بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволларга жавоблар
Скандинавия мамлакатлари ва Қуръони Каримнинг ёқилиши
Эрдоганнинг Форс кўрфазига қилган сафари
Биринчи савол: Ал-Жазира ўзининг веб-сайтида 2023 йил 31 июл куни бундай хабар нашр қилди: (Стокгольмдаги Швеция парламенти олдида икки шахс Қуръони Каримни ёқиб юборди. Улар бу ишни полициянинг айни тадбир учун берган рухсати ортидан амалга оширишди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти видеоконференция орқали ўтказилган ўзининг фавқулодда йиғинида Швеция ва Данияда бу каби қонунбузарликларнинг давом этаётганини қоралади… 2023 йилнинг июн ойи охирларида Салван Момика ва Салван Нажм исмли шахслар Стокгольмнинг бош масжиди олдида уюштирилган намойиш чоғида Қуръони Каримни оёқлари билан депсаб, сўнг уни ёқиб юборишган эди». Савол шуки, бу хатти-ҳаракатлар Ислом ва мусулмонларга нисбатан уларнинг шахсий адоватларидан келиб чиқиб содир этилган ишларми ёки бу жирканч ҳаракатлар ортида сиёсий мақсадлар яширинганми?
Жавоб: Кофир давлатлар, уларнинг сиёсатчилари ва разведка хизматлари ҳаддан ташқари нафрат ва адоватга эга бўлиб, ҳар ерда мусулмонларга қарши заҳарларини сочишмоқда. Бироқ, бундай адоватлар, уларнинг ривожланиши ва куфр мамлакатларида бир минтақадан бошқа бир минтақада фарқли тус олиши масаласига тўхталиб ўтиш кўплаб тафсилотларни талаб қилади. Шу боис ушбу тафсилотлардан ҳамда мусулмонларга қарши ўйлаб топилган сиёсий ва разведка ҳийлаларидан хабардор бўлиш лозим. Бу тафсилотлар қуйидагича:
- Скандинавия мамлакатлари тарихи ва улардаги сиёсий менталитетнинг шаклланиши икки нарсага боғлиқ: Биринчиси, асл Европа мамлакатлари экани. Зеро, улар Европанинг энг шимолий қисмида жойлашган мамлакатлардир. Бу мамлакатлар милодий VIII асрдан XI асргача давом этган ҳамда Европада йирик давлатлар пайдо бўлишидан олдин Скандинавия халқлари учун олтин давр ҳисобланган «Викинглар» даврида фақатигина атрофдаги мамлакатларни мустамлака қилишган эди. Шимоли-Ғарбий Европада Британия, Шарқий Европада Россия, Марказий Европада Германия йирик давлат сифатида майдонга чиққач, Скандинавия давлатлари китлар олдида кичик балиқдек бўлиб қолди. Шу сабабдан қўшни мамлакатларда, яъни Норвегияда Британиянинг, Финляндияда Россиянинг, Данияда Германиянинг таъсири кучайди. Скандинавия мамлакатларининг марказида жойлашган Швецияга кесак, у бир мунча мустақиллигини сақлаб қолишга ва катта армия бино қилишга муваффақ бўлди. Шунинг учун бошқа Скандинавия мамлакатларига қараганда йирик кучларга камроқ қарам эди. Бироқ, Британия Иккинчи жаҳон урушигача бўлган даврда йирик давлатларнинг энг қудратлиси бўлгани сабабли, унинг бутун Скандинавия мамлакатларида энг катта нуфузга эга бўлиши табиий эди. Шу боис Россия ва Германияни у ерда фаол таъсирга эга бўлишдан четлаштирди.
