Қирғизистон Халқаро тараққиёт ассоцисиясидан 30 миллион доллар қарз олади

1137
0

Қирғизистон Халқаро тараққиёт ассоцисиясидан 30 миллион доллар қарз олади

 Хабар: 30-январ куни Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш учун 30 миллион долларлик қарз битимини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

 Меҳнат, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва миграция вазири Кудайберган Базарбаев мазкур келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳақида депутатларга маълумот берди.

 “10 минг оилага 100 минг сомдан берилади. 3 минг нафар фуқароимиз янги касбга ўргатилиб, ўратилиб, уларга ярим йил давомида иш ҳақи тўлаймиз. Ҳаммаси бўлиб 23 минг киши иш билан таъминланади”, – деди Базарбаев.

 Битимга кўра, Қирғизистон Халқаро тараққиёт ассоциациясидан 30 миллион доллар қарз олади.

 Энди қонун лойиҳаси парламентнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.

 Изоҳ: Президент бўлгунига қадар “бир йилда мамлакат иқтисодини оёққа турғизаман, беш йилда Қирғизистонни қарз олувчи давлатдан қарз берувчи давлатга айлантираман” деб ваъда берган Жапаровнинг президентлик лавозимини эгаллаганига ҳам икки йилдан ошди. Аммо ўтган вақт мобайнида Жапаровнинг бошқа ваъдалари каби бу ваъдасини ҳам амалга бажаргани йўқ. Жапаров “агар Қумтор олтин кони қирғиз бошқарувига ўтса, Қирғизистон халқаро молиявий ташкилотлардан қарз олишига ҳожат қолмаслиги”га ҳақида лоф урди. Аммо, “Қумтор” миллийлаштирилиб, ташқи бошқарув жорий этилган бўлишига қарамай Қирғизистон хорижий ташкилотлардан қарз олишни тўхтатгани йўқ. Жапаров ҳокимиятга келган 2020-йили Қирғизистоннинг давлат қарзи 4 миллиард 81 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2022-йил охирига келиб 5 миллиард 218 миллион доллардан ошиб кетди. Ўтган йилнинг ўзида қирғиз ҳукумати бюджетни қўллаб-қувватлаш, энергетика тармоғини “ривожлантириш” баҳоналари билан 250 миллион долларга яқин қарз олди. Бундан ташқари, ўтган йилнинг 5-октябр куни Бишкекда бўлиб ўтган иқтисодий форумда Жаҳон банкининг операциялар бўйича бошқарувчи директори Аксел ван Тротсенбург келгуси беш йилда Жаҳон банки Қирғизистонга 600 миллион доллар миқдорида қарз беришини маълум қилди.

 Қарз олиб, ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақини ошириш, қарз олиб, пенсия ва нафақаларни кўтариш, қарз олиб, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш… Жапаров Қирғизистонни қарздан халос қлиш ўрнига аксинча, қарз ботқоғига чуқурроқ ботириб бормоқда. Бюджет миллиардлаб пул келади деб қиморхоналар очишга рухсат берди, бюджетга кирим бўлади деб тадбиркорларни мажбурлаб касса апаратлари ўрнатяпти, бюджет киримлари ошиши иддаоси билан автомобилларни мажбурий суғурта қилдириш қонунини жорий этди. Аммо, бу солиқлар билан бюджет тўлмаслиги, давлат қарздан қутулиб, ривожланиб кетмаслиги аниқ. Чунки тараққиёт омили четдан қарз олиш ва янгидан янги солиқлар жорий этишда эмас, балки оғир саноат ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан иборат. Аммо, халқаро молия ташкилотлари бу соҳаларга қарз ажатмайди. Чунки бу қарзлар тез муддатда ўзини оқлаб, давлатни оёққа туриб олишига имкон яратади. Шу сабабли ҳам капиталистик давлатларнинг мустамлакачилик қуроли бўлган молиявий ташкилотлар бюджетни қўллаб-қувватлаш, спорт, маданият, ободонлаштириш ва бошқа қанча маблағ сарфласанг ҳам ўрни қайта тикланмайдиган соҳаларгагина қарз ажратади ва бу орқали учинчи дунё давлатлари зиммасига адо этиб бўлмас қарз юкини юклаб қўяди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here