بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Косово воқеалари ҳамда унинг Европага таъсири
Савол:
Косово шимолида серблар томонидан полицияга ва минтақадаги НАТО кучларига қарши шиддатли намойишлар аланга олди. Сербия у ердаги серб озчилигини ҳимоя қилиш учун ўз кучларини минтақага олиб кириши мумкинлиги билан огоҳлантирди. «National Interest» веб-сайтида эълон қилинган ва Ал-Жазира иқтибос келтирган ҳисоботда навбатдаги Европа уруши Косовода бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган. Ҳисоботда, шунингдек, (Косоводаги вазият билан Украинадаги ҳозирги можаро ўртасида диққатга сазовор ўхшашлик мавжудлиги таъкидланиб, Ғарб сиёсатчиларининг бу нарсани ҳисобга олишлари кераклиги айтилган. Ҳисоботда яна бундай дейилади: Косово шимолидаги сўнгги инқироз «Украинадаги шафқатсиз уруш бугунги кунда Европа барқарорлигига энг катта таҳдид бўлиши мумкинлигини, лекин бу ягона таҳдид эмаслиги»ни бутун дунёга эслатиб қўйди. Манба: Ал-Жазира ва «National Interest», 2023 йил 10 июн).
Савол шуки, бу воқеалар ортида нима турибди? Халқаро расмийларнинг баёнотида бу нарса Болқонни портлатиб юбориши ва Украина урушидан ташқари, Европа давлатларини иккинчи уруш билан банд қилиб қўйиши мумкин, дея келганидек, айни воқеалар шунчалик хавфлими?
Жавоб:
Косово шимолида рўй бераётган кескинликларнинг кўламини аниқлаш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
Биринчи: Тарихий ҳақиқат:
- XV асрда Усмонийлар Болқонни фатҳ қилганларидан сўнг Ислом дини ушбу минтақага, яъни Рим давлатининг қўлида бутунлай насронийлаштирилган минтақага ёриб кира бошлади. Натижада бугунги кундаги Албания ва Косово аҳолиси бўлган албанлар мусулмон бўлди. Шундан сўнг, Босния ва Герцеговина аҳолиси бўлган боснияликлар Исломга кирди. Маълумки, Босния ва Герцеговина 1992 йилда Югославиядан мустақилликка эришгач, у ерда қатли ом содир этилиб, минглаб мусулмон қириб ташланган эди.
- Британия томонидан Болқонда қўзғатилган сепаратистик миллатчилик тенденциялари шароитида Косово Усмоний давлатдан 1912 йилда ажралиб чиққунига қадар унинг бир қисми бўлиб қолди. Шундан сўнг Сербия ва Черногория каби кўплаб қиролликлар ҳамда Италия мустамлакачилиги Косово бошқарувига итдек ташланди. Сўнг Италия ўзининг мустамлакаси бўлган Албания қироллиги таркибига уни ҳам қўшиб олди. Кейин Югославия президенти Тито 1946 йилда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги айрим келишувлар доирасида Косовони ўз мамлакатига қўшиб олиб, унга мухторият мақомини берди. Косово тўқсонинчи йилларнинг бошларида Югославия парчаланиб кетгунига қадар унинг таркибида қолди. Югославия парчалангач эса, унинг қолдиғи бўлган Сербия таркибига ўтди. Шундан сўнг Сербиянинг ёмон ном қозонган президенти Слободан Милошевич Косовонинг мустақил бўлмаслиги учун уни темир ва олов билан бошқариб, мухторият мақомини бекор қилди. 1990 йил Косово мустақиллиги учун референдум ўтказилганидан сўнг у ерда кўплаб тартибсизликлар юзага келди. 1999 йилга қадар турли хил тартибсизлик, зўравонлик ва қирғинлар давом этди… Халқаро шароитлар натижасида масалага НАТО аралашиб, Сербияни бомбардимон қила бошлади. Охир-оқибат, Сербия Косовони тарк этишга мажбур бўлди. Ўшандан буён НАТОнинг Косоводаги кучлари минтақада тинчликни кафолатлайдиган ҳарбий куч сифатида хизмат қилмоқда.
