Россиянинг Сурия масаласида тузган сиёсий режалари

498
0

Сўнгги бир ой ичида Сурия инқирозига сиёсий ечим топиш ҳақида музокаралар ва учрашувлар анча кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. АҚШ, Россия, Туркия ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари иштирокида Венада ташкил қилинган учрашувда баъзи таклифлар ўртага ташланди.

Етакчи давлатлар тўпланишиб Сурия масаласига сиёсий ечим топиш устида бош қотирар экан, бу борада тузилган режалар ошкор бўла бошлади. Лондонда чиқадиган аш-Шарқул Авсат газетаси Россиянинг Сурия борасида тузган режалари ҳақида хабар тарқатди. Шу вақтгача Россия Асаднинг иқтидордан четлатилиши ҳақида оғиз очмаган эди. Аммо ёпиқ эшиклар ортида ошкор қилинган режада Россия Асадни уруш жиноятлари борасида судга тортилишидан сақлаб қолиш учун дипломатик қадам ташлаётгани маълум бўлди.

Аш-Шарқул Авсат газетасининг ёзишича, Россиянинг Сурия борасида тузган ва бир неча банддан ташкил топган режалари қуйидагилардан иборат:

Сурия мухолифати ва Асад кучлари ўртасидаги барча жанглар ва қарама-қаршиликлар музлатилади.

Суриядаги барча мухолиф гуруҳлар жангларни тўхтатиш учун ўз улушларини қўшишга даъват қилинади. Ечимни рад қилганлар “ҳужумга тутиладиганлар рўйхати”га киргизилади ва уларга қарши қуролли кураш олиб борилади.

Сурияда хоҳ Асад кучлари тарафидан бўлсин, хоҳ мухолифат тарафидан бўлсин, минтақалардаги ҳарбий қамаллар олиб ташланади.

Суриядаги қайси тарафга бўлса ҳам ёрдам бераётган давлатлар қурол аслаҳа ёрдамини тўхтатади.

Мухолифат вакиллари ва Сурия озод армияси иштирок этадиган диолог конференцияси ташкил қилинади. Конференцияда барча маҳбусларни озод қилиш, парламент-президент сайлови режасини тузиш, умумий авф эълон қилиш ва Сурия бирлик ҳукуматини ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилади.

Россия тарафидан Сурия ичидаги ва ташқарисидаги барча мухолиф гуруҳ аъзолари, фаоллар ва жангчилар учун умумий авф эълон қилиш кафолати берилади. Бунинг эвазига мухолифат Асадга қарши уруш жиноятлари учун даъво очмайди.

Сурияда режим ва мухолиф кучлар ҳамкорликда миллий мудофаа кучларини ташкил қилиш борасида келишиб олишади. Сурия озод армияси ва бошқа мухолиф гуруҳлар Сурия армияси ва хавфсизлик кучларига қўшилади.

Россия тинчликни таъминлаган давлат сифатида олдинга чиқишни истайди. Шунга кўра, БМТ хавфсизлик кенгашидан керакли қарорни олгандан сўнг Россия тинчлик режасини амалда жорий қилишни кафолатлаш мақсадида Суриядаги вужудини давом эттиради.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here