Тўғри минҳож асосида фаолият қилаётган заифҳолларга аталган мукофот

1005
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Тўғри минҳож асосида фаолият қилаётган заифҳолларга аталган мукофот

Шайх Исом Амира

Аллоҳ Таоло айтади:

﴿وَنُرِيدُ أَنْ نَمُنَّ عَلَى الَّذِينَ اسْتُضْعِفُوا فِي الْأَرْضِ وَنَجْعَلَهُمْ أَئِمَّةً وَنَجْعَلَهُمُ الْوَارِثِينَ * وَنُمَكِّنَ لَهُمْ فِي الْأَرْضِ وَنُرِي فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَجُنُودَهُمَا مِنْهُمْ مَا كَانُوا يَحْذَرُونَ﴾

«Биз у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз. Яна уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (Бану Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани (яъни мулку-давлатлари қўлларидан кетиб, ҳукму-салтанат Бану Исроил қавмининг қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз)»                                                                                                            [Қасос 5-6]

Яна бундай деди:

﴿وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُم فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْنًا يَعْبُدُونَنِي لَا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئًا وَمَن كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ﴾

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган зотларни (ер юзига) халифа қилганидек уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар фосиқлардир»                                                                                                [Нур 55]

Жуда кўплаб тафсир уламолари ушбу оятларга тушунмовчиликка умуман ўрин қолдирмайдиган тарзда изоҳ берганлар. Ушбу изоҳда шаръий ўзгартириш тариқатига мувофиқ фаолият қилаётган заифҳол мўминларнинг тақдири албатта Халифалик, ғолиблик ва хавфсизликдан иборатлигини айтганлар. Заифҳолларни камситиб, масхаралаган ва қувғин қилган мутакаббирларнинг тақдири ҳалокат бўлиши ва мамлакатлари вайрон этилишини, албатта заифҳоллар қўлида хорлик ва расволик билан тамомланишини, бу Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг ваъдаси ва амри ҳамда заифҳоллар билан мутакаббирларга қўйган ўзгармас қонуни эканини… ҳаммасини баён қилганлар.

Тепадаги оят ҳақида муфассирлар тафсиридан қисқача келтирамиз:

  • Тафсири муяссар: «Фиръавн томонидан ўша ерда заифҳол этилган зотларга Биз фазл-марҳамат этишни, эзгулик етакчилари ва даъватчилари қилишга ҳамда Фиръавн ҳалок бўлганидан кейин ер юзининг ворисларига айлантиришни истаймиз».
  • Тафсири Саъдий: «Улардан заифликни кетказамиз, уларга қарши курашганларни ҳалок этиб, қарши чиққанларни хор қиламиз. ﴿وَنَجْعَلَهُمْ أَئِمَّةً﴾ «уларни пешво зотларга айлантириш» динда бўлса, ﴿وَنَجْعَلَهُمُ الْوَارِثِينَ﴾ «ворислар қилиш» ер юзидадир, бу зотлар оқибатларини охиратдан олдин бу дунёдаёқ кўрадилар».
  • Васити Тантовий: «Кейин Ҳақ Субҳанаҳу истак ва ҳикмати тақозо этган ишларни, яъни золим қавмга қилган таҳдидини – улар ҳар қанча эҳтиёт бўлишмасин, сақланишмасин – албатта амалга оширишини ҳамда мазлумларни барча оғир зулмларни бошдан кечирганларидан сўнг қутқаришини баён қилди».
  • Тафсири Бағавий: «﴿وَنَجْعَلَهُمْ أَئِمَّةً﴾ «уларни пешво зотларга айлантирамиз» бу эргашиладиган эзгулик етакчиларига айлантириш, демакдир. Қатода волийлар ва подшоҳларга айлантириш, деган».
  • Тафсири Ибн Касир: «Аллоҳ Таоло буни заифҳоллар қўли билан қилди. Аллоҳнинг ҳукми ва қалами Фиръавннинг ҳалокатга учраши Мусонинг қўли билан бўлишини битиб қўйган. Ҳатто (эй Фиръавн) сен пайдо бўлишидан қўрқиб, у сабабли минглаб ота-оналарни қирғин қилганинг ўша бола сенинг тўшагингда ўсиб-улғайди, сенинг озиқ-овқатингдан еди, сен уни эркалатиб, тарбия қилдинг, аммо сенинг ўлиминг, ҳалокатинг ва аскарларинг ҳалокати шу боланинг қўли билан бўлди… Буни, Парвардигорнинг ҳар ишга қодир, ҳар ишда ғолиб эканини, куч-қудрати чексизлигини, У нимани истаса, бўлишини, нимани истамаса, бўлмаслигини билиб қўйишинг учун қилди».
  • Тафсири Қуртубий: «Яъни биз уларга фазлимиз ва инъомимизни қилиб, пешво зотларга айлантирамиз. Ибн Аббос – Эзгулик етакчилари, волий ва подшоҳлар, деди. Мужоҳид эса – эзгуликка чақирувчилар, деди».
  • Тафсири Табарий: «Ушбу каломнинг маъноси шуки, маълумки, Фиръавн ер юзида туғёнга тушиб, Бану Исроил дохил ер аҳлидан бир тоифасини парчалаб, заифҳол қилган. Шунинг учун Аллоҳ Таоло Биз Фиръавн заифҳол қилган Бану Исроилга марҳамат қилишни, ва уларни пешво зотларга айлантиришни истаймиз, демоқда».
  • Тафсир ибн Ошур: «Марҳамат қилишни тўрт нарсага хослади: уларни пешволарга айлантириш, ворисларга айлантириш, ер юзида ғолибларга айлантириш ва уларнинг қўли билан Фиръавн подшоҳлигини йўқ қилиш».

