Эрдоған Ислом уламоларига насиҳат қилди

5889
0

Эрдоған Ислом уламоларига насиҳат қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған “Мусулмон уламолар делегацияси”ни қабул қилди. Бу ҳақида Туркиянинг “Yeni Şafak” газетаси хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, мазкур учрашув президентликка қайта сайланган Эрдоғанни табриклаш, Ислом олами кун тартибидаги баъзи мавзуларни тақдим этиш ва изоҳлаш, шунингдек Ислом оламида юз бераётган масалаларга нисбатан Туркиянинг сиёсати учун Эрдоғанга миннатдорчилик билдириш мақсадида Ислом уламоларининг илтимосига кўра ташкил қилинган.

Йиғилишда Ислом олами олдида турган муаммолар, Туркиянинг мазлум қочқинларга бераётган ёрдамлари, Фаластин масаласида олиб борган сиёсати, исломофобияга қарши кураши ва охирги пайтларда Қуръон Каримга қилинган ҳужумларга қарши олиб борган чора-тадбирлари Уламолар томонидан тилга олинди ва мазкур сиёсати учун Эрдоғанга миннатдорчилик билдирилди.

Президент Эрдоған ҳам 20 йиллик ҳукмронлиги давомида Туркиянинг муаммоларига қанчалик аҳамият берган бўлса, дунё мусулмонларининг муаммоларига ҳам шунчалик аҳамият берганлигини, бунда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Ким мусулмонлар иши ҳақида қайғурмаса у мусулмонлардан эмас…”, деган ҳадиси шарифини намуна қилиб олганлигини, Африка, Судан, Сомали, Мянма/Аракан, Ғазо, Қуддус, Фаластин, Ироқ, Сурия ва бошқа мамлакатларда бўлган Мусулмонлар бошига тушган ҳеч бир воқеага бефарқ қолмаганлигини, Ғарб дунёсидаги исломофобияга қарши курашни ҳар доим халқаро сиёсатнинг бир қисми деб билишини, Ливия ва Озарбайжонда масъулиятни ўз зиммасига олиб, биродарларининг ёнида турганлигини, бундан кейин ҳам Аллоҳ Таоло саломатлик ва имконият берса, бутун инсониятнинг тинчлиги ва фаровонлиги учун мусулмонлар билан ҳамкорлик қилишини… билдирди.

Ислом олами ўз ички зиддиятлари, жаҳолатлари, нифоқлари ва қашшоқликларига қарши кураша олмаслиги мусулмонларни хафа қиладиган асосий масала эканлигини таъкидлаган Эрдўған, бу ички зиддиятларни ҳал қилишда энг катта куч Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламоларнинг қудрати эканлигига урғу бериб, уларга насиҳат қилди: “Агар уламолар ҳам ушбу масалаларда тараф олиб, бирлик йўлида ҳаракат қилмасалар ҳақиқий фалокат юз беради. Мана бугун Ислом оламидаги уламоларнинг етакчилари билан биргамиз. Сизнинг олдингизда катта масъулият бор. Пайғамбарнинг ворислари бўлган уламоларга ўз вазифаларини эслатмайман. Аминманки, буни ҳар бирингиз яхши биласиз… Келажакни қуриш сизнинг саъй-ҳаракатларингизга боғлиқ. Хусусан, таълимдан тортиб маданиятгача, илм-фандан тортиб техникагача, иқтисоддан тортиб тижоратгача, оиладан тортиб ижтимоий ҳаётгача, адабиётдан тортиб санъатгача, хавфсизликдан тортиб барқарорликгача, бошқарувдан тортиб халқаро сиёсатгача, деҳқончилик ва чорвачиликдан тортиб шаҳарчиликкача бўлган ҳар бир соҳада Ислом динини бутунича одамларга танитиш ва келажак авлоднинг зеҳниятига тақдим этиш барчамизнинг зиммамиздаги энг муҳим масъулиятдир. Бунинг учун биз соғлом фикр юритишимиз ва маслаҳат билан иш юритиш маданиятини кенгроқ ёйишимиз керак. Тайёр кадрларимиздан кўпроқ фойдаланишимиз лозим. Тартибсизлик ва парчаланишдан халос бўлишимиз, куч ва қувватимизни бирлаштиришимиз, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришимиз ҳамда очкўзлик, ҳасад, худбинлик, такаббурлик ва мағрурликдан воз кечишимиз керак. Биз индивидуал ва ижтимоий ҳаётда энг яхши намуналарни кўрсатишимиз ва ўрнак бўлишимиз керак”, дея насиҳат қилди Эрдўған.

