Саудия Арабистонининг нефть қазиб олишни кескин қисқартириши ортида нима бор?

105
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Саудия Арабистонининг нефть қазиб олишни кескин қисқартириши ортида нима бор?

Савол:

Нега Американинг малайи бўлган Саудия Арабистони АҚШ истагига зид равишда, нефть қазиб олишни нархлар кўтарилишига сабаб бўладиган даражада кескин қисқартириш учун «ОПEК+» ташкилотида Россия билан ҳамкорлик қилди? Бундан ғазабга келган АҚШ Саудия Арабистони билан муносабатларини қайта кўриб чиқишини билдирди. (Байден Саудия Арабистони нефть қазиб олишни қисқартиришда Россия тарафида тургани учун Вашингтон ва Риёз ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқишни ваъда қилиб, бунинг «оқибатлари»дан огоҳлантирди. Франс 24, 2022 йил 16 октябр). Саудия Арабистони ва унинг амалдаги ҳукмдори Ибн Салмоннинг Америка малайи экани ҳисобга олинса, бу ҳаракатларни қандай изоҳлаш ва бундан нимани кутиш мумкин?

Жавоб:

Аввало, шуни тан олиш керакки, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг Россия билан келишган ҳолда «ОПEК+» ташкилоти доирасида нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 2 миллион баррелга камайтиришга қарор қилиши Байден ва Европа учун зарба бўлди. Чунки бу давлатлар Россия энергия ресурсларидан воз кечиш ва уларга муҳтож бўлиб қолмаслик учун катта куч сарфламоқда. Шу боис, ресурслар тақчиллиги нархларга, айниқса Европада ортиқ даражада кўтарилиб кетган нархларга таъсир қилмаслиги учун улар жаҳон бозорларида Россия энергия ресурсидан бошқа энергия ресурсларини кўришга кўпроқ эҳтиёж сезишмоқда… Саудия Арабистонининг бу қадамдан кўзлаган мақсадини билиш учун ушбу қадам атрофидаги халқаро муҳит ҳақиқатини ўрганиб чиқиш лозим:

Биринчи: Европадаги энергия инқирози:

  • (Бир неча ой олдин Европа Иттифоқи Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари туфайли Россияга қарши келгуси декабр ойидан бошлаб Россиядан нефть импортини тақиқлашни ўз ичига олган олтинчи санкциялар пакетини тасдиқлади. Дарҳақиқат, Европа Иттифоқининг Россия хом нефтидан қиладиган импорти қисқариб, ўтган август ойида кунига 1,7 миллион баррелга тушиб кетган. Январ ойида бу миқдор кунига 2,6 миллион баррелни ташкил қилган… Индепендент арабий, 2022 йил 12 сентябр). Европанинг бу санкциялари Россия нефтининг денгиз орқали импорт қилинишини ўз ичига олади, баъзи қувурлар орқали қилинадиган нефть импортини ўз ичига олмайди. АҚШ Европага ёрдам бериш учун Европа Иттифоқи (олтинчи санкциялар пакетидан олдин) воз кечган Россия нефтининг ярмини аллақачон ўрнини тўлдирди.
  • Бошқа бир жиҳатдан қараганда, Европа тобора кучайиб бораётган энергия инқирозини бошдан кечирмоқда. Газ ва электр нархи икки баробарга кўтарилган. Бу ҳолат Украина урушидан олдин Европанинг Россия энергия таъминотига ҳаддан ташқари қарам бўлганлигининг натижасидир. Шу кунларда Европа ва Америка ўртасидаги табиий газ нархи тўрт баробарга фарқ қилаётган бўлса-да, бу нефтга тааллуқли масала эмас. Чунки жаҳон миқёсида нефтнинг нархи деярли бир хил. Газ нархи эса газ қувурлари ёки суюлтирилган газни қайта ишлаш заводларининг борлигига қараб фарқланади. Бошқача айтганда, Европанинг Россияга қарши 6-санкция пакети Европада 1,4 миллион баррел нефть танқислигига олиб келади. Бу жуда катта миқдор бўлиб, нефть нархининг яна кўтарилишига сабаб бўлиши кутилади. Агар бунга «ОПEК+» ташкилотининг нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 2 миллион баррелга камайтириш ҳақидаги қарорини илова қилинса, нархлар ҳаддан ташқари қимматлашади.

