатларни ва бошқа молиявий муассасаларни қутқариш учун давлатнинг бозорга аралашиши мумкин эмас ёки бозор ҳаракатига чеклов қўйиш мумкин эмас. Демак бу низом тўла эркинлик бўлишини ва бозор ўзини ўзи муолажа қилишини тақозо қилади. Чунки капитализм мабдаси бўйича бу аралашув тараққиётга тўсқинлик қилади. Чунки ширкатларнинг яроқлилари қолиб, ишга ярамайдиган ширкатлар ўз ўрнини бошқаларга бўшатиб бериши лозим. Шунинг учун бозорда фақат рақобатга қодир бўлган ширкатларгина қолади. Капитализм назариясига кўра иқтисод шу тарзда ривожланади ва эркин ҳаракат қилади. Лекин воқе бу назариянинг ёлғонлигини исботлаб турибди, капиталистик давлатларнинг ишлари ҳам бу назарияни нотўғрилигини кўрсатиб турибди. Демак кризис сабаблари ва муаммолар манбаси муолажа қилингани йўқ. Зеро улар капитализм низоми замиридадир. Шунинг учун ҳар лаҳзада бу кризис яна қайталаниши мумкин. У худди сурункали касалликдан азият чекаётган беморга ўхшайди. Бу беморнинг аҳволи бирмунча яхшилангани ҳақида хулоса берилади-да, ҳеч қанча вақт ўтмай бунинг аксини кўрсатадиган бош хулосалар чиқади. Шунда бу беморга унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тинчлантирувчи дорилар берилади ва укол қилинади, лекин у бениҳоя оғриқ-аламлардан азият чекаверади…
Шундай қилиб, демак олам иқтисоди яхшилангани йўқ, кризис ҳамон давом этяпти, муаммолар ҳамон мавжуд. Капитализм низоми мавжуд бўлиб тураверар экан, бу кризис ва муаммолар ҳам давом этаверади. Уларнинг натижасида миллиардлаб одамлар қашшоқлик ва маҳрумликка маҳкум бўлади, кўплаб маблағлар одамлар қўлига тегмай йўқ бўлиб кетаверади. Оқибатда бахтсизлик кўп одамларни ўз домига тортади, бир ҳовуч капиталистлар эса энг кўп бойликларга эга бўлиб олади. Шу сабабли, демак кризис худди гоҳида портлаб гоҳида тинчланадиган вулқонга ўхшаб мавжуд бўлиб тураверади. Шундан келиб чиқиб айта оламизки, ҳақиқий муолажа фақат Исломдагина мавжуддир. Ислом иқтисодий муаммо бойликларни тўғри шаклда тақсимлашда ва маблағларнинг айрим чўнтаклардагина тўпланиб қолишига йўл қўймай, ҳар бир шахснинг улардан фойдаланишига ва ўз насибасига эга бўлишига имкон беришдадир деб билади. Капитализм жамиятга бу ерда фалон қийматда пуллар ва бойликлар бор ва шахснинг насибаси фалон бўлади деган умумий назарда қарайди. Аслида эса бу бойликлар шахснинг насибаси эмас, бир ҳовуч тўданинг насибаси бўлиб қоляпти! Ислом эса жамиятга бундай умумий назарда қарамайди!
Аллоҳ Субҳанаҳудан Ислом бошқаруви, рошид Халифалик яна ҳаётга қайтиб фаровонлик, осудалик ва соғлом иқтисодий ҳаёт келишини сўраб қоламиз. Бундан нафақат Исломий Уммат баҳраманд бўлади, балки бу яхшилик бутун оламни қамраб олади. Аллоҳ Субҳанаҳу Азиз, Ҳаким Зотдир.