Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон транспорт йўлаги орқали юк поезди ҳаракати йўлга қўйилди

2011
0

ХитойҚирғизистонЎзбекистон транспорт йўлаги орқали юк поезди ҳаракати йўлга қўйилди

 Хабар: Сиан шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё” саммити доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида Zhejiang Union of Railway Logistics компанияси, “Ўзбекистон темирйўллари” ва “Қирғиз темирйўли” миллий компанияси давлат корхонаси  ҳамкорлигида Ланжоу станциясидан Тошкентга 30 та контейнердан иборат блок поезди ҳаракати йўлга қўйилди.

 Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб юк ташишни рағбатлантириш мақсадида илк синов поезди ҳаракатига 9 июн куни старт берилди.

 Таркибида қуёш панеллари, механик жиҳозлар, матолар ва бошқа юклар бўлган умумий қиймати 2,5 млн АҚШ долларини ташкил этувчи юк поезди Хитойнинг Ланжоу шаҳридан Тошкентга 15 кунда етиб келиши белгиланган.

 Изоҳ: Россия Украина ботқоғига ботиб боргани сари Марказий Осиё устида қолган ўйинчилар Хитой, АҚШ ва ЕИ ўртасидаги кураш тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Хитой вақтдан фойдаланиб Россия шу вақтга қадар тўсқинлик қилиб келган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини лойиҳасини амалга оширишга киришди. Эндиликда Хитой минтақада фақат иқтисодий лойиҳалар билан чекланиб қолмай, сиёсий ва ҳарбий иштирокини кучайтиришга киришди. Шунингдек, минтақа давлатлари билан савдо хабларини барпо қилиш ва шу орқали минтақага ўзининг иқтисодий экспанциясини янада кучайтириш йўлидан бормоқда.

 АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари са Украина урушини имкон қадар узоқроқ чўзиш орқали Россияни ҳолдан тойдириб, Марказий Осиё республикалари устидан бўлган нуфузини заифлаштиришга уринмоқда. Шу сабабли ҳам АҚШ ва Европа давлатлари расмий вакиллари сўнгги вақтларда “бўзчининг моккисидек” минтақа давлатларига серқатнов бўлиб қолишди. Апрел ойи охирида АҚШ Молия вазирлигининг молиявий жиноятларга қарши кураш бўйича ўринбосари Элизабет Розенберг ва Савдо вазири ўринбосари Мэтью Аксельрод Қирғизистонга ташриф буюриб, ҳукумат вакиллари ва Миллий банк раҳбари билан Москвага қарши жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш йўлларини тўхтатиш бўйича учрашувлар ўтказди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг санкциялар бўйича директори Дэвид Рид ҳам 26-28-апрел кунлари Бишкекда бўлиб, Москвага қарши санкцияларни амалга ошириб юзасидан ҳакимият вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашди. Шунингдек, Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Девид O’Салливан март ойи охирида минтақа бўйлаб турне уштирди. У Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлиб, Россияга қарши санкциялар масаласини муҳокама қилди. Шунингдек, Британия парламентининг ташқи ишлар бўйича қўмита раиси Алисия Кернс ва қўмита аъзоси Нил Койл ҳам 19-май куни Бишкекда бир қатор расмийлар ва фаоллар билан учрашди. 6-июнда эса Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Лео Докерти Марказий Осиёга ташрифи доирасида Қирғизистонга расмий ташриф билан келди, сўнгра Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрди…

 Табиийки, янги савдо йўлларини очиш, янги логистика марказларини барпо этиш минтақа давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга. Темир йўл дунёда денгиз орқали амалга ошириладиган юк ташишдан кейинги ўринни эгаллаб турган стратегик аҳамиятга эга ва таннархи арзон йўналиш ҳисобланади. Аммо бу лойиҳа минтақа давлатлари ва халқига манфаатли бўлиши учун шу давлатларнинг ўзи томонидан барпо этилиши ва бирор мустамлакачи давлат темир йўл устидан молиявий ёки бошқа жиҳатдан таъсир ўтказишига йўл қўймасликлари зарур. Чунки, мустамлакачи давлатлар мусулмон ўлкалари, жумладан, бизнинг юртлар манфаатларига мустамлакачилик кўзи билан қарайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here