Иккинчи: Бу нарса Россияга қандай таъсир қилади?

  • Америка ва Европа давлатлари Россия иқтисодиётини қамал қилиб, уни пулдан маҳрум қилишга ҳаракат қилмоқда. Шу боис, Россиянинг нефть даромадларини камайтириш учун жаҳон бозорларига жуда кўп миқдорда нефть чиқишини исташяпти. Аммо «ОПEК+» ташкилотининг нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича қабул қилган сўнги қарори нефть танқислигига ва нархлар кўтарилишига, натижада Россиянинг молиявий фойда кўришига йўл очмоқда. Америка ва Европа давлатлари эса, буни хоҳламайдилар. Тўғри, Американинг узоқ муддатли мақсадлари бор. Унинг бу мақсади Европанинг Россия билан алоқаларини узишда, яъни энергия таъминоти занжирини ўзгартиришда гадаланади. Аммо Москвани молиявий жиҳатдан бўғиш ҳам АҚШнинг асосий мақсадларидан биридир. Шунинг учун ҳам Саудия Арабистони тарафидан АҚШнинг бу мақсадига қарши ҳаракатлар содир этилиши ғалати туюлади.
  • АҚШ ва Европа давлатлари мана шу мақсадлари доирасида Россия нефти ва гази учун энг юқори нарх чегарасини белгилаб қўйишни фаол муҳокама қилмоқда. Чунки санкциялар туфайли Россиянинг энергия ресурслари Европа бозоридан тўсиб қўйилиши ортидан Москванинг ўз нефти учун Ҳиндистон, Хитой ва бошқа Осиё давлатларида янги бозорлар очишга муваффақ бўлганига гувоҳ бўлдилар. Россия бу мамлакатларга нефтни арзон нархларда сотаётган бўлса-да, бироқ санкциялардан сўнг дунё бўйлаб нефть нархининг кўтарилиши унга ўртадаги фарқни қоплаш имконини берди. Бошқача айтганда, дунёда нефть нархининг ошиши туфайли нефть сотишдан Россия ғазнасига тушадиган даромад Украина урушидан олдинги даврга нисбатан ўзгармади. Шунинг учун Москванинг нефтдан оладиган даромадларини чеклаш мақсадида Россия нефти учун энг юқори нарх чегарасини белгилаб қўйиш ғояси пайдо бўлди. Лекин шу билан бирга, жаҳон бозорларида нефть етказиб бериш етарли даражада қолиши керак, токи нархлар бу мамлакатлар учун мақбул бўлсин. Россия нефтининг юқори нархини белгилаб қўйиш ҳали ҳам режалаштириш босқичида. Россия ўз нефти учун энг юқори нарх чегарасини белгилаб қўйган мамлакатларга нефть етказиб беришдан бош тортганида, бунинг глобал нархларга таъсир қилишини эътиборга олиб, Америка ва Европа давлатлари Россия нефти учун энг юқори нарх чегарасини белгилаб қўйишга журъат этишолмади.

Учинчи: АҚШ Конгрессига сайловлар:

  • 2022 йил 8 ноябрда АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар бўлиб ўтади. Собиқ президент Доналд Трампнинг партияси бўлган Республикачилар партияси ушбу сайловларда ғалаба қозониб, Конгресснинг ҳар икки палатаси – Вакиллар палатаси ва Сенат устидан назоратни қўлга киритишга умид қилмоқда. Бу сайловлар жуда муҳим. Чунки унинг натижалари ҳокимиятга қайтишни режалаштириб турган Республикачилар партияси учун 2024 йилги президентлик сайловларига йўлланма ҳисобланади. Америкада Демократик партия ва уни қўллаб-қувватловчи технология компаниялари билан Республикачилар партияси ва уни қўллаб-қувватловчи нефть компаниялари ўртасида кескин бўлиниш мавжуд экан, «ОПEК+» ташкилотининг нефть қазиб олишни сезиларли даражада қисқартириш қарори ушбу сайловларга таъсир кўрсатиши табиий. Бу масалада Саудия Арабистонининг «ОПEК+» ташкилотини қўллаб-қувватлаш қарори эса масаланинг асосий нуқтасидир.
  • Масаланинг моҳиятига келсак, Америка жуда оғир даврни бошдан кечирмоқда. Яъни Конгресс сайловларига бир ой қолганда: (5 октябр куни нефть экспорт қилувчи давлатлар алянси «ОПEК+» келгуси ноябр ойидан бошлаб кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 2 миллион баррелга камайтиришга қарор қилганини эълон қилди. Бу нефть нархининг 10 % кўтарилишига олиб келди. Сўнг бу ҳафта бироз пасайди. Анадолу агентлиги, 2022 йил 12 октябр). «ОПEК+» қарорининг ушбу муқаррар натижаси, яъни нефть нархининг ошиши Саудия Арабистонининг мазкур қарорни қўллаб-қувватлашдан кўзлаган асосий мақсади эди. Чунки Америкада ёқилғи нархлари америкалик сайловчилар учун жуда нозик масаладир. Нархларнинг кўтарилиши АҚШ сайловчиларининг кайфиятига таъсир қилиши ва уларни президент Байден ҳамда унинг демократик партиясидан юз ўгириб, Республикачилар партияси номзодларини сайлашга ундаши мумкин. Америка расмийларининг «ОПEК+» қарорини бир ойга, яъни Конгресс оралиқ сайловларидан кейинга кечиктириш учун Саудия Арабистони ва Форс кўрфази мамлакатлари билан алоқа ўрнатгани ҳам шундан далолат беради. («Уолл Стрит Жорнал» газетаси «ОПEК+» ташкилотининг нефть қазиб олишни қисқартириш қарорини бир ойга кечиктириш ҳақидаги АҚШ расмийларининг талабига Саудия Арабистони ижобий жавоб бермагани ҳақида хабар берди. Газетанинг музокаралардан хабардор манбаларга таяниб хабар қилишича, АҚШ расмийлари «ОПEК+» қароридан олдин, бешинчи октябр куни Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги нефть қазиб олувчи бошқа иттифоқчи давлатлар билан боғланиб, улардан бу масала бўйича қарорни атиги бир ойга кечиктириб туришни сўраган. Аммо бу давлатлар рад этишган. Вазиятдан хабардор шахсларнинг айтишича, АҚШ расмийлари мазкур режани кечиктиришга кўндириш учун Саудия Арабистонига кучли босим ўтказиш кампаниясини олиб бормоқда. Газетага кўра, Оқ уй расмийлари валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон билан бир неча бор сўзлашувлар олиб борган ва АҚШ молия вазири Жанет Йеллен эса Саудия Арабистони молия вазири билан гаплашган. Ҳурра, 2022 йил 11 октябр). Шундай қилиб, муҳокама қилинаётган нефть қазиб олишни қисқартириш қарори демократик партия ва Байден маъмурияти учун сайловлар олдидан жуда нозик масала эканлиги ва Байден маъмурияти қарорни кечиктиришга ҳаракат қилгани, аммо муваффақиятга эриша олмагани маълум бўлди.
  • Буларнинг барчасидан кўриниб турибдики, Саудия Арабистони «ОПEК+» ташкилотининг нефть қазиб олишни катта ҳажмга (кунига 2 млн. баррел) қисқартириш қарорини қатъий қўллаб-қувватлаши ортида Ғарбга қарши Россия ғазнасига молиявий ёрдам кўрсатиш ва Европадаги энергия инқирозини чуқурлаштириш режаси йўқ. Чунки у агар Вашингтондаги хўжайинлари талаб қилмаса, Европага қарши туришга ожизлик қилади. Шунингдек, Саудия Арабистони Америкадаги хўжайинлари билан биргаликда Трампнинг партияси бўлган Республикачилар партиясининг овозларини оширишни режалаштираётгани ҳам аниқ. Бу воқеалар Америкада сиёсий ҳаётнинг бўлиниши таъсирида ёмонлашганидан далолат беради. Шу даражага етдики, бир партия бошқа бир партиянинг – гарчи у мамлакатни бошқараётган бўлса ҳам – манфаатларига зарба бериш учун хорижий давлатлар билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр!
  • Байден маъмурияти Саудия Арабистони ва унинг қарорига нисбатан ғазабини ошкор қилди. (Сешанба куни кечқурун Байден Си-Эн-Эн телеканалига берган интервюсида: «Уларнинг (саудияликларнинг) Россия билан қилган ишлари баъзи «оқибатлар»га олиб келади» деди, ва «Мен нимани баҳолаётганим ва хаёлимда нима борлиги ҳақида тафсилотларга киришмайман. Лекин оқибатлари бўлади», дея қўшимча қилди. Президент Байден Саудия Арабистони билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш вақти келганлигига ишора қилди. Анадолу агентлиги, 2022 йил 12 октябр). Шунингдек, (Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер ҳам сешанба куни берган баёнотида, Президент Жо Байден маъмурияти бошиданоқ Саудия Арабистони билан бошқача муносабатларга эҳтиёж борлиги ҳақида очиқ айтиб келганлигини билдирди. Матбуот котиби Вашингтон билан Риёз ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқилаётгани ва Конгресс билан маслаҳатлашувлар асосида келгуси ҳафталарда нима бўлишини кузатиб боришини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, «ОПEК+» қарори Саудия Арабистонининг энергетика сиёсатида Россия билан иттифоқчи эканлигини кўрсатади. Ал-Жазира, 2022 йил 12 октябр).