Изоҳ: Ҳеч кимга сир эмаски, Исломий ўлкаларни бошқариб келаётган ҳукмдорлар, шу жумладан Эрдоған ҳам, мусулмонларни Ислом Умматига бегона, Ғарбдан олинган қонун ва дастурлар билан бошқариб келмоқда. Илмонийликда Эрдогандан ўтадигани бўлмаса керак. Ислом Умматини ҳалокат сари етаклаб кетаётган ушбу раҳбарларга насиҳат қилиш ва уларни ҳақ йўлга тортиш энг аввало уламоларнинг вазифасидир. Чунки, уламолар халқ ва юртни хавфсизлик сари етакловчи ислоҳотчилардир. Улар одамларни эзгулик сари етакловчи пешқадамлар бўлиб, кенг жамоатчилик уларга ишонч билдиради.

Шундай экан бу уламолар, агар Эрдоғаннинг юқоридаги “Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Ким мусулмонлар иши ҳақида қайғурмаса у мусулмонлардан эмас…”,  деган ҳадиси шарифини намуна қилиб олганлиги” ҳақидаги даъвоси рост бўлса, нима учун Фаластин масаласида армияни оёққа турғизмай, фақат танқидлар билан кифояланаётгани, нима учун бир тарафдан (Исроил)ни танқид қилиб, бошқа бир тарафдан у билан савдо алоқаларини рекорд даражага чиқараётгани, нима учун яҳуд кучларининг қирғинларига қарамай, у билан муносабатларни нормаллаштиришаётгани ҳақида Эрдоғанни муҳосаба қилишлари лозим эди. Ваҳолангки, яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштириш ҳаром эканини исботлашга ҳожат йўқ. Шунингдек, нима учун АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонга бошлаган уришида мусулмонлар тарафида эмас, АҚШнинг коалициясига кўшилганлиги, нима учун Туркия ташқи ишлар вазири Араканга бориб, фақат йиғлаб-йиғлаб қайтиб келгани, нима учун шу пайтгача ўз халқининг қотили деб келган қонхўр Башар Асад билан алоқани қайта тиклай бошлагани, нега Аллоҳнинг душманларини дўст тутаётгани, нима учун Аллоҳнинг шариатини бир четга суриб қўйиб, мусулмонлар устига куфр тузумини ижро қилаётгани ҳақида Эрдоғанни муҳосаба қилишлари ва бу борада унга насиҳат қилишлари лозим эди.

Афсуски бугунги кунда уламоларнинг ҳукмдорларга нисбатан тутган позицияси “пайғамбарлар меросхўри” деган сифатга лойиқ бўлмай қолди. Чунки бугунги уламолар Аллоҳнинг душманларини ошкоро дўст тутган, уммат душманлари билан тил бириктириб, яҳуд вужудини ҳимоячисига айланган ҳукмдорларнинг этагини тутиб, уларнинг Умматни ухлатишга қаратилган ишларини олқишламоқда.

Аслида Ҳокимларга ҳам, халққа ҳам ҳақни етказиш ва ҳар бир ишнинг ҳукмини баён қилиш, дунёда юз бераётган воқеалар жараёнини ёритиб бериш ва бу воқеалар борасида Аллоҳнинг ҳукмини баён қилиш, шунингдек ер юзида Аллоҳнинг ҳукмини ўрнатишга чақириш ҳамда Аллоҳнинг ҳукмини татбиқ қиладиган Халифасиз уч кундан ортиқ қолиш ҳаромлиги баён қилиш энг аввало мана шу уламоларнинг вазифасидир. Улар мусулмонларни куфр тузуми асосида бошқараётган раҳбарларни олқишлаш ўрнига ўзларига берилган тарихий фурсатдан фойдаланиб, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлатини барпо қилиш учун олдинги сафни эгаллаши лозим эди. Мана шунда улар ҳақиқатан Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлиб, Ислом Умматининг бугунги зулматдан қутилиши учун улкан ҳиссаларини қўшган бўладилар.

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here