- Скандинавия давлатларининг географик жойлашуви Ислом оламидан узоқда. Шу жиҳатдан, улар Усмоний давлат ағдарилганидан кейин Ислом оламини мустамлака қилган ва мусулмонлар билан душманлик ҳолатида бўлган Европа давлатлари қаторига кирмади. Аммо Дания бу хусусда бир оз мустасно. Шунинг учун Скандинавия давлатлари мусулмонлар билан уларни мустамлака қилган Европа давлатлари ўртасидаги душманликдан анча узоқда турдилар. Сўнгги пайтларда ироқлик, суриялик ва сомалилик каби мусулмонларнинг миграция оқими ушбу беозор-содда давлатларга сезиларли даражада кўпайганлигининг сабаби ҳам шунда. Уларнинг, хусусан Швециянинг мусулмон муҳожирларни ажойиб меҳмондўстлик билан қабул қилиши ўз юртларидан қочиб чиққан мусулмонлар миграцияси учун бу мамлакатларни афзал манзилга айлантирди. Бироқ бу ҳолат – айниқса, мусулмонларнинг соф ва покиза турмуш тарзи Швеция, Скандинавия мамлакатлари ва умуман олганда Европага таъсир қила бошлаганидан кейин – узоқ давом этмади. Зеро, Исломни қабул қилганлар сони кўпайди, кўплаб масжидлар очилди, ҳалол озиқ-овқат дўконлари пайдо бўлди, бу тўлқин кучайиб, ҳатто «Европалик ҳижобли қизлар», деб аталган жамиятлар пайдо бўлди… Ана шунда Европа ҳукуматларининг мусулмонларга ҳурмати ошиш ўрнига уларга бўлган нафратлари кучайиб, кенг тус олди! Болаларни ҳимоя қилиш ниқоби остида уларни мусулмон оилалардан тортиб олиш билан танилган «Social» номли швед ижтимоий хизматлар бошқармаси томонидан жирканч хатти-ҳаракатлар амалга оширилди! Кейин ушбу юртларда мусулмонларга қарши экстремистик ташкилотлар уялари шакллана бошлади ва улар Қуръони Каримни, шунингдек, Туркия, Ироқ ва Миср каби баъзи давлатларнинг байроқларини ёқишга киришишди! Бундан олдин мусулмонларга қарши кампания бошланиб, уларнинг энг кўзга кўрингани исломий рамзларга ҳақорат кетидан ҳақорат ёғдирган карикатура кампанияси бўлди. Масалан, 2005 йилда Дания газетасида мусулмонларни ва Росулуллоҳ ﷺни таҳқирловчи карикатуралар чоп этилди… Франциянинг «Charlie Hebdo», номи билан танилган сатирик газетаси 2006 йилда ана шу карикатураларни қайта нашр этиб, мусулмонларни тинимсиз провокация қилди. Устига-устак, «исломофобия» деб аталган, яъни Исломга қарши бўлган нарсаларни тарқатиб, нашр қилувчи ўта ўнг қанот оқимлар пайдо бўлди.
- Швеция ва Данияда Қуръон Карим ёқиб юборилган Исломга душманликнинг сўнгги тўлқинида иккита нарса ажралиб турибди: Биринчиси, Даниянинг ўта ўнг қанот Stram Kurs (Hard Line) партияси раҳбари экстремист Расмус Палудан томонидан Туркия элчихонаси олдида швед ҳукуматининг кўз-ўнгида Қуръони Каримнинг илк бор ёқилиш ҳолати! (Арабча Евроньюс, 2023 йил 22 январ). Иккинчиси, асли ироқлик экстремист насроний томонидан энг провокацион амалиётнинг содир этилиши. Бу кимса 2023 йилги муборак Қурбон ҳайити намозидан мусулмонлар чиқаётган пайтда, масжид олдида Қуръони каримни ёқиб юборишдан аввал унинг пок саҳифаларини йиртиш, унга оёқ кийимларини артиш ва саҳифалари орасига тўнғиз гўштини қўйиш каби ўта провокацион ҳаракатларни содир этди. Унинг бу қилмиши ортидан Қуръонни ёқиш Швеция ва Данияда сохта сўз эркинлиги номи билан кампания шаклида давом этди! Гўё бу икки нуқтада бу ишларни Швеция эмас, балки швед бўлмаганлар қиляпти ва бунда Швеция конституциясидаги бўшлиқдан фойдаланиляпти деган нарсага ишора қилинаётгандек. Давлат бу хатти-ҳаракатларни қоралаётгандек кўринса-да, конституцияда кўрсатилган фикр эркинлигини баҳона қилиб, буни тақиқлай олмаслигини билдирди…
- Бу амалиётлар айнан Туркияга қаратилганини унутмаслик лозим. Зеро, биринчиси турк элчихонаси олдида содир этилган бўлса, кейин Қуръони карим билан бирга унинг байроғи ҳам ёқиб юборилди. Эҳтимол, Американинг муносабати бу ҳаракатлардан нима мақсад қилинганини кўрсатмоқда: (АҚШ давлат департаменти вакили кундалик матбуот брифингида берилган саволга жавобан «Икки нарсани айтишимга ижозат берсангиз. Бу сиз илгари эшитмаган янгилик эмас. Биз диний матнларни ёқиш ҳурматсизлик ва озор бериш эканлигини, ҳар бир қонуний нарса ўринли бўлавермаслигини қайта-қайта айтиб келдик…», деди. У бу борада баёнот беришни Швеция ҳукумати ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига қолдирганликларини айтиб, бундай қўшимча қилди: «Аммо, умуман олганда, биз Швецияни НАТОга имкон қадар тезроқ қабул қилишмиз учун Венгрия ва Туркияни Швециянинг қўшилиш протоколини энг яқин вақтда кечиктирмасдан ратификация қилишга чақиришда давом этамиз… Биз Швециянинг ўтган йили НАТОнинг Мадрид Саммити доирасида Финляндия ва Туркия билан имзоланган уч томонлама англашув меморандуми доирасидаги мажбуриятларини бажарганига ишонамиз…». Си-Эн-Эн арабийя, 2023 йил 29 июн).
