Достонбек Жумабеков Шавкат Мирзиёев билан учрашди

415
0

Достонбек Жумабеков Шавкат Мирзиёев билан учрашди

 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабр куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабековни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

 Ўзбекистон раҳбари Достонбек Жумабековни самимий қутлар экан, Қирғизистон парламенти нуфузли делегациясининг мазкур ташрифи жорий йил Тошкент ва Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади.

 Томонларнинг амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий иродаси, турли даражадаги алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани қисқа муддатларда салмоқли натижаларга эришиш ва ўзаро муносабатларни аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини бергани алоҳида қайд этилди.

 Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 Олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар, жумладан, Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон республикаси Жогорку Кенеши ўртасида имзоланган Меморандумнинг амалий ижроси доирасида қўшма тадбирлар ўтказилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

 Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди.

 Қирғизистон Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here