- 2008 йил Косово ўзининг Сербиядан мустақил бўлганини расман эълон қилди. АҚШ ва Европанинг аксар давлатлари бошчилигида дунёнинг кўплаб давлатлари Косово мустақиллигини тан олди. Россия билан Сербия эса Косово мустақиллигига кескин қарши чиқди. Россия ва Хитойнинг қаршилиги Косовонинг кўплаб халқаро ташкилотларга аъзо бўлишига тўсқинлик қилди. Ниҳоят, Россия Украинага уруш очганидан кейин унга эътироз билдиришга ва Европа Иттифоқига қўшилишга қизиқтириш доирасида, Европа Иттифоқи 2023 йил 19 мартда Сербия томонидан Косово мустақиллиги тан олинишини назарда тутмаган ҳолда, уларнинг ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишув қабул қилинганини билдирди. Бу келишув Сербия ва Косовонинг Европа иттифоқига қўшилиши учун эшиклар очилаётганини англатади.
Иккинчи: Ҳозирги воқеалардан олдинги халқаро ва маҳаллий вазият:
- Сербия Россиянинг Шарқий Европадаги сўнгги нуфуз марказидир. У НАТО билан зиддиятга кириб қолган йилларда Россия ҳамиша уни қўллаб-қувватлаб келди. 1999 йилда НАТОнинг Косовони Сербиядан ажратиш учун қилган аралашувлари Россиянинг Болқондаги сўнгги нуфузига қаттиқ зарба бўлди. Чунки бу нарса унинг заифлигини ва ўз тобеларини қўллаб-қувватлашга қодир эмаслигини намоён этди. Шунга қарамай, Россия Сербияни қаттиқ қўллаб-қувватлаш, унга қурол-яроғ етказиб бериш ва халқаро ташкилотларда сиёсий жиҳатдан ёрдам кўрсатишда давом этиб, Косово мустақиллигига кескин қарши эканини, Босния ва Герцеговинадаги сербларни қўллаб-қувватлаш учун иқтисодий лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини билдириб келди. Россия, шунингдек, икки давлат черковлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлади ва Белградда Спутник агентлиги учун йирик медиа марказини ташкил этди. Бу медиа маркази кескинликни кучайтириш ва Россиянинг сербларни қўллаб-қувватлаш марказига айланди. Сербияда бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан серб раҳбарлари машҳурликка эришиш учун Россия президенти Путин билан суратга тушишга қизиқишар эди. Умуман олганда, Россия Сербия, Косово, Босния ва Герцеговинадаги серблар орасида катта нуфузга эга.
- Россия Украина урушини бошлаганидан ва Ғарб кучларининг ўзига итдек ташланаётганини кўрганидан кейин, Ғарб Сербияни аврашни кучайтирди. Жумладан, Косово ва Сербия ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича 2023 йил март ойидаги келишувга мутасаддилик қилди ҳамда Сербиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун, эҳтимол келажакда НАТОга аъзо бўлиши учун йўл очиб берди. Бу Россиянинг Украинадаги уруши туфайли халқаро йўқотишларини янада ошириш туркумидан бўлиб, худди Швеция билан Финляндиянинг НАТОга қўшилишига ўхшайди. Шундай қилиб, Ғарб билан Сербия ўртасида жиддий яқинлашув юзага келди. 2022 йил июн ойида Европа давлатлари Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг Сербияга сафар қилиш учун Европа ҳаво ҳудудини кесиб ўтишига тўсқинлик қилишди. Бу нарса Сербияни ноқулай аҳволга солиб қўйгани боис, ички ишлар вазири (Сербия Россияга қарши санкция жорий қилмаган ва унга қарши истерияга қўшилмаган Европадаги ягона давлатдир», дея баёнот берди. www.youm7.com, 2022 йил 22 август). Бу баёнот, айниқса, Сербиянинг Ғарб давлатлари билан бўлган истиқболи сари эшиклар ланг очилаётгани боис, Россия билан бўлган муносабатлари сабабли унинг ўзини қийин ҳолатда ҳис қилаётганини кўрсатмоқда. Ҳатто Сербияни Ғарб йўлига солиб қўйиш бундан ҳам юқори натижаларни келтириб чиқарган бўлиши ҳам мумкин. Масалан, «Sky News Arabia» телеканалининг 2023 йил 4 март кунги нашрида бундай дейилади: (Россия пайшанба куни ўзининг иттифоқчиси Сербиядан унинг Украинага минглаб ракеталарни етказиб бергани ҳақидаги ҳисоботлар юзасидан расмий изоҳ талаб қилди. Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова ўтган ой биринчи бўлиб Россиядаги ҳукуматпараст ахборот воситаларида тарқалган ҳисоботлардан Москванинг «жуда хавотирда» эканини билдирди). Сербия Украинадаги можарога аралашганлигини инкор этаётганига қарамай, бу позициялар – гарчи ушбу йўлда бўшлиқлар ва ҳатто тўсиқлар мавжуд бўлса ҳам – унинг Россиядан узоқлаша бошлаганини кўрсатади.
