Данияда яна Қуръон ёқилди, Қирғизистонда масжид ва мадрасалар ёпилмоқда

2119
0

Данияда яна Қуръон ёқилди, Қирғизистонда масжид ва мадрасалар ёпилмоқда

 “Даниялик ватанпарварлар” гуруҳининг аъзолари 21 июл куни Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида Қуръони Карим нусхасига ўт қўйишди. Уларнинг айтишича, бу ифлос ишлари Ироқдаги Швеция элчихонасининг ёқиб юборилишига жавобдир.

Эслатиб ўтамиз, 19 июл куни Швеция полицияси Стокголмдаги Ироқ элчихонаси олдида Қуръонни ёқиш акцияси ўтказилишига рухсат берган ва аксия иштирокчиларидан бири Қуръонни оёқлари остига олиб тепкилаган эди. Бунинг натижасида 20 июл куни Ироқ халқи Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига бостириб кириб, уни ёқиб юборди. Швецияда акция уюштирган кимсалар Қурбон ҳайити куни ҳам Қуръонни ёқиб, ҳақорат қилишган эди. Мусулмонларнинг ҳокимлари ва ўзларига Исломий тус берган ташкилотлар, содир бўлган воқеани ҳар доимгидек қуруқ сўзлар билан қоралашдан нарига ўта олмагани учун бу дин душманлари ўзларининг нопок ишларини бемалол давом эттиришмоқда. Масалан, Туркия давлати Швециянинг НАТОга қабул қилинишига қарши чиқиш имкониятидан фойдаланиш ўрнига, бунга йўл очиб берди. Ироқ ҳукумати эса, Швеция элчихонасига ўт қўйган одамларни ҳибсга олиш билан таҳдид қилди.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати Қуръонни ёқиб юборганлар билан бир сафда туриб, Қуръон ўқитиладиган масжид ва мадрасаларни ёпиш билан овора! Бунинг учун рухсатнома ёки санитария ҳолати баҳона қилинмоқда! Масалан, бу йил Сузоқда иккита мадраса рухсатномаси йўқлиги баҳонаси билан ёпиб қўйилди. Шунингдек, Жалолобод вилоятидаги 60 та масжидга лицензия берилмаганлиги сабабли баъзилари ёпилган, қолган қисми эса, УКМК томонидан огоҳлантирилган. Қора-Сувдаги “Ас-Сарахсий” масжиди ҳам санитария шароитига жавоб бермаслигини баҳона қилиб ёпиб қўйилди. 21 июл куни масжидда жума намози ўқишга изн берилмади. Асосан ёзги таътилда минглаб ота-оналар фарзандларини масжид-мадраларсага юбориш учун навбат кутиб турган бир пайтда ҳамда жойлар тўлиб, бошқа жойларга муҳтож бўлиб турган бир пайтда масжид ва мадрасаларимиз ҳукумат тарафидан мана шундай қаршиликларга дуч келмоқда. Ҳукуматнинг бу иши кофир империалистларнинг динга қарши курашига малайлик қилишдан бошқа нарса эмас! Шунингдек, Ҳайит намозларида масжидларда халққа ўзини бир кўрсатиб қўйиб, ортидан масжидларни ёпиш мунофиқликдан бошқа нарса эмас. Аллоҳ таоло айтади:

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ تَوَلَّوْا قَوْمًا غَضِبَ اللهُ عَلَيْهِمْ مَا هُمْ مِنْكُمْ وَلاَ مِنْهُمْ وَيَحْلِفُونَ عَلَى الْكَذِبِ وَهُمْ يَعْلَمُونَ

(Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутган кимсаларни кўрмадингизми? У (мунофиқлар) сизлардан ҳам, улардан ҳам эмасдирлар! Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида, («Бизлар мусулмонлармиз», деб) қасам ҳам ичурлар”. (58:14)

Ҳа, бугунги кунда мусулмонларнинг аҳволи мана шундай аянчли ҳолатга келиб қолди. 60дан ортиқ Исломий ўлкаларининг ҳозирги ҳукмдорлари халифа Абдулҳамиднинг тирноғига ҳам тенг кела олмади. Абдулҳамид II Франция ва Англияда Росулуллоҳ (с.а.в.)ни ҳақоратловчи Вольтернинг “Фанатизм” пьесасининг намойиш этилишига қарши чиқди. Пьесанинг мазмунидан хабардор бўлган Халифа Абдулҳамид, Франция ҳукуматини, агар пьеса намойиш этилса оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирди. Ўшанда Франция дарҳол пьеса намойишини тўхтатди. Шундан сўнг бу пьесани саҳналаштирмоқчи бўлган театр Англияга йўл олди. Халифанинг бу огоҳлантириши Англияга ҳам юборилганида, инглиз ҳукумати: “Чипталар сотилди, энди буни тўхтатиш фуқароларимизнинг эркинлигини оёқ ости қилиш ҳисобланади”, деб жавоб қайтарди. Шунда Султон Абдулҳамид II шундай фармон чиқарди: “Бу менинг бутун Ислом умматига амримдир!”. Англия Пайғамбаримизни (с.а.в.) ҳақорат қилмоқда! Мен бунга жиҳод эълон қиламан…». Бундан хабар топган британияликлар сўз эркинлигини унутиб, дарҳол пьеса намойишини бекор қилишди.

Бинобарин, бугунги кунда мусулмонлар хорлигининг сабаби Исломий ўлкалар раҳбарларининг кофирларга муносиб жавоб қайтармаётганлигига бориб тақалмоқда. Аслида, уларнинг бундай нопок ҳаракатларига қарши чиқиш қуруқ танқидлар билан эмас, балки армияни сафарбар қилиш ва бошқа ҳукуматларни ҳам шунга чорлаш билан бўлади. Шунингдек, кофирларнинг бундай ҳаракатларига норозилик билдириш, ҳукмдорларнинг хиёнатларини қоралаш, ўз ўлкасида ва дунёда оммавий фикр уйғотишга ҳаракат қилиш қолган мусулмонлар учун ҳам вожибдир. Аллоҳим, мусулмонларни лоқайдликдан узоқ қилгин! Исломий қадриятлар ҳақорат қилинишига йўл қўймайдиган Рашид халифалик давлати тикланишини тез орада бизга насиб қилгин!

Ҳизб ут-Таҳрир – Қирғизистон

  1. 07. 2023 йил

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here