Ҳукумат электр нархини ошириш тўғрисида қарор қабул қилди

459
0

Ҳукумат электр нархини ошириш тўғрисида қарор қабул қилди

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси “2021-2025 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг ўрта муддатли тариф сиёсатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Қарор эълон қилинган кундан бошлаб етти кун ўтгач кучга киради.

Қарорга кўра, 1 майдан эътиборан электр нархи ошади. Бир ойда истеъмол қилинган электр энергияси 700 кВт/соатгача 10,8 тийиндан ҳисобланади. Электр энергияси 700 кВт/соатдан кўпроқ истеъмол қилинганда эса (тоғли ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳолидан ташқари)  ҳар бир кВт/соат нархига 23,3 тийиндан қўшилади. Электр энергиясидан чекловсиз (лимитсиз) фойдаланмоқчи бўлганларга кВт/соатга 35,4 тийин, қишлоқ хўжалиги ва саноат учун фойдаланаётганларга эса 31 тийин қўшилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қирғизистонда электр энергияси нархи 23 тийинга ошиб, 1 кВт/соат электр энергияси 1 сом бўлган эди. 700 кВт/соатдан ортиқ истеъмол қилган абонентлар 1 кВт/соат 2 сом 16 тийиндан тўлаб келишган. Шунингдек, 2022 йил июлнинг ойида электр энергиясидан чекловсиз (лимитсиз) фойдаланмоқчи бўлганлар учун 1 кВт/соат 5 сом 4 тийин миқдорида жорий этилди. Мамлакатда электр энергияси тарифлари мунтазам равишда ошириб борилса-да, бироқ қиш мавсумида аҳолига электр энергияси етарли даражада етказиб берилмайди. Ҳатто, электр таъминотида узилишлар юз беради. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатдаги капиталистлар майнинг фермаларини ишлатиш учун электр энергиясини арзон нархда сотиб олишмоқда. Масалан, “МБТ Строй” компанияси “Қамбар-Ота-2” ГEСига 1,5 млрд. сом сармоя киритиб, уни электр энергияси сифатида қайтариб олмоқда.

Мазкур компания “Қамбар-ота”га киритган сармоясини оқлаш учун 5-10 йил давомида ГEСдан 50-60 тийиндан энергия олишни режалаштирган. Маълумки, расмий идоралар электр энергиясининг таннархи 2 сом 38 тийин эканини айтиб келади. Лекин, капиталистларнинг манфаатлари ҳақида гап кетганда, бу таннархлар 60 тийиндан ҳам пастга тушиб қолади.

Аслида, Қирғизистоннинг энергетика инқирозидан чиқа олмаслигининг сабаби электр тарифлари нархининг арзонлиги эмас, балки энергетика тармоғидаги коррупция ва капиталистларнинг турли найрангларидир. 1997 йилда Жаҳон банки тавсиясига кўра “Қирғизэнерго” корхонаси уч қисмга бўлинганидан кейин бундай коррупцион ишлар янада кучайди. Масалан, “Электр станциялар” корхонаси ГEСларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг таннархини турли алдов йўллари билан ҳисоблайди-да, орадаги фарқни тегишли мутасаддилар чўнтагига уриб қўяди. Бошқа томондан, капитализм табиатига кўра, ГEСларни шахсларга топшириш учун ҳар йили корхонани банкрот қилиш мақсадида харажатлар ортиқча кўрсатилади. “Электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ишлаб чиқарилган энергияни юқори вольтли электр симлари орқали тақсимловчи ташкилотларга етказиб бериб, фойда кўради. Мисол учун, у “табиий” йўқотиш миқдорини 5% атрофида деб ҳисоблайди. Аммо мутахассисларнинг таъкидлашича, юқори вольтли электр узатиш линияларининг табиий йўқотиши фақат 1% атрофида. Демак, амалдорлар “табиий” йўқотиш ҳисобига киритилган электр энергиясининг 4 фоизини хорижий давлатларга сотади.

Электр энергиясини тарқатувчи компаниялар эса, уни 35 тийиндан 42 тийингача сотиб олади. Улар орасида давлат корхоналари “табиий йўқотиш” баҳонасида уриб қолади. Бундай йўқотиш бир пайтлар 50% гача чиққан эди. Ҳозирда 22% атрофида эканлиги айтилмоқда. Бу ҳам 3 миллиард кВт/соат, яъни бутун Курпсой ГEСи томонидан ишлаб чиқарилган энергиянинг изсиз йўқолишини англатади. Бироқ хусусий компанияларда “табиий йўқотиш” деярли бўлмайди. Чунки улар энергияни сотиб олгани сабабли давлат корхоналари каби “табиий йўқотишлар”нинг уларга фойдаси йўқ.