- Украина урушидан кейин, Россия-Сербия муносабатларида мана шундай янги воқелик юзага келгач, Сербияда сезиларли таъсирга эга бўлган Россия у ердаги ўзининг маҳаллий нуфузи ва одамларини ишга солиб, вазиятни кескинлаштиришга ҳамда Сербияни ўзининг халқаро нуфузидан чиқариш ҳаракатини тўхтатиб қўйишга ҳаракат қила бошлади. (Косово президенти Россияни минтақада Косово, Босния ва Черногорияга ҳужум қилишни ўз ичига олган «бузғунчи манфаатга» эга эканликда айблади». Индепендент арабий, 2022 йил 22 декабр). Айни манбада яна қуйидагилар таъкидланган: (Вашингтон Постнинг ёзишича, Россиянинг Украинага қилган уруши минтақада кескинликни кучайтирди. Таҳлилчиларнинг сўзларидан иқтибос келтирилишича, Россиянинг миллатчилик мазмунидаги баёнотлари баъзи раҳбарларга маъқул келган. Уларнинг орасида собиқ президент Слободан Милошевичнинг иттифоқчиси бўлган ўта миллатчи ва Сербия президенти Александр Вучич ҳам бор». Шунингдек, Уолл-стрит Жорнэлнинг таъкидлашича, ўшанда Россиянинг Косово ва Сербия ўртасидаги можародан Европани барқарорлаштиришда фойдаланишидан қўрқиб, НАТО ва Европа Иттифоқи бу икки давлат ўртасидаги сўнгги кескинлик ортидан зиддиятни юмшатишга шошилишди).
- «АҚШ давлат сиёсати тадқиқот институти» ходимаси Ивана Старднер Украина уруши бошланишидан олдин Россиянинг Болқонда тартибсизликлар келтириб чиқаришга интилаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Форин Афферс журналида нашр қилинган ҳамда Индепендент арабий 2023 йил 20 апрелда иқтибос келтирган «Россия Болқонда ўт билан ўйнашмоқда» сарлавҳали мақолада Старднер бундай дейди: (Мен Болқоннинг янги кураш майдонига айланиб қолиши мумкинлигини, у ерда Россия қоғоздан ясалган дев эканликларини исботлаш учун Европа Иттифоқи ва НАТОни майдонга чорлашини истисно қилмайман. Индепендент арабий, 2022 йил 20 феврал). Шунинг учун кўпроқ эҳтимолга кўра, Косоводаги бу низони Россия ўзининг Украина уруши сабабли кўриниб қолган заифлигидан жамоатчилик диққатини чалғитиш мақсадида келтириб чиқарган. Бундан, шунингдек, ўзига душман бўлган Европа давлатларини Европадаги навбатдаги уруш билан банд қилиб қўйиш ҳамда Сербияни Россия нуфузидан узоқлаштириш жараёнини тўхтатиш ҳам мақсад қилинган.
Учинчи: сўнгги воқеалар моҳияти:
- Туб аҳолиси икки миллионга яқин бўлган Косовода серблар 120 мингдан ошмайди. Уларнинг учдан бири ҳозирда можаро ўчоғи бўлган чегарадаги тўртта шаҳарда яшайди. 50 минг аҳолига эга бўлган ва уларнинг 90 фоизи сербларни ташкил қилган ушбу тўрт шаҳарнинг ҳокимияти Косово пойтахти Приштинага қарашли бўлиб, жуда заиф аҳволда. Шунинг учун полиция жиноятчиликка қарши курашишга қодир эмас. Шунингдек, этник сабаблар ҳамда полицияга сербларни нишонга оляпти, деган айбловлар қўйилиши туфайли жиноятчиларни ҳибсга ололмайди. Бу шаҳарлардаги серблар ирқчилик асосида ғалаён кўтариб, Сербияга қўшилишни талаб қила бошлашди. Бунинг оқибати ўлароқ, чегаранинг нариги тарафидаги ҳокимиятга ўзининг халқи олдида Косоводаги сербларни ҳам ҳимоя қилиш мажбурияти юкланмоқда.
