Россиянинг Украина бўйича позицияси билан Швеция ва Финляндияга нисбатан позицияси ўртасидаги фарқ

5832
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Россиянинг Украина бўйича позицияси билан Швеция ва Финляндияга нисбатан позицияси ўртасидаги фарқ

Савол:

Нима учун Украина НАТОга аъзо бўлиш ниятини ошкор қилган пайтда Россия унга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга оширди-ю, аммо НАТОга қўшилган Финляндияга ҳамда алянсга қўшилиши вақт масаласига айланган Швецияга нисбатан ҳеч қандай ҳарбий чора кўрмади?

Жавоб:

Жавоб тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

Биринчи: Биз Украина ҳақида ҳамда Россиянинг Украинага уруш эълон қилиш сабаблари ҳақида бир қанча саволга жавоб нашраларини чиқарганмиз:

  • 2004 йил 24 январдаги саволга жавоб нашрасида бундай дегандик: (Украина эса Россия билан чамбарчас боғланган бўлиб, унинг муҳим иттифоқчиси ҳисобланади. Қолаверса, ўзини рус деб ҳисоблайдиган украиналиклар ҳам бор. Улар рус тилида сўзлашадилар ва аксари, айниқса, Украина шарқида яшайдиганлари рус миллатига мансуб…).
  • 2010 йил 20 мартдаги саволга жавоб нашрасида бундай дегандик: (Майдони 603,700 км2, аҳолиси 48 миллионни ташкил қилувчи Украина Қора денгизга туташ бўлгани учун стратегик жойлашувга эгалиги билан алоҳида ажралиб туради. У, шунингдек, энергетика, хусусан, табиий газ қувурининг транзит давлати бўлгани ва Европани Осиё билан боғловчи жойлашуви жиҳатидан ҳам афзалликка эга…).

3 – 2013 йил 23 майдаги саволга жавоб нашрасида бундай дегандик: (Россия ҳақида айтадиган бўлсак, Украина унинг учун энг кўп аҳамиятга эга давлатдир. Агар Россия Украинани йўқотадиган бўлса, Ғарб тўғридан-тўғри Россия чегараларига келиб қолади. Шу боис Украина Россия учун Европадан ҳимояланадиган қалқон кабидир. Унинг Россия учун иқтисодий аҳамияти ҳам бор. Чунки Ғарбга етказиб бериладиган Россия газ қувурлари Украина орқали ўтади. Зотан Россия ўзининг собиқ Совет Иттифоқи минтақасидаги, жумладан Украинадаги ҳукмронлигини қайта тиклашга зўр бериб уринмоқда…).

4 – 2014 йил 22 февралдаги саволга жавоб нашрасида бундай дегандик: (Россия ҳақида айтадиган бўлсак, Украина унинг учун энг кўп аҳамиятга эга давлатдир. Агар Россия Украинани йўқотадиган бўлса, Ғарб тўғридан-тўғри Россия чегараларига келиб қолади. Шу боис Украина Россия учун Европадан ҳимояланадиган қалқон кабидир… Чунки Украина Москвадан атиги 300 км узоқликда жойлашган. Россиянинг Украинага аралашаётгани сабаби мана шу… Бир томондан шундай. Бошқа томондан эса Россия у ерда Қора денгиз ҳарбий флот базасига эга… Бундан ташқари, Украина Европа ва Россия ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Шу билан бирга иккаласининг ўртасидаги буфер зона ҳамдир…).

