Путин Эрдўғанни Самарқанддаги ШҲТ саммитига таклиф қилди

306
0

Путин Эрдўғанни Самарқанддаги ШҲТ саммитига таклиф қилди

 Хабар: Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған россиялик ҳамкасби Владимир Путин уни сентябрда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига таклиф қилганини айтди.

 “Сентябрда “”Шанхай бешлиги” Ўзбекистонда йиғилади. Сочидаги учрашувимиз чоғида жаноб Путин имконият бўлса йиғилишга боришимизни сўради. Биз дедик: келинг, “Шанҳай бешлиги”га аъзо, кузатувчи ёки мулоқот бўйича ҳамкор сифатидаги иштирокчилар билан бирга бўламиз. Масалан, Хитой келади, нариги тарафдан Саудия Арабистони, Қатар келади. Биз у ерда бўлишга ҳаракат қиламиз. Агар бирор кутилмаган воқеа содир бўлмаса, мен ҳам ўша ерда бўлишга умид қиламан”, – деди Эрдўған.

 5 август куни Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Сочида музокара ўтказди.

 ШҲТ саммити 15-16 сентябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтади.

ШҲТга Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Покистон, Россия, Хитой ва Ҳиндистон иштирок этади. Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи мамлакатлар, Озарбойжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳамкор мамлакатлар ҳисобланади. Жорий йилда Беларус ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш учун ариза берди.

 Изоҳ: Россия Украинада босқинчилик урушини бошлаши ортидан АҚШ бошчилигидаги Ғарб, шу жумладан, НАТОга аъзо давлатлар Россияга нисбатан сиёсий ва иқтисодий санкциялар қўллай бошлашди. Бироқ, Туркия гарчи Россия босқинини қоралаган бўлишига қарамай бу санкцияларнинг бирортасига қўшилмади. Аксинча, ўзи ҳам аъзо бўлган НАТО ҳаракатларини танқид қилиб, уруш бошиданоқ Москва ва Киев ўртасида тинчлик музокаларини ташкил этишда асосий воситачи бўлишга ҳар томонлама ҳаракат қилиб келмоқда.

 Маълумки, Туркия ташқи сиёсатида АҚШ манфаатларини ҳимоя қилиш асосида ҳаракат олиб боради. Туркиянинг Россияга қарши санкциялар карвонига қўшилмаслиги, икки давлат ўртасида воситачи ролини ўйнаши ҳам АҚШ кўрсатмалари асосида олиб борилаётгани аниқ. Европа давлатлари ўз хавфсизликларини ўйлаган ҳолда истаса-истамаса Россияга қарши санкцияларга қўшилишга мажбур бўлишди ва Украинани қуроллантириш йўлида ҳаракат қилишмоқда. Британия, Франция, Гемания бу карвонда етакчилик қилишмоқда. Шу ўринда Россия билан музокаралар учун майдонча қолдириш зарур эди ва бу вазифа Эрдўған зиммасига юклатилди.

 “The Washington Post” нашрининг ёзишича, 5-август куни Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Путин ва Эрдўған ўртасидаги учрашувда Путин Эрдўғанга Туркиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари, нефт терминаллари ва сув омборларидаги акцияларни сотиб олишга рухсат беришни таклиф қилган. Россия томони, шунингдек, Туркиядан саноат компанияларининг эркин иқтисодий зоналардан ташқарида фаолият юритишига рухсат беришни ҳамда Туркиянинг бир қанча давлат банкларидан Россия банклари учун вакиллик ҳисоб рақамларини очишни сўраган. Агар Туркия ушбу таклифларга рози бўладиган бўлса, Россия санкцияларни айланиб ўтиши ва уруш сабабли иқтисодига келадиган зарарни камайтириш имконига эга бўлади.

 Табиийки, Туркия бунга Америка билан маслаҳатлашмай туриб рози бўлмайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here