Иккинчи оят ҳақида муфассирлар тафсиридан қисқача келтирамиз:

  • Тафсири муяссар: «Аллоҳ имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга, худди улардан олдинги Аллоҳ ва росулларига имон келтирганларни қилгани каби, мушриклар ерини ворислари ва у ернинг халифалари қилишни ваъда қилди. Ҳамда қачон улар Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиб, итоат қилишдан бурилмай, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасалар, уларга Ислом динини дин қилиб беришни ва хавф-хатарли ҳолларини хавфсиз тинч ҳолатга ўзгартиришни ҳам ваъда қилди».
  • Тафсири Саъдий: «Бу Аллоҳнинг самимий ваъдаларидан бири бўлиб, унинг талқинига ҳам, хабарига ҳам гувоҳлик мавжуд. Ушбу Умматдан кимда-ким имон келтирса ва солиҳ амал қилса Аллоҳ уларни ер юзига халифа қилишни ваъда қилди. Яъни ушбу ваъда бўйича, улар ер юзининг халифалари бўлиб, ернинг ишларини бошқарадилар. Аллоҳ уларга ўзи рози бўлган динни-Исломини ғолиб қилади, уларнинг хатарли аҳволларини тинч ҳолатга алмаштиради».
  • Васити Тантовий: «Бу оятнинг оқими Аллоҳнинг ростгўй мўминларга ҳеч хилоф қилмайдиган ваъдасидан иборатдир».
  • Ибн Касир: «Бу Аллоҳ Таолодан Росули ﷺга сизнинг Умматингизни ер юзига халифа қиламан, деган ваъдасидир. Яъни улар одамларга имом-пешво ва волийлар бўлиб, улар билан юртлар тузалади-обод бўлади ва уларга бутун инсонлар тиз чўкиб-итоат қиладилар».
  • Тафсири Бағавий: «Яъни Аллоҳ уларни арабу ажам дохил кофирлар ерига ворис қилишни, уларни ер юзининг подшоҳлари, сиёсатчилари ва аҳолисига айлантиришни ваъда қилди. Ваъда қилиб ваъдасини бажарди, динини ғолиб қилди, авлиё-дўстларига нусрат берди ва уларни хавфдан кейин хавфсизлик ва кенгликка алмаштирди».
  • Тафсири Ибн Касир: Бу Аллоҳ Таолодан Росули ﷺга сизнинг Умматингизни ер юзига халифа қиламан, деган ваъдасидир. Яъни улар одамларга имом-пешво ва волийлар бўлиб, улар билан юртлар тузалади-обод бўлади ва уларга бутун инсонлар тиз чўкиб-итоат қиладилар, одамлар хавфли ҳолатдан хавфсиз ва ҳукмронлик ҳолатга кўчириладилар».
  • Тафсири Қуртубий: «Ибн Арабий айтади: биз уларга айтдикки, бу Аллоҳнинг Пайғамбарликни, Халифаликни бериш ҳамда динни ва умуман шариатни барпо қилиш тўғрисида берган ваъдасидир. Аллоҳ улардан ҳар бирини Ўзининг қадари билан ва ҳар бирининг ҳолатига қараб ваъдасини бажарди. Сўнг Ибн Арабий каломи охирида деди: Ҳақиқатда улар мазлум-мағлуб эдилар, сўнг ғолибга айландилар, қидирувда эдилар, сўнг қидирувчиларга айландилар. Бас, бу хавфсизлик ва азизликнинг чўққисидир».
  • Тафсири Табарий: «Бу уларни арабу ажам дохил мушриклар ерига ворис қилиш ҳамда ер юзининг подшоҳлари ва сиёсатчиларига айлантириш учундир».

