Путин рус қўшинларини Суриядан ортга қайтишига буйруқ берди

417
0

Россия президенти Владимир Путин давлат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашуви пайтида рус қўшинларининг Суриядан чекинишига буйруқ берди. Қарорга кўра Суриядаги рус қўшинларининг асосий қисми 15 март сешанба кунидан бошлаб олиб чиқила бошлайди. Бироқ чекиниш муддати қанча вақтга чўзилиши ҳақида бирор маълумот берилмади.

Кремлнинг маълум қилишича, мазкур қарор Сурия президенти Башар Асаднинг розилиги билан амалга оширилмоқда. Путин шахсан ўзи Асадга чекиниш ҳақида айтганлигини билдирди. Путинга кўра, Россия қўшинлари Сурияда муҳим вазифаларини бажариб бўлган.

“Ўйлайманки, мудофаа вазирлиги ва қуролли кучларимиз муҳим вазифаларини бажариб бўлишди. Шунинг учун мудофаа вазирига ҳарбийларнинг асосий қисмини Суриядан олиб чиқишга буйруқ бердим. Аммо Ҳумаймим ва Тартусдаги икки рус базаси аввалгидек вазифаларини давом эттираверади”, деди Путин.

Шунингдек, Россия федерал кенгашининг таъкидлашича, рус кучларининг Суриядан олиб чиқилиши билан бирга Сурия ҳукумати учун зарур бўлган қурол-аслаҳалар, ҳарбий техникалар ва тажрибали ҳарбийлар етказиб бериш ўз йўлида давом этаверади. Бу ҳақида мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг раиси Виктор Узерев маълум қилди.

Ўз навбатида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Путинга рус қўшинлари Сурияда фаолия бошлагандан буён 400 шаҳар ва қишлоқларни “террорчи”ларнинг қўлидан озод қилганлигини маълум қилди. Шойгунинг билдиришича, Россиянинг ҳарбий самалётлари 2000 юк автомобилларидан ташқари 209та нефт корхоналарини яксон қилган.

Россия президентининг мазкур қарори Сурия масаласи бўйича Женевада музокаралар бошланган пайтга тўғри келмоқда. Путиннинг ўзи ҳам рус қўшинларининг Суриядан олиб чиқилиши Женевадаги сиёсий кучлар ўртасидаги музокараларга ижобий таъсир қилишига умид билдирди.

Россия раҳбари рус ҳаво кучларининг Суриядан чекиниши ҳақида АҚШ президенти Барак Обамага телефон орқали маълум қилди. Кремлдан чиққан баёнотда айтилишича, ҳар иккала президент ҳам Сурия инқирозини тинч йўл билан ҳал қилинишига тарафдор эканлигини билдиришган. АҚШ президентининг сўзчини Жон Эрнест эса Россиянинг бу қароридан кўзлаган мақсади нима эканлигини диққат билан ўрганиб чиқиш лозимлигига урғу берди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here