Тўртинчи: бундан нимани кутиш мумкинлигига келсак, у қуйидаги шаклда намоён бўлади:

  • «ОПEК+» ташкилотининг нефть қазиб олишни кунига 2 миллион баррелга камайтириш қарори нефть таъминотига катта таъсир кўрсатиши табиий. Ҳатто бу қарордан олдин Байден маъмурияти АҚШда ёқилғи нархининг ошишига қарши чора сифатида ва Конгресс сайловларида зарар кўрмаслик учун АҚШ стратегик нефть захирасидан 6 ой давомида кунига 1 миллион баррел нефть чиқаришга қарор қилган эди. (АҚШ президенти Жо Байден АҚШ заҳираларидан бозорга мисли кўрилмаган даражада нефт чиқарилишини эълон қилди. Шунингдек, Байден давлат ерларини ижарага олган, лекин нефть ва газ қазиб чиқаришни кўпайтирмаган ширкатларга жазо қўлланишини билдирди. «Иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан маслаҳатлашганидан сўнг, президент нефть захираларидан бозорга тарихда энг йирик миқдорда чиқарилишини билдирди. Келгуси олти ой давомида бозорга ҳар куни қўшимча бир миллион баррел нефть чиқарилади» дейилади Оқ уй баёнотида. Си-Эн-Эн арабий, 2022 йил 31 март).
  • Буларнинг барчасидан Байденнинг нефть ишлаб чиқаришни кўпайтириш талаблари Саудия Арабистони томонидан рад этилган бир пайтда АҚШ президенти Конгресс сайловлари олдидан маҳаллий ёқилғи бозорларини қандай тинчлантиришга ҳаракат қилаётгани маълум бўлади. Саудия Арабистони Конгресс сайловларига атиги бир ой қолганда «ОПEК+» ташкилотининг нефть қазиб олишни сезиларли даражада камайтириш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлади. Ҳатто Саудия бундан бошқа кўп ишларни ҳам қилди, Россиядан импорт қилинадиган нефть миқдорини икки бараварга оширди. «Рефинитив Эйкон» кема кузатуви компаниясининг маълумотларига қараганда, (Саудия Арабистони жорий йилнинг апрел-июн ойлари орасида Россия ва Эстония портлари орқали Россиядан 647 минг тонна (кунига қарийб 48 минг баррел) нефть импорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган 2021 йилнинг шу даврида импорт қилинган нефтдан икки баравар кўпдир. Ҳурра, 2022 йил 15 июл). Бу – Саудия Арабистони Республикачилар партияси ва АҚШ нефть компаниялари билан ҳамкорликда президент Байденнинг Россия ва жаҳон нефть нархига нисбатан тутган сиёсатига қарши курашиш мақсадида амалга ошираётган йирик фитнадан далолат беради.

Агар буларнинг барчасига собиқ Трамп маъмуриятидаги Жаред Кушнер каби нуфузли шахсларнинг Саудия Арабистони билан алоқаларини илова қиладиган бўлсак, Саудия Арабистони ўз нефть сиёсатини Республикачилар партияси билан, айниқса, собиқ президент Трамп жамоаси билан ва Республикачилар партиясига содиқ Америка нефть компаниялари билан уйғун шаклда олиб бораётгани аён бўлади. Бу компаниялар Саудия Арабистони нефть саноатида чуқур илдиз отган.