- Ушбу шаҳарлар устидан ўз назоратини ўрнатиш мақсадида Косово ҳукумати 2022 йил август ойида мамлакат шимолида Косовога оид ID карт ва машиналар учун давлат рақамларига эга бўлиш мажбуриятини юклайдиган қонунлар қабул қилди. Бу 2022 йил ноябр ойида серб мэрлари ва полициячиларининг истеъфога чиқишига олиб келди ва мамлакат шимолида норозилик намойишлари тарқалди. Кейин Косово ҳукумати 2023 йил апрел ойида маҳаллий сайловлар ўтказди, аммо серблар унда иштирок этишдан бош тортишди ва мусулмон номзодлар ғалаба қозонгани эълон қилинди. Ана шунда серблар исён кўтаришди. Чунки улар ўз мэрларини «косоволик» албан мусулмонлардан бўлишини исташмади. Тартибсизликлар йўлларнинг ёпилишига олиб келди. Натижада, Косово ҳукумати хавфсизликни таъминлашга мажбур бўлиб, янги мэрларни тайинлаш маросимида полиция томонидан хавфсизлик ўрнатилди. Серблар ҳокимият биносини эгаллаб олишга ҳаракат қилишди, аммо полиция тўсқинлик қилиб, бундай қилишларига йўл қўймади… Бундан сал аввал Сербия президенти ўз мамлакати армиясини шай ҳолатга келтириб, ҳарбий аралашув эҳтимоли ҳақида сигнал берган эди.
- Россия эса, сербларни қаттиқ қўллаб-қувватлаш билан оловга мой сепди. Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Мария Захарова намойишлар 2023 йил 29 майда аланга олишидан олдин бундай баёнот берган эди: (Россия Косовонинг вазиятни «қайноқ нуқта» ёқасига олиб келган провокацион қадамларини қаттиқ қоралайди. Сербияга қарши провокация учун жавобгарлик АҚШ ва Европа Иттифоқи зиммаси тушади. www.youm7.com, 2023 йил 28 май). Намойишлардан сўнг (Сергей Лавров Косоводаги кескинлик Европа марказида «улкан портлаш»га олиб келиши мумкинлигини айтди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров душанба куни журналистларга берган баёнотида вазиятнинг «ташвишли» эканини айтиб, Болқонда йирик вулқон отилиши ҳақида огоҳлантирди. www.soutalkhaleej.fm, 2023 йил 30 май). Шунингдек, (Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Серблар Шимолий Косовода ўз ҳуқуқлари учун курашмоқдалар», дея таъкидлаб, армиянинг шай ҳолатда эканини, «Бу борадаги қарор Сербия президенти томонидан қабул қилиниши»ни, айтди. Индепендент арабий, 2023 йил 30 май).
- АҚШга келсак, унинг позицияси Европаникидан деярли фарқ қилмади. Косово шимолидаги кескинликни тўхтатиш учун шошилинч чоралар кўриш ҳақида АҚШ, Британия, Франция, Германия ва Италия томонидан қўшма баёнот берилди. (Британия ҳукумати веб-сайти, 2023 йил 26 май). 1999 йилда НАТОнинг аралашувидан сўнг Британия айни Алянс доирасида пойтахт Приштинадаги энг катта раҳбариятни ўз қўлига олишга қаттиқ ҳаракат қилган эди. Зеро, мустақиллик эълон қилингандан сўнг Приштинада ўз элчисини тайинлаган биринчи давлат Британия бўлади. (Sawa радиоси веб-сайти, 2008 йил 21 феврал). Америка эса беш ойдан кейин ўзига элчи тайинлади. (www.youm7.com, 2008 йил 19 июл). Блинкенга кўра, Приштина ҳокимиятининг минтақа шимолидаги мерия биносига мэрларнинг етиб боришини таъминлаш учун куч ишлатиш тўғрисидаги қарори («кескинликнинг асоссиз ва кескин равишда кучайишига олиб келган». RT, 2023 йил 31 май). (АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Косово ва Сербия раҳбарларини кескинликни юмшатишга чақириб, уларни Европа Иттифоқига аъзо бўлиш борасидаги умидларни таҳдид остига қўйишаётганидан огоҳлантирди. Блинкен пайшанба куни Ослодаги НАТО музокаралари чоғида журналистларга бундай деди: «Биз Косово ва Сербия ҳукуматларини кескинликни юмшатиш учун зудлик билан чора кўришга чақирамиз». Ал-Жазира нет, 2023 йил 2 июн).
