Садир Жапаров Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммитида иштирок этди

1197
0

Садир Жапаров Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммитида иштирок этди

 Хабар: Президент Садир Жапаров 26-декабр куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташриф билан жўнаб кетди.

 Перезидент матбуот хизмати котиби Эрбол Султанбевнинг хабар қилишича, Садир Жапаров Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этади.

 Саммитда Қирғизистон, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон президентлари ва Арманистон бош вазири иштирок этади.

 Саммитда ҳамдўстлик мамлакатлари етакчилари жорий йилнинг асосий якунларини сарҳисоб қилишлари кўзда тутилган.

 Бундан ташқари, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашиш ҳам режалаштирилган.

 Изоҳ: Украинада олиб бораётган босқинчилик уруши ортидан дунё ҳамжамиятида яккаланиб қолган Россия ва борган сари сиёсий нуфузини йўқотиб бораётган Путин Марказий Осиё республикаларини имкон қадар чангалида ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун Путин бир томондан бирин-кетин Россия етовида бўлган турли ташкилотлар саммитини ўтказиб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 14-октябр куни Остонада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммити бўлиб ўтган бўлса, 23 ноябрда Ереванда КХШТ саммити ташкил этилди. 10-декабрда эса Бишкекда ЕОИИ олий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Бугун Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувини ташкиллаштирди.

 Бошқа томондан, расмий Москва, одатдагидек, кучга суяниб ўзидан масофаланишга ҳаракат қилаётган Марказий Осиё давлатларига таҳдид қилмоқда. Куни кеча Россия Ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиё давлатлари ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг узилишига “ҳатто бир ишора” ҳам уларнинг иқтисодиётига жиддий зарар келтиришидан огоҳлантириб келмоқда.

 Россия ТИВ учинчи департаменти директори Александр Стерник Марказий Осиё давлатлари аксилроссия санкцияларига амал қилса, Москва қандай реакция билдириши ҳақидаги саволга жавобан бундай деди:

 “Биз барча “ўйинчилар” ҳаракатларини биринчи навбатда Россия манфаатларига зарар етказиш ёки етказмаслик нуқтаи назаридан баҳолаймиз. Ва биз бундан тегишли хулосалар чиқарамиз, жумладан, Россия Федерацияси билан кўп қиррали алоқаларни йўқотмасликдан ҳаётий манфаатдор шериклар билан биргаликда. Алоқаларнинг қисқаришига “ҳатто ишора” ҳам шундай иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинки, “хўжайинлар” томонидан ваъда қилинган ҳар қандай “мукофот” уларни қоплай олмайди”.

 Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин 28 ноябр куни Ўзбекистонга сафари вақтида Ўзбекистон АҚШ билан ҳамкорликнинг “эҳтимолий оқибатларига баҳо бериш”да Европанинг Америка билан ҳамкорлиги “натижалари”дан сабоқ чиқариши кераклигига урғу берган эди.

 Унинг фикрича, АҚШ билан қалин муносабатлар Европани иқтисодий муаммоларга етаклаган. Америка Европани Россияга қарши санкциялар урушига судраб кириб, Европа ва Россия ҳамкорлигидаги лойиҳаларни барбод қилган. “Арзон энергиядан фойдаланиш имконини берадиган айни шу дастурларимиз Германия, Франция ва бошқа давлатларда саноат ривожланишининг асоси эди”, – деган эди у.

 Ўз навбатида, Россиянинг сиёсий ва ҳарбий заифлашувидан унимли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётган Ғарб давлатлари ҳам “бўзчининг моккисидек” минтақа давлатларига серқатнов бўлиб қолишди. Масалан, октябр ойида Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел, ноябр ойида эса Европа Иттифоқи ташқи сиёсати раҳбари Жосеп Боррел Марказий Осиёга ташриф буюрди.

 Ушбу ташриф давомида Жосеп Боррел: “Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз каби биз ҳам стратегик автономияни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрдик. Ким билан ва қандай алоқа ўрнатишни эркин ҳал қилиш учун. Алоқаларнинг борлиги яхши, лекин ўта боғлиқлик ва танлов имконининг йўқлиги қимматга тушади. Биз буни Европада энергетика хавфсизлиги мисолида кўрдик. Биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимизни қайсидир битта халқаро ҳамкорга боғланиб қолишни рад қилишини ҳурмат қиламиз ва қўллаймиз. Биз Марказий Осиёдаги дўстларимизнинг танлов эркинлигини қўллаймиз ҳамда танловлар истисноли бўлмаслиги кераклигини тасдиқлаймиз”, – деган ва Марказий Осиё давлатларини имкон қадар Россия билан узоқлашини қўллаб-қувватлаган эди. Бундан ташқари, Мирзиёев ҳам, Тўқаев ҳам ноябр ойида расмий ташриф билан Францияга борди ва президент Эммануэл Макрон билан учрашиб қайтди…

 Аммо, минтақа давлатлари бир мустамлакачидан қутулиш учун бошқаси билан алоқаларини яхшилаш йўлидан бормоқда. Маълумки, бу мустамлакачи давлатларнинг барчаси ягона асос – бошқа давлатларни мустамлака қилиш, бойликларини талон-тарож, халқларидан арзон ишчи кучи сафатида фойдаланиш асосига қурилган. Бу давлатларнинг ҳеч бири “учинчи олам” давлатлари, хусусан, исломий юрт ва мусулмонларга яхшилик ва фаровонлик олиб келишда ёрдам қўлини чўзмайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here