  • Шубҳа йўқки, яқин кунларда Саудиянинг бу сиёсати Байден маъмуриятининг босимига дучор бўлади. Зотан Байден «ОПEК+» ташкилотининг нефть ишлаб чиқаришни сезиларли даражада қисқартириш қароридан сўнг Саудия Арабистони билан муносабатларини қайта кўриб чиқиш жараёнида эканини билдирди. Ҳатто Байден маъмуриятининг расмийлари аллақачон Саудия Арабистони ва Россия ўртасини боғлашга ўтдилар: (АҚШ президенти Байден «ОПEК+» ташкилотининг нефть қазиб олишни қисқартириш қарори сабабли Саудия Арабистони учун бунинг «оқибатлари» бўлишини айтиб, Саудия Арабистони билан муносабатларни «қайта кўриб чиқиш» вақти келганини таъкидлади. Айни пайтда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши сўзловчиси Жон Кирби президент Байден АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни «қайта кўриб чиқиш» ҳақида фармон берганини маълум қилди. Ҳурра, 2022 йил 12 октябр). Демократик партия сенатори ва ташқи алоқалар қўмитаси раиси Боб Менендес (Саудияни «Россиянинг Украинага шафқатсизларча бостириб киришини фаол қўллаб-қувватлашда» айблади. Иллинойс штати сенатори Ричард Дурбин сешанба куни эрталаб «Саудия Арабистони Россиянинг Украинадаги урушда ғалаба қозонишини исташи аниқ», деди. Дурбин Си-Эн-Эн телеканалига берган интервюсида, «Очиғини айтайлик, Путин ва Саудия Арабистони АҚШга қарши», деди ва Саудия Арабистони ишончли иттифоқчи эмаслигини таъкидлади. Ҳурра, 2022 йил 12 октябр). Шубҳасизки, Саудия Арабистонининг бу ҳаракатлари Россия манфаатига мос эмас. Чунки у 2020 йил Трамп маъмурияти даврида Россияни нефть қазиб олишни қисқартиришга мажбурлаш учун Москва манфаатларига қаттиқ зарба бергани маълум. (Бу ҳақда 2020 йил 29 апрелда нашр қилинган «Нефть кризиси ва унинг оқибатлари» номли савол-жавобда батафсил айтилган). Шунинг учун Саудия Арабистони Америкага қарши Россияни қўллаб-қувватлаяпти, деб ўйлаш хом хаёлдан бошқа нарса эмас. Американинг малайи бўлган Саудиянинг раҳбарлари бундай ишга қўл уришга журъат қилолмайди.

Бешинчи: Саудия Арабистонининг ҳозирги нефть сиёсатининг ҳақиқати мана шу. Бу сиёсат Байден маъмурияти истакларига аниқ зид бўлса-да, Республикачилар партияси ва уни қўллаб-қувватлаётган Америка нефть компаниялари истакларига мос келади. Бир жиҳатдан, АҚШ нефть компаниялари ўз манфаатлари учун нархларни кўтармоқчи бўлса, иккинчи муҳимроқ жиҳатдан Республикачилар партияси Конгресснинг ҳар икки палатасини назорат остига олиш умидида, яқинлашиб келаётган Конгресс оралиқ сайловларида президент Байденнинг Демократик тарафдорларини сиқиб чиқаришга интилмоқда. Бу эса, ўзларининг 2024 йилги президентликка қайтишини осонлаштиради.

Агар Саудия Арабистони ва нефтга бой Форс кўрфази давлатлари нефть сотиш ва нарх белгилаш жиҳатидан назоратни қўлга олишни истаса, ўзларининг ва халқининг манфаати учун буни қилишлари мумкин эди. Бироқ бундай фикрлар бу малай ҳукмдорларнинг хаёлига ҳам келмайди. Чунки улар жосуслик ва ажнабийларга бўйсуниш ҳамда Ислом ва мусулмонларга душманлик қилишни ўзларига касб қилиб олишган. Яқинда Аллоҳнинг изни билан барпо бўлажак Халифалик давлатигина мусулмонларнинг нефтини душманлар қўлидаги қурол эмас, балки мусулмонлар қўлидаги қуролга айлантиради.

﴿وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишиларга нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир»                             [Рум 4-5]

 

                                                                                                       21 робиулаввал 1444ҳ

                                                                                                               17 октябр 2022м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here