Вашингтон Пост: Шаҳзода Салмон АҚШ иқтисодиётига зарар етказиш билан таҳдид қилди

1607
0

Вашингтон Пост: Шаҳзода Салмон АҚШ иқтисодиётига зарар етказиш билан таҳдид қилди

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШ иқтисодиётига зарар етказиш билан АҚШ президенти Жо Байденга таҳдид қилди. Бу ҳақида Вашингтон Пост газетаси “Discord” тезкор хабар алмашиш ижтимоий платформасига сиздирилган махфий ҳужжатга асосланиб хабар тарқатди.

Газетанинг ёзишича, бунга Байденнинг Саудия Арабистонига қаратилган таҳдидли баёноти сабаб бўлган. Бундан аввал Саудия Арабистони нефть қазиб олишни 2 миллион баррелга қисқартиришга қарор қилгани учун Байден маъмурияти ўз норозилигини аниқ ифода этган эди. Байден ўша пайтда CNN телеканалига берган интервюсида Вашингтон ва Риёз ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқишини билдириб, Саудия Арабистонининг бу ҳаракати “баъзи ёмон оқибатларга олиб келиши”дан огоҳлантирган эди.

Бунга жавобан валиаҳд шаҳзода, агар Байден “нефть қазиб олишни кескин қисқартириш” можароси учун Саудия Арабистонини жазоламоқчи бўлса, АҚШ маъмурияти билан алоқаларини узиши ва бу Вашингтон учун жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келиши” билан таҳдид қилгани айтилмоқда. Бироқ хабарда қайд этилишича, валиаҳд шаҳзоданинг мазкур таҳдиди тўғридан-тўғри Оқ уйга етказилганми ёки бу АҚШ разведкасининг жосуслик фаолияти орқали ўрганилганми, бу аниқ эмас.

Изоҳ: Дунёнинг энг йирик хом нефть экспортчиси бўлган, Саудия Арабистони 2022 йил АҚШнинг истагига зид равишда, нефть қазиб олишни нархлар кўтарилишига сабаб бўладиган даражада кескин қисқартирган эди. Бу ҳолат ўша пайтдаги АҚШ Конгресси оралиқ сайловларига таъсир кўрсатишидан ташвишга тушган АҚШ расмийлари Саудия Арабистони билан боғланиб, нефть қазиб олишни қисқартириш қарорини атиги бир ойга кечиктириб туришни сўраган бўлса-да, бироқ АҚШ расмийларининг талабига Саудия Арабистонидан рад жавоби келди. Бундан ғазабга келган Байден маъмурияти Саудия Арабистони нефть қазиб олишни қисқартиришда Россия тарафида тургани учун Вашингтон ва Риёз ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқишни ваъда қилиб, бунинг ёмон оқибатларидан огоҳлантирганди эди. Юқоридаги хабарда Шаҳзода Салмон Байденнинг ушбу таҳдидига қарши таҳдид билан жавоб қайтаргани даъво қилинмоқда. Шу ерда ҳақли равишда бир савол туғилади. АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп “биз бўлмасак, “Саудия бир ҳафта ҳам оёқда тура олмайди” деганда ёки АҚШнинг Республикачи сенатори Линдси Грэм “Саудия армияси бизнинг ёрдамимиз бўлмаса, ҳатто қоғоз пакетларга қарши ҳам жанг қила олмайди” деганда бир оғиз ҳам жавоб қайтара олмаган Шахзода энди АҚШ ҳукуматига таҳдид қилиш учун қаердан журъат олмоқда? Бу саволга қуйидаги линк орқали батафсил жавоб олишингиз мумкин:

Саудия Арабистонининг нефть қазиб олишни кескин қисқартириши ортида нима бор?

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here