Тоқаев: Бу давлат тўнтаришига уриниш
Хабар: Қозоғистон президенти Қасим -Жомарт Тоқаев 10 январда КХШТга аъзо давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари онлайн саммити доирасида сўзлаган нутқи пайтида мамлакатдаги воқеаларни “давлат тўнтаришига уриниш” сифатида баҳолади.
Тоқаев “давлат тўнтаришига уриниш” ортида қандай кучлар тургани тўғрисида гапирмади. У тартибсизликларда хориж фуқаролари иштирок этганини таъкидлаб, уларни “террорчилар” деб атади.
Қозоқ президенти тинч намойиш ўтказганларнинг талаблари инобатга олинганини, бажарилганини айтди. У тинч намойишчиларини тартибсизликларни уюштирганлар билан бир қаторга қўймаслик керак, деб билдирди.
Тоқаев КХШТ кучларини Қозоғистонга киритишга рози бўлгани учун Россия президенти Владимир Путинга алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Изоҳ: Тоқаев 2-январ куни бошлаган намойишларда “Казмунайгаз” ва “Казтрансгаз” компанияларини айблаб, газ нархини туширишга буйруқ бериб, ҳукуматни тарқатиб юборгани бўлса, 5-январ оқшомига келиб намойишчиларни “террорчилар” деб аташни бошлади ва бу орқали тинч намойишчиларга қарши қурол қўллаш ва намойишни шафқатсизларча бостиришга йўл очиб олди. Бундан ташқари, Тоқаев намойишчиларни “террорчиларга” чиқариб, Путин пойига бош урди. Тоқаевни КХШТ кучларини мамлакатга киритиш борасида қилган илтимоси расмий Москва томонидан зудлик билан қабул қилиниб, 6-январ тонгида рус ҳарбийлари қозоқ заминига кириб келди ва Мамлакатда “антитеррор” тадбирлари бошланди. Тоқаев Олмаотага яхши тайёргарликдан ўтган ва уюшган 20 минг “террорчи” ҳужум қилганини маълум қилди ва куч органларига “огоҳлантиришсиз отиш” тўғрисида буйруқ берди. Тоқаев намойишчиларни “хорижда тайёрланган террорчилар” деб аташи ортидан қозоқ куч органлари қўшни давлатлардан бориб Қозоғистонда тирикчилик қилаётган одамларга қарши “ов” бошлаб юборди. Қўлга олиниб қаттиқ қийноққа солинган шундайлардан бири қирғизистонлик таниқли мусиқачи Викром Рузахунов бўлиб чиқди.
Бугунга келиб эса намойишлардан “исломий радикаллар” изини излаш бошлаб юборилди. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 10-январ куни тарқатган хабарда, кучишлатар идора ходимлари махсус операция ўтказиб, 2та радикал исломчилар гуруҳи аъзоларини қўлга олгани айтилди. Хабарга кўра, уларнинг раҳбари халқаро террорчилик ташкилотларига алоқадор хорижлик эканлиги аниқлангани, қўлга олинганлардан ўқотар қуроллар, ёруғлик-шовқин гранаталар, ўқ-дорилар ва экстремистик адабиётлар топилгани ва жангарилар “Таблиғи Жамоат” радикал ислом ташкилоти аъзолари бўлган, деб тахмин қилинаётгани айтилди.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, Қозоғистонга ҳарбий жиҳатдан кириб келган Россия қозоқ ҳукумати ва минтақа давлатларидан Ислом ва мусулмонларга қарши курашни янада кучайтиришни талаб қилади. Тартибсизликларда қирғиз, ўзбек ва тожик фуқаролари қатнашганига урғу берилаётгани ҳам бежизга эмас. Россия бу орқали минтақа давлатларида “потенциал террорчилар” мавжуд эканлигини ва уларга қарши курашни кучайтиришни талаб қилмоқда. Қозоққа кириб келган Россия энди осонликча у ердан чиқиб кетмайди. Аксинча минтақада ҳарбий иштирокни янада кучайтириш учун яна бошқа қўшни давлатларда ҳам сунъий тўполонглар чиқариш йўлидан боради.
Абдураҳмон Одилов