- Диққат билан ўрганилса, Қуръони Каримни ёқишдан иборат бундай жинояткор амалиётлар тўлқини, авваламбор, Ислом ва мусулмонларга нисбатан давом этаётган жиноий нафратнинг бир қисми эканига гувоҳ бўламиз. Шу билан бирга, Туркияни провокация қилиш орқали Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш жараёнини бузиш ҳам мақсад қилинган. Эҳтимол, бу ҳаракатларни режалаштирганлар Туркиянинг охир оқибат Америка истакларига бўйсунишини билишган бўлса керак. Зеро, Америка Швецияни НАТОга қўшишни ва бу нарса Россия учун Украинага қарши уруши туфайли навбатдаги стратегик йўқотиш бўлишини истамоқда. Унинг бу истакларини рўёбга чиқариш учун Туркия президенти Эрдоган 2023 йил 11 июл куни Литвада бўлиб ўтган НАТО саммити чоғида Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш масаласини турк парламенти муҳокамасига қўйишга, яъни НАТОга аъзо бўлишини маъқуллашга рози бўлди. Бўлиб ўтган ушбу ҳодисаларда яҳудий вужудининг ҳам қўли борлиги истисно қилинмайди. Буни икки жиҳатда кўриш мумкин: Биринчиси, Қуръони Каримни ёққан Швецияда яшовчи ироқлик қочқин Моссад агентидир. (Бугун, душанба куни кечқурун Эрон разведка вазирлиги Швецияда Қуръони Каримни ёққан Салван Момиканинг Исроил Моссади билан алоқаси борлигини тасдиқловчи ишончли маълумотни қўлга киритганини билдирди… Эрон разведка вазирлиги расмий IRNA ахборот агентлигида чоп этилган баёнотида Момиканинг 2019 йилда Моссадда иш бошлаганини ҳамда Ироқ халқи ва Ислом аҳлига қилган хиёнати эвазига Швецияда яшаш ҳуқуқини қўлга киритганини қўшимча қилди… Арабий Жадид, 2023 йил 10 июл). Навбатдаги Қуръонни ёқиш амалиётида иштирок этган иккинчи кимса Момиканинг дўсти ва қариндошидир. Иккинчи жиҳатга келсак, яҳудий вужуди – айниқса, Нетаньяху билан Байден ўртасида таранглик юзага келиб, Байден ҳалигача уни қабул қилишдан бош тортаётган бир пайтда – Швециянинг НАТОга аъзолигини бузиш орқали Россияга хушомад қиляпти.
- Ниҳоят, энг аламлиси шундаки, халқаро кураш майдонида мусулмонларнинг муқаддас нарсалари поймол этилмоқда!! Исломий юртлар ҳукмдорлари ва уларнинг ташкилотлари уйқуда. Уларнинг энг яхши тутган йўллари сариқ чақага арзимайдиган қоралашдан иборат!! Муқаддас ва дахлсиз нарсаларнинг поймол қилиниши душманга шайтон васвасасини унуттириб қўядиган шафқатсиз уруш бошлашни вожиб қилишини билмайдиган ақлирасо инсон борми?! Скандинавия давлатлари каби заиф давлатларнинг ўз конституция ва қонунларини баҳона қилиб, Ислом Уммати ҳис-туйғуларига умуман эътибор бермаслиги, сўнг уларнинг энг муқаддас Китобларини ёқиши ҳақиқатдан ҳам аламлидир… Биз шуни яхши биламизки, мусулмонлар учун Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритадиган, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб, Унинг шариати ила ҳақни ўз жойига қўядиган халифа қоим бўлмагунча бу ҳолат шундай давом этаверади. Ана шунда бу заиф давлатлардан бирортаси, ҳатто йирик дея аталаётган давлатлар ҳам мусулмонларнинг муқаддас нарсаларига зиён етказишга журъат қила олмайди. Фақат мана шундай жиноятга қўл урган кимсагина эмас, балки уни ҳимоя қилиб, бошпана берган давлат ва давлатлар ҳам жазоланади.