Электр энергиясини тарқатувчи компаниялардан ташқари уларгача бўлган воситачи компаниялар ҳам фаолият кўрсатади. Бу воситачи хусусий корхоналар халқ ҳисобидан фаолият юритувчи корхоналардир. Уларнинг кўпчилиги ўз вақтида трансформаторлар ва электр узатиш линияларини арзон баҳога хусусийлаштириб олишган. Уларнинг ҳар бири олдинги ёки кейинги энергетика амалдорларидан бирига бўйсунади.

Қолаверса, амалдорлар суғориш вақтида Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув сотиш орқали ҳам пул ишлашади. Яна қиш учун Қозоғистондан электр энергияси сотиб олиш шартномаларини тузиб, ичкаридан ҳам ейди. Бирин-кетин келган ҳукуматлар бундай чигал коррупцион схемаларни йўқ қилиш ўрнига электр тарифларининг нархини кўтариш орқали халқни кўпроқ талашга ҳаракат қилиб келмоқда. Уларнинг сайловдаги қуруқ шиорлари ўткинчи алдов бўлишига қарамай, халқ сўнгги умид билан кейинги хиёнаткор сиёсатчиларга алданишда давом этмоқда.

Ҳар бир янги президент электр энергияси нархини кўтариш учун ўзига яраша сабаби бор. Бу – ушбу соҳа учун олинган катта маблағлар ва уларнинг коррупцион йўллар билан чап чўнтакка урилишига боғлиқдир. Қирғизистон 1992 йилдан бери энергетика соҳасига 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади. Уларнинг асосий қисми хорижий молия ташкилотларидан кредитлар, ссудалар ва грантлар шаклида олинган маблағлардир. Ҳар сафар кредит олиш учун шартнома тузилганда тармоқни “модернизация қилиш” баҳона сифатида тилга олинади. Бироқ бундай катта миқдордаги кредитларга қарамай, мамлакатнинг энергетика тармоғи ҳали ҳам ночор аҳволда қолмоқда. Бу эса энергетика соҳаси коррупциянинг марказига айланиб қолганлигини тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари, ушбу кредитлар халқаро молиявий ташкилотлар томонидан, мамлакатда электр энергиясининг нархини кўтариш талаби билан ажратилади. Масалан, ўтган йили Жаҳон банки Қирғизистонга 20 миллион доллар ажратмоқчи бўлганида, банкнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде шундай деган эди: “Арзон тарифлар электрни керагидан ортиқча истеъмол қилишга ундайди. Биз уни ўзгартириш тарафдоримиз”.

Аслини олганда, Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар мустамлакачиларнинг қуроли эканлиги шубҳасиздир. Мустамлакачилар уларнинг ёрдамида мамлакатларни қарзга ботириб, сиёсий ва иқтисодий манфаатларини амалга оширадилар. Ушбу Жаҳон банкининг тавсияларидан келиб чиқиб, ўлкамиздаги давлатга оид энергетика соҳасини хусусий шахсларга ўтказиш бошланди. Шунингдек, улар хусусийлаштириш ва электр тарифларининг нархини ошириш орқали ўлкамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархини оширмоқчи. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эл капиталистларининг арзон нархлардаги товарлари қаршисида рақобатлаша олмай қолади.

Хулоса қилиб айтганда, муаммонинг асосий сабаби бошимиз узра қора булутга айланган капиталистик тузум ва энергетика тармоғидаги коррупционерлардир. Улар аҳолининг асосий эҳтиёжи бўлган электр энергиясини хусусийлаштириш орқали катта даромад олмоқда.

Электр энергияси омма халқнинг мулки бўлиб, унга давлат ёки хусусий компаниялар эгалик қилиши Исломда мумкин эмас. Унинг ўзи ҳам, ундан тушган даромад ҳам Умматга тегишли бўлиб, ҳар бир фуқарога тақсимланиши керак.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

اَلْمُسْلِمُونَ شُرَكَاءُ فِى ثَلاَثٍ فِى الْمَاءِ وَالْكَلَإِ وَالنَّارِ

“Мусулмонлар уч нарсада – сувда, яйловда ва оловда шерикдирлар”. Анас (р.а.) ҳам бу ҳадисни Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилиб, “унинг пули ҳаромдир” деган сўзни илова қилган. Бинобарин, умумий мулк ёки ундан олинадиган даромад ҳар бир фуқарога етиб боришини таъминлаш давлатнинг бурчидир. Шундай экан, халқ капитализмни инкор этиб, Исломни тиклашга уринаётган етакчилар орқалигина бундай аянчли вазиятдан қутилиши мумкин. Халқни алдаган раҳбарларга яна умид боғлаш – бир индан икки марта чақилиш ҳисобланади. Бу эса, мусулмонлар учун жоиз эмас!

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here