– Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: бир киши, эй Муҳаммад, эй Саййидимиз, эй саййидимизнинг ўғли, эй яхшимиз, эй яхшимизнинг ўғли, деб такаллуф қила бошлаган эди, Росулуллоҳ (с.а.в):
«يَا أَيُّهَا النَاسُ، عَلَيْكُمْ بِتَقْوَاكُمْ وَلاَ يَسْتَهْوِيَنَّكُمْ الشَّيْطَانُ، أَنَا مُحَمَّدُ بْنُ عَبْدِ اللهِ عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ، وَاللهِ مَا أُحِبَّ أَنْ تَرْفَعُونِى فَوْقَ مَنْزِلَتِى الَّتِى أَنْزَلَنِى اللهُ عَزَّ وَجَلَّ»
«Эй инсонлар, тақвоингизда турингиз. Шайтон сизларни мафтун қилиб қўймасин. Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Аллоҳнинг бандаси ва Унинг Росулиман. Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳ менга берган даражадан юқори даражага кўтариб юборишингларни яхши кўрмайман» дедилар (Аҳмад ривояти).
– Пайғамбар (с.а.в) айтдилар:
«لاَ تُطْرُونِى كَمَا أَطْرَتْ النَّصَارَى ابْنَ مَرْيَمَ فَإِنَّمَا أَنَا عَبْدُهُ فَقُولُوا عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ»
«Насронийлар Исо ибн Марямни кўкка кўтариб мақтаганидек, мени ҳам мақтаманглар. Албатта мен Унинг қулиман. Мени Аллоҳнинг бандаси ва Унинг Росули, денглар» (Бухорийдан).
– Бир киши Росулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига келиб, гап бошлади. Гапирганда унинг тиззалари қалтирай бошлади. Шунда Росулуллоҳ (с.а.в) унга:
«هَوِّنْ عَلَيْكَ فَإِنِّى لَسْتُ بِمَلِكٍ، إِنَّمَا أَنَا ابْنُ إِمْرَأَةٍ تَأْكُلُ الْقَدِيدَ»
«тинчлан, ўзингни қўлга ол. Мен подшоҳэмасман. Мен қуритилган гўшт ейдиган аёлнинг ўғлиман» дедилар (Ибн Можа ривояти).
– Пайғамбар (с.а.в) айтдилар:
«إِنَّ اللهَ أَوْحَى إِلَىَّ أَنْ تَوَاضَعُوا حَتَّى لاَ يَفْخَرَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ، وَلاَ يَبْغِ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ»
«Аллоҳ Таоло менга ваҳи қилди: тавозеълик бўлинглар. ҳатто ҳеч ким, ҳеч кимдан фахрланмасин. ҳеч ким ҳеч кимга тажовуз қилмасин» (Муслим ривояти).
– Росулуллоҳ (с.а.в)нинг «Азбо» деган туялари бўлиб, бу туяга ҳеч бир туя ета олмас эди. Кунларнинг бирида бир аҳробий ёш, навқирон туяси билан тушиб, ундан ўзиб кетди. Бу мусулмонларга қаттиқ ботди. Улар Азбо ортда қолди, Азбо енгилди, дедилар. Шунда Росулуллоҳ (с.а.в):
«إِنَّ حَقًّا عَلَى اللهِ أَنْ لاَ يَرْفَعَ شَيْئًا مِنْ الدُّنْيَا إِلاَّ وَضَعَهُ»
«АллоҳТаоло дунёдан бирор нарсани кўтарса, қадрини юксалтирса, албатта уни бир куни тушириб қўйиши Унинг ҳаққидир» дедилар (Бухорий).
– Анас ибн Моликдан ривоят қилинади, айтадиларки: «Агар чўри аҳли Мадина чўриларидан бўлса, Росулуллоҳ (с.а.в)нинг қўлларидан тутиб, хоҳлаган томонга олиб кетарди» (Бухорий).
– «Росулуллоҳ (с.а.в) касални бориб кўрардилар, жанозаларга қатнашардилар, эшак минардилар, қулнинг чақириғига жавоб берардилар. Бани Қурайза кунида ўсимлик ипидан тўқилган жуган билан жуганланган эшакда эдилар» (Термизий ривояти).
Бир киши Оиша онамиздан, Росулуллоҳ (с.а.в) уйларида бирор иш қиладиларми, деб сўради. Оиша онамиз, ҳа, Росулуллоҳ (с.а.в) оёқ кийимларини ямайдилар, кийимларини тикадилар ва сизлар уйингизда нима иш қилсангиз Росулуллоҳ (с.а.в) ҳам уйларида шу ишларни қиладилар, деб жавоб бердилар. (Ибн Можа ривояти).