﴿وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنْقَلَبٍ يَنْقَلِبُونَ﴾
«Золим кимсалар яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар» [Шуаро 227]
………………………………..
Иккинчи савол: 2023 йил 25 июлда «Emarat Al Youm» ўз сайтида бундай хабар нашр қилди: (Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоган ўтган ҳафтада Форс кўрфазининг уч давлатига қилган сафарини «жуда муваффақиятли ва самарали», дея баҳолади. Эрдоган душанба оқшомида телевидение орқали қилган нутқида, катта ишбилармон делегация билан Форс кўрфазига қилган сафари ташқи сиёсат соҳасида «жуда муҳим қадам» бўлганини таъкидлади).
Маълумки, турк президенти 2023 йил 17-19 июл кунлари 200дан зиёд ишбилармон ва муҳим шахслар ҳамроҳлигида Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилди… Савол шуки, Форс кўрфази давлатлари халқаро сиёсий муносабатларда Туркиядан фарқли йўл тутар экан, Эрдоганнинг айни сафаридан мақсад нима? Ёки бу, айниқса, Туркия иқтисодиётида кузатилаётган инфляцияни ҳисобга олсак, иқтисодий сабаблар билан боғлиқми? Сизга ташаккур ва миннатдорчилик билдириб қоламан.
Жавоб: Ушбу саволлар жавоби тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
- 200дан зиёд ишбилармон ва муҳим шахслар ҳамроҳлигида қилинган ушбу сафар Туркия иқтисодий кризисдан азият чекаётган, инфляция даражаси рекорд даражага етган ва турк лираси доимий равишда қадрсизланиб бораётган бир пайтга тўғри келди. Шунинг учун ушбу сафар асосан иқтисодий масалаларга қаратилди ва сафар мобайнида инвестиция соҳасидан саноатга, мудофаадан соғлиқни сақлашга, қайта тикланадиган энергиядан космик саноатига қадар кўплаб соҳаларда 18та келишув ва қўшма баёнот имзоланди. Шунингдек, Туркия билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида 50,7 миллиард долларлик шартнома имзоланди.
- Туркия иқтисодий кризисдан азият чекмоқда ва нархлар доимий равишда ошиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, Туркиядаги инфляция даражаси 40 фоиз атрофида, норасмий маълумотларга кўра эса, 100 фоиздан ошган. (Бугун чоршанба куни эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Туркиядаги йиллик инфляция июн ойида 38,2 фоизгача пасайиб, 18 ой ичида энг паст даражани қайд этган. Инфляцияни ўрганиш мустақил гуруҳи (ENAG) маълумотларига кўра, йиллик инфляция 108,5 фоизни ташкил қилган… Ал-Жазира мубашир, 2023 йил 5 июл).
- Туркия марказий банки 2023 йил май ойидаги сайловлар олдидан доллар курсини маълум даражада ушлаб туриш учун бозорга йирик миқдорда доллар киритди. Бироқ, бу Туркия марказий банки валюта захираларининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди. 28 май куни ўтказилган сайловларда 19,90 бўлган доллар нархи ҳозир 26дан ошиб кетди. Шундай қилиб, лиранинг долларга нисбатан қадрсизланиши йил бошидан буён 28 фоиздан ошди. (Сешанба куни тонгда расмийлар ва банкирлар марказий банк валютани қўллаб-қувватлаш учун ўз захираларидан фойдаланишни тўхтатганини билдирганидан сўнг долларга нисбатан навбатдаги рекорд даражадаги 26,10га етди. Кейинчалик лира 26.05да барқарорлашди ва шу тариқа йил бошидан бери 28 фоиздан кўпроқ қадрсизланди… Арабий 21, 2023 йил 27 июн).
- Шу боис, Эрдоган бюджет камомади, сурункали инфляция ва турк лирасининг қадрсизланишига қарши курашиш учун сармоя ва молиялаштиришга катта умид боғлади. (Бломберг агентлиги берган таҳлилда Эрдоганнинг ноанъанавий иқтисодий сиёсатлар туфайли Туркияга сармоя киритишдан қочган Ғарб сармоядорлари орасидаги фарқни тўлдириш учун араб дунёсидаги нефтга бой давлатлар билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилаётгани тилга олинган. https://aposto.com, 2023 йил 21 июл).