Бироқ, ушбу қонун ҳар бир заифҳол кишига жорий бўлмайди. Балки заифҳол киши имон келтирган ва тўғри минҳож бўйича ўзгариш учун амал қилаётган киши бўлиши шарт. Тўғри минҳож Аллоҳ Азза ва Жалланинг ўз Росули ﷺга Маккадалиги пайтида қилган ваҳийси бўлиб, унда Қурайш тоғутларига, уларнинг ботил ақидаларига, залолатли ибодатларига ва хато муомала-муносабатларига қарши курашишни ваҳий қилди. Бу ваҳини ул зотга ва ул зот билан уюшма сифатида бирга юрган мусулмонларга қатор буйруқ ва тақиқлар доирасида юборди. Зеро, ушбу буйруқ ва тақиқлар даъват амалининг калитларидан бўлиб, у «إقرأ» «ўқинг» калимасидан бошланиб, «أنْذِرْ» «огоҳ этинг», «قُمْ» «туринг», «أعْرِضْ» «юз ўгиринг», «اخْفِضْ» «тавозе қилинг», «تَوَلَّ» «бош тортинг», «طَهِّرْ» «покланг», «اهْجُرْ» «тарк қилинг» ва бошқа калималаргача давом этди ва охири Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиш буйруғига етиб келди… У ерда даъват нусрат-ёрдам билан мустаҳкам боғланиб, биринчи Ислом давлати барпо бўлди… Ана шунда мусулмонлар халифа қилиш, ғолиб қилиш, хавфсиз қилишдек ваъда қилинган мукофотга ноил бўлдилар. Бу ўзгармас қонун бўлиб, улардан кейин ҳам минҳож бўйича амал қилган ҳар бир заифҳол мўминга ато этилди, бундан кейин ҳам – Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинган жобир-золим подшоҳликдан кейин Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик келиши тўғрисидаги ҳадисда келгани каби – албатта бу мукофотга ноил бўлинади.

Биз ҳам бугунги кунда Аллоҳнинг изни ила ушбу минҳож асосида ҳаракат қилиб, кофирлар ва уларнинг ёрдамчилари озорларига сабр қилиб, Аллоҳ ва Росулининг ваъдасини кутиб турибмиз. Токи, ҳукм қилувларнинг устаси бўлмиш Аллоҳ биз билан кофирлар ва уларнинг ёрдамчилари орасида ҳукм қилиб берсин ҳамда ушбу даъватга худди хазражликлардек куч-қудрат аҳлини чиқариб бериб, бу билан даъватимиз гўё учинчи Ақаба байъатида бўлгани каби қудрат аҳли билан мустаҳкамланиб, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик барпо бўлсин. Эй оламлар Парвардигори, ушбу кунни яқин қил, бизни ўша куннинг шоҳид ва аскарларидан айла.

Роя газетасининг 2022 йил 14 декабр чоршанба кунги 421-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here