Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Мисрда 2015 йил Март ойидан буён 840 киши бедарак йўқолганлиги ҳақида ҳисобот тақдим қилди. Ҳисоботга кўра, давлат сиёсатига қарши бўлган кишиларнинг жисмонан йўқ қилиниши ҳукуматнинг расмий хавфсизлик сиёсатига айланган. Баъзи инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг маълум қилишича, Межди Абдул Ғаффорнинг давлат ички ишлар вазирлигига тайинлангандан сўнг бундай ҳолатлар сезиларли даражада ортган.
Айни пайтда Мисрда инсон ҳуқуқлари ҳимояси вазифасини бажариб келаётган “Надеем” маркази соғлиқни сақлаш асосига кўра ёпиб қўйилган. Бу муассаса Мисрда кенг тарқалган қийноқ, одам ўлдириш ва қамоқдаги энг ёмон ҳолатлар бўйича муҳим маълумотларни ошкор қилган эди.
Мисрда фаолият юритиб келаётган бир неча фуқаролик жамиятлари ўтган йил давомида бир қанча одамларнинг бедарак ғойиб бўлишига ҳарбийлар ва разведка хизматининг қўли бор деб ҳисоблайди. Миср Ички ишлар вазири Абдул Ғаффар эса бу айбловларни рад этиб, “90 миллион аҳолига эга юртда 200 кишининг бедарак йўқолиши оддий ҳол”, дея баёнот берди.
Мисрда инсон ҳуқуқларининг топталиши бўйича баёнот берган Ҳьюман райтс вотч ташкилотининг раҳбари Жо Сторк “Одамларнинг бедарак йўқолиши борасидаги ҳолатларни ўрганиб чиқишда Миср давлат прокуратураси муваффақиятсизликка юз тутган. Сиси ҳукуматининг ўзбошимчалик билан қарорлар чиқаравериши эса ҳеч кимга сир эмас”, дейди.