Канада малакали қочоқларни қабул қилмоқда
АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиш қарори ортидан Толибон ҳаракати деярли бутун мамлакат бошқарувини қўлга олди. Толибон бошқарувини ўзлари учун хатар деб билган фуқаролар эса мамлакатни тарк эта бошлади.
Хабарларга кўра, Канада ҳукумати олимлар, тадбиркорлар ва санъаткорлардан иборат малакали афғон қочоқларини самолёт билан Кобулдан Торонтога олиб кетишни бошлаган. Бу хабарни Канада фуқаролиги ва иммиграция вазири Марко Мелдиcино ҳам ўз баёнотида тасдиқлади.
“Канаданинг Афғонистондаги миссиясига ёрдам берган афғонларни дастаклашга сўз бердик. Малакали касб эгалари бўлган қочқинларни Канадага олиб келиш билан сўзимизнинг устидан чиқяпмиз. Қочқинларни хавфсиз равишда олиб чиқиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Келгуси кунлар ва ҳафталарда кўпроқ рейслар амалга оширилади”, деди Мелдиcино.
Изоҳ: Канаданинг бу ҳаракати Ғарб оламининг бир неча йиллардан бери юргизиб келаётган сиёсатидир, яъни бунга “фурсатдан фойдаланиб қолиш сиёсати” дейилади. Чунки капиталистик мабдага асосланган давлатлар ўз сиёсатини фақат ўзлари учун манфаат келтирадиган нарсалар асосига қуради.
Ғарб жамиятларида аҳоли сонидаги демографик камайиш туфайли ишчи кучларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани сир эмас. Бунинг устига аҳолининг катта қисмини кекса ёшдагилар ва нафақахўрлар ташкил қила бошлаган, шунинг учун ҳам уларда ёш ишбилармон ва малакали ишчи кучларга эҳтиёж катта. Шунга кўра Канаданинг Афғон қочқинларидан ёш, билимли, мутахассис ва қўлидан иш келадиган кишиларни танлаб олиб кетишидан кўзлаган мақсади ўз давлатининг саноат корхоналари ва инфраструктуралардаги бўш ўринларни турли касблардаги малакали ишчилар билан тўлғазишдан бошқа нарса эмас.
Қисқа қилиб айтганда Ғарб олами қочқинларга ачиниб, ҳамдард бўлиш учун ўз юртларидан жой ажратаётгани йўқ. Чунки, агар улар ҳақиқатдан ҳам қочқинларга раҳми келганидан шундай қилаётган бўлганида эди, энг аввало шу инсонларни қочқинга айлантирган босқинчи кучлар сафида туриб, Афғонистонга бостириб кирмаган ва аҳолисини қочқинга айлантирмаган бўлар эди.
Қиёмуддин Шариф