Генерал Сисий жума куни намойишга чақирди

439
0

01

Миср армияси генерали Абдул Фаттоҳ Сисий Миср халқини жума куни кўчаларга чиқиб, армияга “юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликлар ва терроризмга қарши курашиш” ваколатини беришга чақирди.

“Мен барча мисрликларни терроризм ва тартибсизликларга қарши курашда менга, ишонч кўрсатиш учун жума куни кўчага чиқишга чақираман”, деди генерал Сисий 23 июль инқилоб байрамини нишонлаш муносабати билан сўзлаган нутқида.

Ўз тарафдорларини жума куни кўчага чиқишга ундаган генерал Сисий бу чақириқ тартибсизликларга эмас, балки миллий манфаат йўлида ҳаракат қилиш учун дастак бўлишга қаратилганлигини таъкидлади.

“Агар тартибсизликлар ва террорга қўл уриладиган бўлса ҳарбийлар ва хавфсизлик ходимлари ўз вазифаларини бажаради”, дея қўшимча қилди генерал Сисий.

Шунингдек Сийси Собиқ президент Муҳаммад Мурсийни алдаганлиги ҳақидаги ўзига қўйилган айбловларни рад қилиб, “Муҳаммад Мурсий дуч келган инқироздан чиқиш учун уч таклиф киритдик. Мен собииқ президентни алдамадим. Барча баёнотларни беришдан аввал Мурсийга тақдим қилардим. Амалга оширишни режалаштирган баъзи лойиҳаларни тўхтатиб туриш учун унга маслаҳат берардим”, деди.

У барча буйруқларни халқдан олишини билдириб, ҳарбийлар эълон қилган “йўл харитаси”ни маҳкам тутишини таъкидлади.

“Бир лаҳза ҳам “йул харитаси”дан ортга чекиниш йўқ”, деди у. Мусулмон биродарлар жамоасидан ажралиб чиққан “Ҳуррият ва адолат” партияси “йўл харитаси”ни рад қилган эди.

Ўз навбатида “Мусулмон Биродарлар” ҳаракати генерал Сисининг чақириғини ўзларига нисбатан таҳдид, деб билишиб, бу чақириқ маҳаллий урушга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

“Сизнинг таҳдидингиз адолат тикланишини истаган миллионларни яна кўчага чиқишини тўхтата олмайди”,- деди “Мусулмон Биродарлар” раис ўринбосари Эссом ал-Ориан . У генерал Сисини “ҳарбий тўнтариш доҳийси, аёллар , болалар ва намозхон мусулмонларнинг қотили”, деб таърифлаган.

Айни пайтда Миср президенти идорасининг нотиғи бош қўмондоннинг тартибсизликлар ва террорга қарши чақириғини қуллаб, “Миср террорга қарши уруш очди”, дея  билдирди.

“Ашшарқул асват” ахборот агентлигининг хабар қилишича, муваққат президент Адли Мансур ҳозирги вазият ва миллий хавфсизликни муҳокама қилиш учун давлат амалдорларини тўплаган.

Эслатиб ўтиш жойизки, ҳокимиятдан ағдарилган Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлари ҳарбий тўнтариш бўлган 3 июлдан буён норозилик намойишларини тўхтатганлари йўқ.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here