Матвиенко: Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқмоқда

635
0

Матвиенко: Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқмоқда

 Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиши кутилмоқда. Бу ҳақда айни пайтда Тошкентда бўлиб турган Россия федерацияси Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко маълум қилди.

 “Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгашига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда”, – деди Матвиенко Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашув чоғида.

 Матвиенконинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ аъзосига айланиши Россия билан алоқалар ривожига янги туртки беради ва бу орқали ҳозирда мавжуд баъзи тўсиқларнинг бартараф этилишига эришилади.

 Изоҳ: Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов Россия билан олиб борган муносабатларида масофа сақлаб, имкон қадар унинг таъсирини заифлаштиришга харакат қилиб келди. Ҳатто ўз ҳокимияти учун хавф деб билганидан сўнг 2012-йили КХШТдаги аъзолигини ҳам тўхтатиб қўйди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳар қандай ҳарбий блок ва иттифоқларга аъзо бўлмаслигини маълум қилди. Россия етакчилигида ташкил этилган ЕОИИга ҳам аъзо бўлишни истамади.

 Каримов вафотидан сўнг Путин қўллови ва розилиги ортидан ҳокимият тепасига келган Мирзиёев Путинни рози қилиш илинжида Ўзбекистон эшикларини Россия учун кенг очиб беришни бошлади. 1999-йилдан Ўзбекистонда “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонлаб келинаётган 9-май 2018 йилга келиб “Хотира ва қадрлаш куни ҳамда иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам”га айланди. “Ўлмас полк” акцияси Ўзбекистон пойтахти ва бошқа шаҳарларида бўлиб ўтди. “Георгий тасма”лари оммалаштирилди…

 …Валентина Матвиенко ташрифи арафасида Тошкентни босиб олишда ўлган рус босқинчи аскарларига хотирасига бундан 150 йил олдин қурилган бутхона 28 сентябр куни таъмирлана бошланди.

 Ҳа, “мустақиллик”ни даъво қилувчи бу давлат раҳбарлари ўз курсиларини сақлаб қолиш учун ҳар қандай ишга, ҳатто халқ эрки ва бойликларини қурбон қилишга ҳам тайёрлар. Мирзиёевдан талаб қилинадиган бўлса, у Ўзбекистонни яна қайта КХШТга олиб кириши, ЕОИИга аъзо бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here