ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Қирғизистонга келди
Хабар: Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Ҳакала Қирғизистонга келди. Бу ҳақда ЕИнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси хабар қилди.
Ҳакала икки кунлик сафари доирасида президент Садир Жапаров, Вазирлар маҳкамасининг биринчи ўринбосари Азиз Аалиев, ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев, Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Таалатбек Масадиков ва омбудсман Токон Мамитов билан учрашади.
Хабар қилинишича, учрашувда сиёсий мулоқот доирасида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик, Қирғизистондаги сиёсий жараёнлар, парламент сайловлари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, томонлар бўлажак фуқарорлик жамияти ва иқтисодий форуми, минтақа ва Афғонистондаги вазият бўйича масалаларга эътибор қаратилади.
Иккитомонлама учрашувлардан ташқари, Ҳакала ЕИга аъзо давлатларнинг дипломатик ҳамжамияти ва элчилари билан учрашади.
Изоҳ: Қирғизистонда Ғарб сақофати ва дунёраши кучайиб, ғарбга мойил сиёсий доира шаклланиб бормоқда. Ўтган йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейин содир бўлган навбатдаги давлат тўнтаришида ҳам ғарбпараст кучлар асосий рол ўйнашган эди. Аммо, Россиянинг бевосита аралашуви билан вазиятни ўз назоратида ушлаб қолишга эришди. Аммо, Жапаров ҳокимиятга келганидан кейин унга нисбатан қўллаган “совуқ” муносабати ва жорий йил апрел-май ойида содир бўлган қирғиз-тожик чегарасидаги навбатдаги қуролли тўқнашувда очиқчасига Тожикистонни қўллаши янги ҳукуматни ҳам Россияга бўлган “иҳлоси”ни сўндириб юборди. Шу сабабли ҳам қирғиз ҳукумати имкон пайдо бўлиши билан Россия таъсир доирасидан қочиб, Ғарбга яқинлашишга ҳаракат қилмоқда.
ЕИ ҳам имкон қадар Қирғизистонда сақофий мустамлака таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Терҳи Ҳакала каби Ғарб мулозимлари Қирғизистондаги ўз ҳазоратлари таъсирларини ва барча нодавлат ташкилотларни бир қатор тафтиш қилиб текшириб кўриш билан, ўзларига тобе қувватларнинг барчасини фаолиятларида янада рағбатлантириб қайтади. Чунки фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг деярли ҳаммаси Ғарб давлатлари томонидан моддий ва молиявий дастаклаб турилади.
Абдураҳмон Одилов