5 – 2021 йил 22 декабрдаги саволга жавоб нашрасида бундай дегандик: (Украина ўзининг жойлашуви, миллий, диний ва тарихий алоқалари нуқтаи назаридан Россиянинг олд томорқаси бўлиб, орқа томорқа вазифасини бажарувчи Ўрта Осиё давлатларидан фарқ қилади. Шу боис, Украина Россиянинг халқаро позициясидаги олдинги чизиқдир. Унинг ҳудудлари Қора денгиз соҳилларига чўзилган бўлиб, унинг катта қисмини назорат қилади… Совет Иттифоқи давлатининг заифлиги Кремлни Шарқий Европа давлатларидан буфер зона сифатида воз кечишга мажбур қилган бўлса, бугун Россия НАТО таҳдидлари ва унинг Шарққа қараб кенгайиши олдида қўшни давлатлар Украина ва Белоруссияни ҳеч бўлмаганда буфер зона бўлиб туришини истаяпти. Россия бугун Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига ёки НАТОнинг Украинани қўллаб-қувватлашига қарши чиқмоқда…).

Иккинчи: буларнинг барчаси Украинанинг Россия учун қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Тўғрироғи, Россия уни тўлиқ мустақил давлат ўрнида кўрмайди. Путиннинг 2022 йил 21 февралдаги мурожаатида бундай келади: (Путин Украинанинг шунчаки қўшни давлат эмаслигини билдириб, Украина бизнинг тарихимиз ва маданиятимизнинг ажралмас қисмидир, деб айтди. У, шунингдек, украинлар нафақат ўртоқларимиз, ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз, балки яқинларимиз бўлиб, бизни улар билан қон ва қариндошлик ришталари боғлаб туради, дея таъкидлади. Анадолу агентлиги, 2022 йил 23 феврал). Россия Украинанинг географик ва стратегик жойлашуви ва демографик тузилиши эътиборидан, уни НАТО олдидаги буфер зона, яъни НАТОнинг Россияга етиб боришига имкон бермайдиган қизил чизиқ, деб ҳисоблайди. Путин НАТОни (Украинада ўз кучлари ва қурол-аслаҳаларини жойлаштиришдан огоҳлантириб, «НАТОнинг Украинада ўз ҳарбий инфратузилмасини кенгайтириши Россия учун қизил чизиқ бўлиб, кескин жавоб қайтаришимизга сабаб бўлади», дея таъкидлади. noonpost.com, 2021 йил 12 апрел).

Россия хоҳ тўқсонинчи йиллар бошларида Қора денгиз Флотини тақсимлаш масаласида бўлсин, хоҳ Совет Иттифоқи Россия ҳудудидан Европага газ етказиб бериш учун Украина ичкарисида ётқизган узун ва кенг газ қувурлари масаласида бўлсин, хоҳ Украинанинг унумдор ерларида етиштириладиган шакар ва ёғ маҳсулотларига Россия бозори жуда муҳтож бўлган савдо масалаларида бўлсин, хоҳ Украинада Европа Иттифоқи ва НАТОга нисбатан мойиллик пайдо бўлганидан кейин бўлсин Украинани ўзининг қучоғига қайтаришга муваффақ бўлолмади. У буларни уддалай олмагач, Путин Россияни супер куч сифатида халқаро мақомига қайтаришига ишониб, шунингдек, Американинг Хитой масаласи билан овора эканини, агар Россия Украинага ҳужум қилса, АҚШнинг бунга сукут сақлашини ўйлаб, охирги чора сифатида ҳарбий кучга мурожаат қилди. Айниқса, Путин Американинг Хитой билан машғул бўлганлиги сабабли ҳаракатга келишидан олдин Украинани тезда ўз назорати остига олишини ўйлаган эди. Бунга уни бир томондан сиёсий аҳмоқлиги, қолаверса, ғайриоддий буюклик васвасаси ундади!! Натижада Америка Украина масаласини қабул қилиб, уни ҳарбий техника билан таъминлади, аскарларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказди. Кейин Европани Украина орқасида сафарбар қилиб, сўнгги украин ва сўнгги рус аскаригача етиб борадиган уруш оловини ёқди. Ўзининг аскарлари эса урушни узоқдан кузатиб турибди!!

