Садир Жапаров Евроосиё иқтисодий кенгашида иштирок этади

1656
0

Садир Жапаров Евроосиё иқтисодий кенгашида иштирок этади

 Хабар: Қирғизистон президенти Садир Жапаров 24-25-май кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган II Евроосиё иқтисодий форуми ва Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиев маълум қилди.

 Унинг сўзларига кўра, Жапаров 24-май куни ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари билан бирга Евроосиё иқтисодий форумининг “Кўп қутбли дунёда евроосий интеграцияси” деб номланган ялпи мажлисида иштирок этади.

 Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари 25-май куни учрашади.

 “ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, иттифоқ фаолиятини тартибга солишга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган”, – деди Муратбек Азимбакиев.

 Изоҳ: Россия бошчилигида ташкил этилган ЕОИИ доирасида турли даражада – давлат раҳбарлари, Олий иқтисодий кенгаш ёки бош вазирлар даражасида бўлишидан қатъий назар – учрашув ва йиғилишлар ўтказиб келинаётган бўлсада, бу йиғилиш ва учрашувлардан бирор натижа кутиш керак эмас. Гарчи, ЕОИИнинг асосий тамойили “тўрт эркинлик” – товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишдан иборат бўлишига қарамай, бу эркинликлар асосан Россиянинг хоҳиш иродасига боғлиқ бўлиб, ҳатто, керак вақтда ташкилотга аъзо давлатларга босим ўтказиш қуролига айланиб қолди. “Мустақил” республикалар раҳбарлари томонидан Путинга ёқмайдиган бирор сўз ёки ҳаракат содир этилшса, рус ҳукумати дарҳол ўз қўлидаги ричагларни ишга солиб, уларга босим ўтказишни бошлайди. Масалан, яқинда Қирғизистонда яна бир бор кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш масаласи кўтарилиши ортидан Росселхознадзор 20-апрел куни “ветеринария назоратида, хайвонлар касалликларининг эпизотик мониторинги ва лаборатория ишларида камчиликлар мавжудлиги” баҳонаси билан Қирғизистонда етиштирилган сут маҳсулотларини Россияга олиб киришни тақиқлади. Кейинчалик бундай чеклов балиқ маҳсулотларига ҳам жорий этилди. Садир Жапаров 21-апрел куни Давлат тили ва тил сиёсати миллий комиссияси раиси Қанибек Осмоналиев билан учрашувда депутатларнинг таклифини танқид қилиб, уни тил сиёсати, жумладан, қирғиз тилини лотин тилига ўтказиш бўйича гаплардан тийилишга чақирганидан сўнг бу маҳсулотлар Россияга олиб кирилишига рухсат берилди…  

 ЕОИИдаги қонун ва меъёрлар, одатдагидек, Россия томонидан қўйилиб, иттифоқдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Гарчи ҳозирча Россия ҳарбий қувватига таяниб ва турли ваҳималарни бўрттириб кўрсатиш орқали бошқа аъзоларга деярли таҳдид билан иттифоқни сақлаб турган бўлсада, Россиянинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ҳолдан тойиб бориши бу иттифоқ келажагини савол остида қолдиради.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here