АҚШ Мисрга ҳарбий техникалар “ҳадя” қилди

574
0

АҚШ Афғонистондаги урушда ишлатиб бўлган ҳарбий техникаларни “терроризмга қарши курашни қўллаб-қувватлаш учун” ҳарбий ёрдам сифатида Мисрга “ҳадя” қилди. Мазкур зирҳли ҳарбий техникаларнинг биринчи қисми куни кеча Искандарийя бандаргоҳига етиб келди. АҚШнинг Қоҳирадаги элчихонасидан чиқарилган ёзма баёнотда Америка Қўшма Штатлари Миср армиясини қўллаб қувватлаш учун юборган миналарга қарши зирҳли ҳарбий автомобиллар мамлакат шимолидаги бандаргоҳга етиб келганлиги алоҳида қайд этилди.

Баёнотда айтилишича, портловчи моддалар ва миналардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган бу махсус автомобиллар терроризмга қарши кураш ва ички барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида “эваз кутмаган ҳолда, текинга” Мисрга юборилган. Ҳарбий техникаларнинг аниқ сони ҳақида маълумот йўқ. Ҳозирда Искандарийя бандаргоҳига етиб келган 762 дона зирҳли анти-мина автомобиллар “ҳадя”нинг биринчи қисми эканлиги айтилмоқда.

АҚШнинг Қоҳира элчихонасидаги юқори мартабали вакилларидан бири Чарлес Ҳоопер ҳам ҳарбий техникаларнинг юборилишидан мақсад минтақада беқарорлик ҳукм сураётган бир вақтда Миср қўшинларини қўллаб қувватлаш эканлигини таъкидлади. Вакилга кўра, бу “ҳадя” икки давлат ўртасидаги мустаҳкам алоқаларнинг бир кўринишидир.

АҚШ ташқи ишлар вазирлиги тарафидан ҳар йили чиқариладиган ҳисоботда эълон қилинишича, Қўшма Штатлардан энг кўп ҳарбий ёрдам оладиган биринчи давлат Исроил бўлса, ундан кейинги ўринда Миср туради. 1979 йилда АҚШ назорати остида Исроил ва Миср ўртасида имзоланган Кэмп-Девид келишувидан сўнг Қўшма Штатлар Мисрга ҳар йили маълум миқдорда ҳарбий ёрдам юбориб туришни ўз зиммасига олган. Бу миқдор 1987 йилдан эътиборан 1,3 миллиард доллар қилиб белгиланган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here