Учинчи: нима учун Россиянинг аллақачон НАТОга қўшилган Финляндияга ҳамда алянсга қўшилиши вақт масаласига айланган Швецияга нисбатан ҳеч қандай ҳарбий чора кўрмаганига келсак, бунинг жавоби қуйидагича:

  • Гарчи Швеция Россиянинг қўшниси эмас, балки Финляндия унинг қўшниси бўлса-да, бироқ, бу икки мамлакатнинг географик жойлашуви, демографик вазияти, тарихи, ҳукмронлиги, иқтисодиёти ва хавфсизлиги Украинага ўхшамайди. Айни шу сабабдан бу икки давлат Россия учун Украина каби ҳаёт-мамот масаласи эмас. Қолаверса, Россиянинг бу икки давлатга қараши бутунлай бошқача. Биз юқорида иқтибос келтирган Путиннинг баёнотида келганидек, Россия Украинани – айниқса, у Совет Иттифоқи таркибида бўлгани учун – тўлиқ мустақил давлат ўрнида кўрмайди. Финляндия билан Швециянинг воқелиги эса, бошқача. Финляндия 1995 йилдан бери Европа Иттифоқининг аъзоси ҳисобланса, 2023 йилда НАТОга аъзо бўлди. Швецияга келсак, у НАТО билан яқин муносабатларга эга ва мунтазам равишда у билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб келади. Швеция, шунингдек, Европа Иттифоқига 1995 йилда аъзо бўлган бўлиб, Европа Иттифоқининг НАТОга аъзо бўлмаган олти аъзосидан бири ҳисобланади. Кўриниб турибдики, Россиянинг Украинага амалга оширгани каби бу давлатларга ҳам ҳужум қилишга – ҳатто юзаки бўлса ҳам – бирорта баҳонаси йўқ.
  • Қолаверса, Россия ҳозир Украина ботқоғига ботган бўлиб, ундан ҳали чиққани йўқ. Бу ҳақиқат унинг навбатдаги урушга кириш қобилиятини йўққа чиқаради. Устига-устак, Украинага қарши урушига бир ярим йилга яқин бўлгани ва ҳозиргача муваффақият қозонмагани учун ўз куч ва имкониятларини англаб етган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Шу боис Россиянинг Украина ва уни қўллаб-қувватлаётган Ғарб олдида заиф бўла туриб, ҳозирги шароитда навбатдаги урушга кириши даргумон.
  • Шу ўринда ўхшаш бир ҳодисани эслатиб ўтиш ўринли. Польша, Венгрия, Болгария ва Руминия каби собиқ Варшава шартномаси давлатлари ҳамда Эстония, Латвия ва Литва каби (собиқ Совет Иттифоқи давлатлари) НАТОнинг 1997 йилдан бери кенгайиши тўлқинида унга аъзо бўлишган пайтда, Россия заиф ҳолатда эди… У ҳали Совет Иттифоқи парчаланишидан кейинги тартибсизликлардан қутулмаган, унинг парчаланиши оқибатларидан азоб чекаётган ва бу таъсирлардан ҳали тўлиқ халос бўлмаган ҳамда сиёсий ёки иқтисодий жиҳатдан ҳали йирик давлат сифатида барқарорлашмаган эди. Шу боис, ўша мамлакатларнинг НАТОга қўшилишига тўсқинлик қилиш учун Ғарбга қарши тура олмаган. Худди шундай, Украинани ўз шартларига бўйсундира олмаган Россиянинг Украинага қилган ҳужуми Россиянинг ҳарбий жиҳатдан жиддий заиф эканини фош қилиб, обрў-эътибори ва мавқейига путур етказди. Бу тўқсонинчи йилларда содир бўлган ҳолат кабидир. Шу боис Россия Швеция ва Финляндиянинг позициялари ва ўзининг ҳарбий заифлиги сабабли бу мамлакатларнинг НАТОга аъзо бўлишига тўсқинлик қиладиган ҳолатда эмас.

Россиянинг Украина бўйича позицияси билан Швеция ва Финляндияга нисбатан позицияси ўртасидаги фарқ ойдинлашди, деган умиддаман.                                                                                          

26 муҳаррам 1445м                                                                                                    

13 август 2023м

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here