Қирғизистоннинг ташқи қарзи кескин тарзда ошиб бормоқда. Хитой президенти Си Цзинпиннинг сафари чоғида эришилган битимлардан сўнг давлат қарзи деярли 4 млрд. долларга яқинлашиб қолди. Ички ва ташқи қарзларни тўлаш учун бюджетдан 300 млн. доллардан ошиқ маблағ сарф қилинмоқда.
Хитой президентининг Қирғизистонга расмий сафари чоғида шимол билан жанубни боғлаб турувчи йўлни қуриш учун 400 млн. доллар, Бишкек иситиш марказини тузатиш учун 386 млн. доллар қарз олиш бўйича келишимга имзо чекилди. Бу қарзлар 2% устамаси билан 20 йил муддатга берилди.
Бундан аввал ҳам Қирғизистон Хитойдан катта миқдорда қарз олган бўлиб, ҳозирги кунда унинг Хитойдан қарзи ярим млрд. доллардан ошиб кетган.
Иқтисодчи Мейманбек Абдылдаевнинг айтишича, Қирғизистон бугунги кунгача олган қарзларидан самарали фойдалана олган эмас, келаси йилларда ҳам худди шу кўриниш такроланади.
Собиқ ташқи ишлар вазири Акылбек Жапаров олинган қарз шимол билан жанубни боғлаб турувчи йўлни қуриш учун эмас, балки давлатни ривожлантириш лойиҳаларига ишлатилса яхши бўларди, деган фикрда. Чунки 400 млн. долларга нари-бери қурилган йўл ўзини оқламайди.
Аммо Жапаров Хитой каби йирик давлатлар Қирғизистон каби учинчи дунё давлатларига саноат ривожи учун қарз бермаслигини эътибордан қочирди. Чунки улар қарз беришдан аввал бериладиган маблағни йўллар, кўприклар ёки спорт комплекслари каби, давлатга даромад келтирмайдиган соҳаларга сарфлашни шарт қилиб қўяди. Натижада қарз муддати тугагач, олинган маблағ у ёқда турсин, унинг устама фоизини тўлашдан ожиз бўлиб қолган давлат мустамлакачи давлатга қарам бўлиб қолишга маҳкум.