- Кўрфаз давлатлари билан муносабатларни енгиллаштириш мақсадида, Британия ва Кўрфаз давлатлари билан яхши алоқада бўлган ва бундан олдин айни лавозимдан четлаштирилган Меҳмет Шимшек 2023 йил 28 майдаги сайловлардан сўнг Туркия молия вазирлиги лавозимига тайинланди. Меҳмет Шимшек Этибанк стипендияси билан Британиянинг Эксетер университетида магистратурани тамомлаб, Лондондаги халқаро ташкилотларда иқтисодчи, стратег ва менежер лавозимларида ишлаган… Демак, унинг молия вазири этиб тайинланиши Европадан пул олиб киришга ва Британиянинг Туркияга нисбатан танқидини камайтиришга қаратилган. Шунинг учун Британия молиявий доираларида таниқли бўлган ва молия муассасаларида ишлаган Меҳмет Шимшек июн ойида Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилиб, ушбу мамлакатларда юқори даражадаги учрашувлар ўтказди. (Ўтган ой Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз, ғазначилик ва молия вазири Меҳмет Шимшек ва марказий банк раҳбари Ҳафизе Гайе Эркан Кўрфаз мамлакатларига сафар қилиб, «иқтисодий ҳамкорлик имкониятлари»ни баҳолаган эдилар. Тахминларга кўра, иқтисодиёт вазирлигининг ушбу сафарларидан Эрдоганнинг Кўрфаз сафари доирасида имзоланадиган келишувларга замин ҳозирлаш мақсад қилинган… https://www.indyturk.com, 2023 йил 17 июл). Шунинг учун Эрдоганнинг сафари унга иқтисодий замин тайёрлангандан кейин амалга оширилди.
- Анқара ноябр ойида катта миқдордаги қарз тўловларига дуч келади. Ташқи қарзларини тўлашга муваффақ бўлиш учун ноябргача ташқи ресурсларни топиши керак. Шу боис ташқи ресурсларни топиш учун Форс кўрфазидаги инвесторларга мурожаат қилди. «JPMorgan» банки Туркиянинг 2023 йилнинг июл ойидан октябр ойигача бўлган ойлик ташқи қарз тўловлари 2,4 ва 3,5 миллиард доллар орасида бўлишини ҳамда 2023 йил декабрдан 2024 йил мартигача тўланиши керак бўлган катта миқдордаги ташқи қарз тўловлари мавжудлигини таъкидлади. (https://www.bloomberght.com, 2023 йил 6 июл).
- Шунга биноан, Эрдоганнинг Форс кўрфази сафари ортидаги сиёсий сабаблардан кўра иқтисодий сабаблар кўпроқ. Буни «Atlantic council» веб-сайти нашр қилган мақола ҳам тасдиқламоқда. («Atlantic council» кенгаши томонидан нашр қилинган ушбу мақолада катта тадқиқотчилар Серхат Чубукчуўғли билан Моуза Ҳасан Марзуқийнинг таъкидлашича, Туркиянинг Форс кўрфази давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашга қайтадан қизиқишининг асосий сабаби капитал оқимини жалб қилиш ва сўнгги йигирма йил ичида иқтисодий ўсишни таъминлаган лидер сифатида Эрдоган меросини сақлаб қолишдир. https://www.atlanticcouncil.org, 2023 йил 21 июл).
- Бу Эрдоганнинг баёнотларидан ҳам кўриниб турибди: (Президент Эрдоган Туркия билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги савдо айирбошлаш ҳажмининг 10 миллиард долларга етганини маълум қилиб, Амирликлар Туркиянинг минтақадаги энг муҳим савдо ва иқтисодий ҳамкорларидан бири эканига эътибор қаратди. Эрдоган Амирликларга қилган сафари давомида турли соҳаларда умумий қиймати 50,7 миллиард доллар бўлган 13та шартнома имзолаганини билдирди… https://www.emaratalyoum.com, 2023 йил 25 июл).
- Хулоса қилиб айтганда, Эрдоганнинг Форс кўрфази сафаридан биринчи навбатда иқтисодий мақсадлар кўзланган. Сафардан соф иқтисодий мақсад, яъни инфляция даражасини пасайтириш, турк лираси мавқеини яхшилаш, қолаверса, Туркиядаги иқтисодий бозорни мувозанатлаш кўзланган десак хато қилмаймиз. Буларнинг барчаси шуни аниқ кўрсатиб турибдики, мусулмон юртларининг воқелиги уларнинг бирлашиши зарурлигидан далолат бермоқда. Бу юртлардаги ер ости ва ер усти бойликлари уларнинг аҳолисига етиб, қашшоқликларини бартараф этади ва мавқеини оширади. Агар мусулмонлар бу ҳақиқатни англаб етганларида эди, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлиб, ҳақиқатда бир уммат, инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлардилар.
﴿كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللهِ﴾
«(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз маъруфга буюриб, мункардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» [Оли Имрон 110]
16 муҳаррам 1445м
3 август 2023м