- Ғарбнинг мана шундай позициялари сабабли кўпроқ эҳтимолга кўра, вазият сокинлашиш томон кетмоқда. Косово бош вазири Альбин Курти ўзининг қатъий позициялари ортидан, муросасозлик кўрсата бошлади: (Бош вазир Альбин Курти Косоводаги ҳар бир сербни ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётганини билдириб, уларнинг ўз овозларини тинч йўл билан эшиттириш ҳуқуқига эга эканликларини таъкидлади. У, шунингдек, Косовода ҳокимиятга зўравонлик билан эмас, балки сайловлар йўли билан етишиш мумкинлигини таъкидлади. Курти яқинда мамлакат шимолида бошланган зўравонликларни тўхтатиш учун қайта маҳаллий сайловлар ўтказишни таклиф қилди. Ал-Жазира нет, 2023 йил 2 июн). Бир вақтнинг ўзида, Франция президенти Макрон ва Германия канцлери Шольц Молдовада бўлиб ўтган саммит чоғида Косово президентига босим ўтказиб, унга кескинликни юмшатиш учун Сербия президенти билан учрашиши кераклигини таъкидладилар.
- Буларнинг барчасидан Россия Сербиядаги нуфузини ишга солишдан ташқари, Косовода ҳам кескинликни кучайтиришга қодир экани кўриниб турибди. Зеро, унинг Сербияда ҳам, Косоводаги серблар орасида ҳам ўз одамлари бор. У ҳозирда Украина урушидаги ўзининг заифлигини яширадиган кескинлик ўчоғини яратмоқчи бўляпти ҳамда Сербияни ўз таъсиридан чиқиб кетишини тўхтатиб қолишга ҳаракат қиляпти. Россия расмийлари томонидан сербларни қаттиқ қўллаб-қувватлаш ҳақида берилган баёнотлар Косовода урушни кучайтириш учун оловга мой сепиш бўлди. Лекин Европа давлатлари билан Америка ёнғин чиққан заҳоти тезда уни ўчиришга ҳаракат қилишди. Чунки Америка ва у билан бирга Европа Иттифоқи давлатлари ёнғинни тезда ўчиришга жуда ҳарис эдилар.
Тўртинчи:
Хулоса шуки, Косово серблари келтириб чиқарган ва шу тариқа Сербияни ҳаракатга келтирган Косоводаги кескинликларда Россиянинг қўли борлиги турган гап. Косовода НАТОнинг борлигини эътиборга олсак, Россия айни кескинликлар Ғарбни банд қилиб қўйишига ҳамда серблар билан Косово ўртасида ёнғин аланга олиб, Ғарб ва НАТОнинг айни ёнғин ўртасида қолиб кетишига умид қилган эди. Россия Ўзи билан Украина ўртасидаги уруш оловини тинимсиз алангалатаётган АҚШ ва НАТОнинг шу билан бироз тийилиб туришишини кутган эди… Афтидан, Америка ва Ғарб буни англаб етган кўринади. Шунинг учун серблар билан Косово ўртасида вазиятни тинчлантириш учун бор кучларини сарфлашди. Зеро, Америка ва Ғарб уларнинг ҳар иккисига ҳам агар айни кескинликни бостиришда ҳамкорлик қиладиган бўлсалар, Европа Иттифоқига, кейинроқ эса НАТОга аъзо бўлишлари мумкинлиги ҳақида ишора қилишди… Биз америкалик ва косоволик расмийларнинг баёнотларидан келиб чиқиб, юқорида баён қилганимиздек, афтидан, АҚШ ва Ғарб ушбу кескинликни юмшатишга муваффақ бўлган кўринади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, воқеаларнинг асл моҳияти, оқими ва натижалари тўғрисида бизнинг тўғри деб билган хулосамиз мана шу.
Ва ниҳоят, юқорида айтиб ўтганимиздек, Косово Усмонийлар давлатининг бир қисми бўлган, унинг аҳолиси ҳам Исломни узоқ замонлар олдин қабул қилган. Агар мусулмонлар уларни мустамлакачи кофирлар ёвузлигидан ҳимоя қилган Халифалик давлатини қўлдан бой бермаганларида эди, у ердаги ишларнинг ривожи Болқон ва Косово узра Ислом байроғи ҳилпираганидан сўнг бу юртлар бошқарувини эгаллаган кофир мустамлакачи давлатлар қўлида қолиб кетмаган бўлур эди…
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолодан Ислом Умматидан бундай ғам-андуҳларни кўтаришини, Халифаликни қайта барпо этиш билан куч-қудрат манбаига яна қайтишларини сўраб қоламиз:
﴿وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ﴾
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишиларга нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-5]
22 зул-қаъда 1444ҳ
11 июн 2023м